Коррупсия ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир. У демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, жиноятчиликнинг кўпайишига шароит яратиб беради. Коррупсия оқибатида миллий иқтисодиёт издан чиқади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, аҳоли ўртасида норозиликлар келиб чиқади.
Бундай жиноятларнинг кўплаб содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, сиёсий бошқарувни издан чиқариши ҳамда фуқароларнинг давлат тизими ва сиёсий тизимларга нисбатан ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин. Шу маънода, коррупсияни давлатга, жамиятга ва халққа қарши жиноят сифатида таърифлаш мақсадга мувофиқдир.
Юқорида қайд этилганидек, коррупсия тараққиёт учун жиддий ғов ва афсуски, бу иллат тобора кучайиб бормоқда. Агар коррупсия 2005-йилда дунё иқтисодиётига 80 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар етказган бўлса, бу кўрсаткич 2019-йилда
2,6 триллион АҚШ долларига етган. Албатта, мазкур ҳолат коррупсиянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишда янада изчил ва собитқадам бўлишни тақозо этади.
Мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Бмтнинг Коррупсияга қарши конвенсиясини ратификация қилган. Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупсияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасига қўшилган.
2017-йил 3-январда «Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Коррупсияга қарши курашишнинг асосий принсиплари, бу борадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари мустаҳкамланган ушбу қонун бугунги кунда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупсияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Коррупсияга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида 2020-йил 29-июнда «Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга асосан, Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентлик айни пайтда ўз ваколатлари доирасида коррупсиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан шуғулланиб келмоқда.
Жорий йил 27-ноябрда давлатимиз раҳбарининг «Коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 9 та устувор йўналиш, 30 та муҳим чора-тадбирлардан иборат Коррупсияга қарши курашиш бўйича 2023–2024-йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Унда коррупсияга қарши курашишнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, коррупсияга оид хабарлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, давлат харидларида товар (иш ва хизматлар)нинг нархларини назорат қилиш механизмларини яратиш, Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида «Коррупсиясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш, соҳа бўйича миллий экспертлар жамоасини босқичма-босқич шакллантириш, Коррупсияга қарши курашиш бўйича 2030-йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш каби бир қатор муҳим мақсадлар белгиланган.
Ҳозирги кунда коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида коррупсияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, мамлакат парламенти – Олий Мажлиснинг иккала палатасида ҳам Коррупсияга қарши курашиш қўмиталари ташкил этилган.
Ички ишлар вазирлиги мамлакатимиздаги коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларидан биридир. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида «Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ:
– коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
– коррупсия билан боғлиқ жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолиятини, терговга қадар текширувни, суриштирувни ва дастлабки терговни амалга оширади;
– коррупсиянинг ҳолати ва коррупсияга қарши курашиш натижалари тўғрисидаги ахборотни йиғади ҳамда таҳлил қилади, тегишли давлат органларига зарур ахборотни тақдим этади;
– жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупсия фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради;
– аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир фаолиятда иштирок этади;
– коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олди олинишини, аниқланишини ва уларга чек қўйилишини таъминлашга, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади ва ҳ.к.
Очиқлик ва ошкоралик ички ишлар органлари фаолиятида коррупсиянинг олдини олишда муҳим тамойил ҳисобланади. Шу боис, бошқа давлат органларида бўлгани каби, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида электрон ахборот тизими жорий этилиб, кадрлар танлашнинг очиқ тизими яратилган. Қолаверса, қонун ҳужжатларига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар ички ишлар органлари фаолияти тўғрисида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ишончли ахборотни белгиланган тартибда олиш имконига эга.
Коррупсияга қарши курашиш – мамлакат келажаги билан бевосита боғлиқ масала. Шундай экан, бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилмоғи зарур. Ана шундагина кўзланган мақсадга
эришилади.
Камол ОЛЛОЁРОВ тайёрлади.
