Маънавият ва маърифат дарси
Китоб замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга ташиётган ҳикмат кемасидир. Китобни бежиз офтобга қиёсламайдилар. Негаки, қуёш бутун оламни ўз нурлари билан ёритганидек, китоб ҳам илм ва маърифат зиёлари билан инсон қалбини мунаввар этади. Сабаби, жамики яхши фазилатлар инсон онгига китоблар орқали сингдирилади.
Энг муҳими, китоб кишининг қайғули кунларида, ёлғиз қолган дамларида, бахтли ва масрур онларида, яъни ҳар бир қадамида, ҳатто кундалик турмушида ҳам маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ ва энг яқин дўстдир. Буни улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубронинг қуйидаги сўзлари билан ҳам тасдиқлашимиз мумкин: «Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зеб-у зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир».
Биламизки, жамият тараққиётида ижтимоий барқарорлик, миллат маънавий саломатлиги, иқтисодий юксалишни таъминлаш устувор йўналишлардан ҳисобланади. Таассуфки, бугунги кунда аксар болаларимизнинг китоб ўқимай қўйганлиги ачинарли ҳолдир. Китоб билан диллашишдан йироқ ёшлар маънавий олами саёз, нутқида тарқоқликлар илдиз отган, кўнгилдаги кечинмаларда туйғуси йўқ бўлиб улғайиши мумкинлиги барчани бирдек ўйлашга мажбур қилмоғи зарур.
Бунда жамият билан бир қаторда, оилавий муҳитнинг роли ниҳоятда катта. Озарбайжонликларнинг «Китоби Дада Қўрқут» достонида онага айтилади: «Эй, она. Сен ҳадеб қизингга ундай қилма, бундай қил, бундай қилма, ундай қил деявермасдан, ўзинг ўша ишни қилгин. Қизинг кўрсагина сендан ўрганади. Акс ҳолда, насиҳатларинг бесамар кетаверади». Бундан келиб чиқадики, оилада ота-она китоб ўқиса, ана ўшанинг таъсиридагина ёш китобхон пайдо бўлади.
«Болага китоб совға қилиш керак» деган гапнинг замирида ҳам ҳикмат кўп. Шундай қилайликки, бола қувончини китобдан топсин, китоблар оилада ҳам болаларимизга билим берувчи, тарбияловчи кучга айлансин. Натижада уларни ўзи «ўч» бўлган «фойдасиз қизиқишлар»дан йироқлаштиришга эришамиз, китобдан маънавий озуқа олишни рисоладагидек йўлга қўя оламиз. Мутолаа орқали маънавий бойликка эга бўлган китобсевар боланинг дунёқарашида мукаммаллик сезилади. Шу билан бирга, кўнглида ёмонликларга ўрин қолмайди.
Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ, биринчи навбатда, ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда. Мутафаккирлардан бири «Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда…» деганида ҳам китобнинг енгилмас куч манбаи эканига ишора қилган бўлса, не ажаб.
Мамлакатимизда китоб ва китобхонликни ривожлантириш мақсадида. Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан эса 2020–2025-йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланган.
Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб ахборот-кутубхона марказлари илмий-маърифий ва бадиий адабиётларнинг электрон шаклларини, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти ҳамда жаҳон адабиёти намуналарининг аудио, видео вариантларини яратиб, мунтазам равишда интернет манбаларига жойлаштириб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ҳамюртларимизнинг китоб ўқиши ва мутолаа маданиятини ошириши учун мустаҳкам замин яратди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни янада оммалаштириш мақсадида қатор ибратли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, ички ишлар органларининг 26 минг нафардан ортиқ ходимлари шахсий кутубхоналарга эга. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд кутубхоналарда умумий китоблар фонди 850 мингга яқин. Уларнинг 550 мингдан зиёди бадиий, 38 мингдан зиёди публицистик, 47 мингдан ошиғи илмий-оммабоп, 133 мингга яқини ўқув, 56 мингга яқини маънавий-маърифий йўналишдаги адабиётлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 20-январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан ички ишлар органлари ходимларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонликни оммалаштириш орқали маънавий дунёқарашини юксалтириш мақсадида 2023-йилда туман (шаҳар) тармоқ ички ишлар органлари ҳамда саф бўлинмаларида кутубхоналар ташкил этилиб, шахсий таркиб сонидан келиб чиққан ҳолда (ҳар бир ходимга камида 10 та китоб), ахборот-кутубхона фондини шакллантириш белгиланган.
Мазкур қарорга асосан, 2023-йилнинг ўзида 139 та туман-шаҳар тармоқ ички ишлар органларида замонавий янги кутубхоналар ташкил этилиб, 180 мингга яқин адабиёт билан тўлдирилди. Ҳозирги кунда 68 та туман-шаҳар тармоқ ички ишлар органларида янги кутубхоналар ташкил этилиши бўйича қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Иивнинг 2021-йил 21-октабрдаги «Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи билан ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этиладиган 39 турдаги адабиётлар рўйхати тасдиқланиб, ходимларнинг китоб мутолааси бўйича қатъий сўровлар қўйилган, шунингдек, 2023-йилнинг ўзида яна қўшимча 10 турдаги адабиётлар рўйхатга киритилди. Унга асосан, ходимлар хизмат фаолияти давомида ўқиши керак бўлган 49 турдаги адабиётларнинг барчаси вазирлик кутубхоналарига сотиб олинган. Ушбу адабиётларни кенг тарғиб қилиш мақсадида ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтларида китобларнинг электрон ва аудио форматлари жойлаштириб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини шакллантириш, ходимларнинг ҳуқуқий ва маърифий билимларини ошириш давр талаби ҳисобланади. Зеро, китоб – беминнат устоз, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
