Маънавият ва маърифат дарси

Коррупсия – жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган жирканч иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Хуллас, коррупсия бор жойда ривожланиш бўлмайди.

Ўз ваколатини суиистеъмол қилиш турлича бўлгани каби, коррупсия ҳам турли кўри­нишда юзага келади. Унга фақат пора олиш ёки бериш эмас, балки хизмат вақтида товламачилик, фирибгарлик, мулкни ўзлаштириш, совға олиш ва бериш, қариндошчилик, маҳаллийчилик, лоббизм фаолиятлари ҳам киради.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ички назорат – бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи ту­зилмалар яратишни тақозо этади. Хусусан, Президентимизнинг 2020-йил 29-июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан 2020–2021-йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупсияга қарши ички назорат тизими (комплаенс-назорат)ни босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилди. Шунингдек, коррупсия ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминотни яратиш қайд этилди.

Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупсияга қарши курашиш комплаенс-назорат тизимини ташкил этиш ҳисобланади.

2019-йилги маълумотга кўра, бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда коррупсияга қарши ички назорат тизими жорий этилган.

Коррупсияга қарши комплаенс- назорат – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупсия хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак, Сингапур, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби ривожланган мамлакатларда «Давлат хизмати тўғрисида»ги, «Давлат хизматида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлар ҳамда давлат хизматчилари, ман­сабдор шахс­лар, шунингдек, судяларнинг хатти-ҳаракат меъёрларини тартибга солувчи Ахлоқ кодекслари мавжуд эканлигини кўришимиз мумкин.

Илғор хорижий давлатларнинг коррупсияга қарши самарали кураш олиб бориш жараёнида қўллаётган усулларидан яна бири – давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги харажатларини декларация қилишнинг мажбурий этиб белгиланганлигидир. Бундан кўзланган асосий мақсад мансабдор шахсларнинг ноқонуний даромад олишига йўл қўймаслик ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдан иборат.

Масалан, Дания ҳукумати вакилларини ҳар йили ўз мол-мулки ва шахсий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни нашр этишга, хорижий компанияларда аксияларга эга бўлишни тақиқлашга мажбур қилади. Бу бошқарув фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини, коррупсион ҳолатлар­нинг олдини олишга ёрдам беради.

Мамлакатимизда ҳам коррупсияга қарши курашиш ҳамда мазкур турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақ­садида ички назорат тизимини йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилди. Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директорининг «Коррупсияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи 2021-йил 8-сентабр куни давлат рўйхатидан ўтказилди. Низом билан Коррупсияга қарши ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига (кузатув кенгашига) бўйсуниши белгиланди.

Коррупсиянинг олдини олишда ривожланган мамлакатларда давлат хизматчилари юқори даражадаги ижтимоий муҳофазага эгалиги ҳам муҳим омил ҳи­собланади. Давлат хизматчилари бепул тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқига эга бўлиб, ижтимоий кафолатларга таянишлари мумкин. Бу эса коррупсион ҳаракатлар эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.

Коррупсияга қарши ички назорат тузилмаси раҳбарлари тегишли ташкилот томонидан Коррупсияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Мазкур тузилмалар раҳбарлари Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг розилигисиз лавозимдан озод этилишига йўл қўйилмайди ва тузилмалар мустақиллиги таъминланади.

Тузилма ходимлари ташкилотнинг коррупсияга қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича иш олиб боради. Ташкилотда коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ҳамда мазкур иллатга қарши курашиш тизими самарали ишлашини таъминлаш ва назорат қилишни йўлга қўяди. Коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга оширади.

 

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун низомда Коррупсияга қарши назорат тузилмасига қатор ҳуқуқлар бериш билан бирга, мажбуриятлар ҳам юкланган. Хусусан, назорат тузилмаси ходимлари текширув­лар ўтказиши, ҳужжатларни талаб қилиши, ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиши мумкин. Ташкилот тизимида жиноят аломатлари, хусусан, коррупсия ҳолатлари аниқланган ҳолларда, зудлик билан тўғридан тўғри юқори турувчи орган, Агентлик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Бу эса, ўз навбатида, коррупсиявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, бу турдаги хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини сўзсиз таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, дунё афкор оммаси, бу иллатга беэътибор бўлмаган қатлам томонидан коррупсияни енгишнинг турли ечимлари таклиф қилинади. Баъзилар, аввало, тизимни рақамлаштириш зарурлигини айца, бошқалар ишчилар маошини кўтариш, жазони кучайтириш ва коррупсия ҳолатларини аниқлаш бўйича алоҳида текширувларни амалга ошириш кераклигини таъкидлайди. Лекин бир ҳақиқатни ёддан чиқармаслигимиз лозим. Одамлар дунёқарашини ўзгартирмай, фуқароларда коррупсияга қарши иммунитетни шакллантирмай ва давлат хизмати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатмай туриб, бу борада ижобий натижага эришиш жуда қийин.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Постда» мухбири.