«Буюк сакраш»
«Менда иккита йўл бор эди: биринчиси – ўғирлаш ҳамда дўстларим ва қариндошларимни «Форбес» рўйхатига киритиш, бу билан халқимни қуп-қуруқ ер устида қолдириш, иккинчиси – халқимга хизмат қилиш ва мамлакатни дунёнинг энг яхши мамлакатлари ўнталигига киритиш. Мен иккинчисини танладим». Бу сўзлар ғоят қийин ва мураккаб шароитда Малайзия таркибидан ажралиб чиққан Сингапурни қисқа вақт ичида жаҳоннинг иқтисоди бақувват, коррупсиядан холи, бугун ҳам ривожланишдан тўхтамаётган мамлакатга айлантирган, барча халқаро рейтингларда биринчиликни сақлаб келаётган ушбу мамлакатга узоқ йиллар бошчилик қилган машҳур давлат арбоби Ли Куан Юнинг қимматли сўзларидан бир парча, холос.
Хўш, коррупсияни енгиш мумкинми?
Кўпчилик дунёда коррупсия балосини енгиш анча душвор иш, унинг илдизлари шу даражада томир отганки, уни таг-туби билан суғуриш қийин, дейишади. Бироқ сингапурлик давлат арбобининг коррупсияни енгиб, «янчиб» ўз юртида чинакам «мўжиза», фаровонлик сари «буюк сакраш»ни амалга оширгани юқоридаги савол ва иккиланишга муносиб жавоб бўлиши мумкин.
Ушбу давлат аллақачон шиддат билан ривожланган мамлакатлар рўйхатидан жой олишга улгурди. Энди у ўзининг йирик бизнес марказлари, банкларига, осмонўпар биноларига, чиройли йўллар, энг яхши таълим ва ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга. «Сингапур тажрибаси» ёки «Сингапур сифати» деган атама пайдо бўлган.
Сингапур қандай қилиб қисқа вақт ичида бундай натижаларга эришди? 1950-йилларда Сингапурда пора очиқ тарзда олинган ва ҳатто бу иллат маҳаллий ҳокимиятларда анъанага ҳам айланиб улгурганди.
Тўғри, мамлакатни модернизация қилишда устувор йўналишлар: инвестиция ва инновацияларни ривожлантириш, ижтимоий модернизация, сиёсий барқарорлик муҳим омил бўлди. Бироқ мамлакат тараққиётининг энг муҳим омили сифатида коррупсияга қарши курашиш устуворлик касб этди. Ҳукумат раҳбари шахсий алоқаларидан қатъи назар, коррупсияни йўқ қилишни асосий вазифа қилиб белгилади. Шу вақтдан бошлаб мамлакатда коррупсияга қарши курашиш бўйича махсус бюро тузилиб, у Бош вазирга шахсан ҳисобот берадиган бўлди. Мазкур Бюро ходимларига кенг ваколатлар билан бирга, коррупсияда гумон қилинганларни қидириш, ҳибсга олиш, уларнинг қариндошлари ва кафилларини тергов қилиш, коррупсия ишини юритиш жараёнида аниқланган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларни текшириш топшириғини берди. Ҳаттоки Ли Куан Ю коррупсия билан қўлга тушган қариндошларини ҳам аёвсиз жазолади. Шунингдек, ҳукумат раҳбари судя ва давлат хизматчиларининг маошларини оширди. Масъулиятли лавозимларда ишлайдиган давлат хизматчиларининг иш ҳақи хусусий корпорацияларнинг топ-менежерлари билан таққосланадиган даражага кўтарилди.
Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупсия даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг ахлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам мазкур давлатда коррупсияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, дунё олимлари ва сиёсатчилари давлат арбоби Ли Куан Ю қатъият ва ишонч билан ўтказган ислоҳотларни бежиз «инқилобий» деб аташмаган.
Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон қадри учун
Коррупсияга қарши курашиш мамлакатимизда ҳам давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган консептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупсиянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Фикримизнинг исботи ўлароқ, коррупсияга қарши кураш борасидаги қонуннинг кучга киргани, шунингдек, турли қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганини келтириш мумкин. Шунингдек, қонун билан коррупсияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари,
оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Мамлакатимизда коррупсияга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Бундан ташқари, буджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, буджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва буджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш бўйича «Опенбудгет» – «Очиқ буджет» портали ишга туширилди. Бир сўз билан айтганда, ислоҳот ислоҳот учун эмас «инсон қадри учун» тамойилига асосланиб амалга оширилмоқда.
Ҳалоллик – инсонийлик белгиси
Азалдан халқимиз ҳалоллик, поклик каби фазилатларга алоҳида эътибор бериб, бу хислатларга инсон умрининг хотиржам, осойишта ва фаровон ўтишига кафолат сифатида қараб келган. Шу билан бирга, бундай юксак инсоний фазилатлар кишилар маънавиятини шакллантиришда асосий омил, дея эътироф этилган.
Ҳалоллик ҳақида кўп ва хўп гапирамиз-у, аммо унга амал қилиш осон эмас. Ҳалолликни шиор қилган инсон бундай фазилат билан ҳамиша фахрланади. Бироқ айримлар эгри ва нопок йўлни танлаб, боши берк кўчага кириб қолганликларини кеч англашади. Бунга, албатта, нафс балоси сабабчи бўлади. Ўз манфаатини ўзгалар манфаатидан устун қўйиш, эҳтиёжга эрк бериш эса нафсни рағбатлантиради. Бундай ҳолатда нафсни жиловлаб бўлмайди. Улуғ аллома Носир Хисрав айтганларидек:
Ғаввос тама қилиб марварид,
маржон,
Охир фидо қилур унга ширин жон.
Дарҳақиқат, ҳалоллик инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали у бошқаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Қалби пок ва тоза, ҳалол йўлдан юрган инсоннинг ҳамиша кўнгли равшан, хотиржам бўлади.
Кейинги пайтларда ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, шахсий таркиб ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишлар сифат жиҳатдан янги поғоналарга кўтарилди, ходимларнинг билим савиясини янада юксалтириш, ҳалол, садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳалолликни шиор қилган ходимлар кўплаб учрамоқда. Ходимлар фуқаролар томонидан таклиф этилаётган пораларни олмасдан, унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида қайта-қайта тушунтиришмоқда, ўз фикридан қайтмаган тақдирда, ўрнатилган тартибда ваколатли органга мурожаат қилишмоқда.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, ўтган йил давомида республика бўйича жами 2965 та жиноят иши бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 110 нафари республика, 264 нафари вилоят ва 2742 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 12 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 млрд. сўми ундирилган.
Рейтингда
яна юқориладик
Ўзбекистон «Опен Дата Wатч» ташкилотининг «Опен Дата Инвенторй» (ОДИН) Очиқ маълумотлар рейтингида 66 балл йиғиб, жаҳон бўйича 40-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.
Мазкур рейтинг мамлакатнинг статистик таклифлари қанчалик тўлиқлигини ва улардаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартига мос келишини баҳолайди. Унинг 2022-йилги натижаларида биринчи ўринни Сингапур эгаллаган. Кейинги поғоналарни эса Дания, Финландия банд этган. Минтақа мамлакатлари ҳисобланган, Қозоғистон 48, Қирғизистон 89, Тожикистон 120, Туркманистон 192-ўринларда қайд этилган.
Хулоса ўрнида
Инсон ҳар бир ишда ҳалолликни устувор билса, эришилаётган ютуқ ва муваффақият ҳам баракали ва файзли бўлади. Шунингдек, кўзи тўқ, ҳалол ва пок, кишиларга эзгулик улашувчи инсоннинг умри осойишталикда, фаровонликда ўтиб, эл-юрт орасида обрў-эътибор қозонади. Энг муҳими, юртда тинчлик, жамиятда барқарорлик ҳукм суради. Шундай экан, коррупсияга қарши муросасиз курашиш адолатли жамият барпо этишдек улуғвор мақсадга эришишимизда муҳим ўрин тутишини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
маёр.
