Янги Ўзбекистонда сўнгги олти йилда катта ютуқларга эришилди. Хусусан иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит, дебитор-кредитор масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, қўшниларимиз билан орамиздаги чорак асрлик «музлар эригани» каби салмоқли ютуқларимизни нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, улар албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйилиши зарур.
Шу маънода, Янгиланаётган Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқиб ҳаётий заруриятдир, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ўта аҳамиятлидир, адолатли жамият қуриш йўлида қилинаётган улкан қадамдир. Бу Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, лойиҳа юзасидан фуқароларнинг фикр ва таклифларини қабул қилиш, умумлаштириш ва уларга жавоб қайтариш механизмлари жорий қилинганлиги, «Менингконституциям.уз» электрон платформаси, қисқа рақамли cалл-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиниб, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси, унинг ягона манбаи ҳам, муаллифи ҳам халқ эканлигидан далолатдир.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда. Моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб белгиланмоқда. Унда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши қайд этилмоқда.
Амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланиб, Ўзбекистон «ижтимоий давлат» деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар
3 баравар оширилмоқда.
Аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман, мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.
Янгиланаётган Конституция лойиҳасида Сенатни ихчамлаштириш, сенаторлар сонини амалдаги 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш таклиф этилмоқда.
Конституцияда шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда. Ушбу қоида заррача айби йўқ шахсга нисбатан айбдор сифатида қараш каби сарқитлардан холи этишга қаратилган.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланмоқда. Давлат органлари ва мансабдор шахслар фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатиши алоҳида норма тарзида аниқ қайд этилмоқда.
Қонунлардаги ноаниқликлар ҳам бундан буён инсон фойдасига ҳал бўлади. Давлат ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликлар, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принсипига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилмаслиги ёки бошқа давлатларга берилмаслиги белгиланмоқда. Бу эса фуқароларимизни доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда. Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишга хизмат қилади.
Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Бош қомусда давлатнинг Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилмоқда. Ушбу норма журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда мамлакатимизда ахборот эркинлигининг янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга, кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга ва сўз эркинлигини таъминлашга эришилади.
«Инсон қадри учун» тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шарт. Шу боис, Конституция лойиҳасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, бир сўз билан айтганда, бу лойиҳа том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлигидан, яъни
унинг манбайи ҳам, муаллифи ҳам халқ эканлигидан далолатдир.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,
ЖХУ профессори, юридик фанлари доктори.
Анваржон МИРКАМИЛОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи.
