Маънавият ва маърифат дарси

Тарихи бир неча минг йилликка бориб тақаладиган коррупсия жуда кўп давлатларнинг катта муаммоси бўлган. Унга қарши турли йўллар билан курашилган ва ҳозир ҳам бу давом этяпти. Мамлакатимизда ҳам бу иллат илдизини йўқотиш, унга қарши курашиш доирасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Коррупсиясиз соҳада адолат ва ривожланиш бўлади. Шу боис иллатни йўқотиш, камайтириш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Коррупсия билан боғлиқ жиноятлар Оавда эълон қилиняпти. Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг маълумотига кўра, судлар томонидан 2020 йил давомида коррупсия билан боғлиқ жами 2270 нафар шахсга нисбатан 1502 та жиноят иши кўриб чиқилган.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ҳам коррупсияга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, бу иллатни йўқотиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимда коррупсияга қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш устувор вазифага айланган. Ҳалолликни шиор қилган кўплаб ходимлар коррупсион ҳолатлар, пора бермоқчи бўлаётган шахслар ҳақида хабар бериб, касбига содиқлигини амалда намоён этишяпти.

Амалга оширилган бу каби ишлар натижасида Ўзбекистон Респуб­ликаси «Транспаренcй Интернатионал» халқаро ташкилотининг рейтингида ўз ўрнини 7 поғонага яхшилаб, 2020 йил 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллади. Бу хурсанд бўлишга арзийдиган натижами? Афсус­ки, бунга «Ҳа» деб жавоб бериш мушкул.

Ҳали-ҳануз жамиятимизда бу иллат энг катта муаммолигича қолмоқда. Уни ҳамма соҳада учратяпмиз. Энг ёмони, кимгадир пул бериб ишини битиришни «Ҳа, энди ўзбекчилик-да», деб оқлайдиганлар кўпаймоқда.

Кичкина бир детал ёки мурват ишламаса бутун бошли катта машина яхши юрмайди ёки ишламайди. Ана шу арзимасдек туюлган кичик носозлик бора-бора бошқа деталларни ҳам ишдан чиқаради. Худди шундай, танасининг бир жойида дарди бор одам вақтида даволанмаса, дард кучайиб бошқа аъзоларни ҳам зарарлайди. Коррупсия ҳам худди шундай. Жамиятда бу иллат бор экан, вақтида унинг илдизи қирқилмаса, қарши курашилмаса, у барқ уриб ривожланаверади. Оқибатда давлат таназзул ботқоғига ботиб бораверади.

Хўш, унга қарши қандай курашиш керак? Яна қандай чоралар кўриш лозим?

Бу борада зиёлилар, ҳуқуқшунослар, уламолар фикрига қулоқ тутадиган бўлсак, муаммонинг ечимини топгандек бўламиз. Баъзилари қонунни қатъийлаштириб, жазони кучайтириш керак, деса, айримлари унга қарши курашни оиладаги тарбиядан бошлаш лозим, ҳалол-ҳаромнинг фарқини болаликдан уларнинг онгига сингдириш зарур, дея таъкидлашади. 

Аксарият мутахассислар эса бу иллатни йўқотиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси бўлиб қолмай, унга қарши бутун жамият курашмоғи шарт, деган фикрни илгари суради.

Муқаддас динимизда ҳам порахўрлик, тамагирликнинг ҳаромлиги, унинг салбий оқибатлари тўғрисида кўп гапирилган. Хусусан, Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаганлар. Яъни, пора шундай улкан гуноҳки, у билан муомала қилувчилар лаънатланган.

Нега биз бу иллатдан қутула олмаяпмиз? Чунки аксарият одамлар ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормай қолишган. Раҳматли бобом бизларга бир гапни кўп такрорларди: «Рўзғорингга ҳаромни аралаштирма, болаларингга ҳаром луқма едирма». Афсуски, бугун бу гап кўп оилаларда унутилгандек. Илгари эрталаб кўчага чиқиб кетаётган соҳибини аёли «очдан ўлсак ҳам, уйга ҳаром нарса олиб келманг», дея кузатган бўлса, бугун аксарият оилаларда уй бекалари «нима қилиб бўлса-да, пул топиб келинг. Қандай топасиз, менга фарқи йўқ», дея жуфти ҳалолини ишга кузатмоқда. Кам ойликка ишлайдиган эр хотинига машина совға қиляпти, бирор жойда тузукроқ ишламай, данғиллама уйлар қурмоқда, фарзандига қимматбаҳо телефон олиб беряпти. Лекин бирор марта машина ниманинг ҳисобига олингани, уй қандай йўллар билан қурилаётгани ҳақида сўраб кўришмаяпти. Нафсиламрини айтганда, одамларда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси камайиб кетмоқда.

Бундай ҳолатда коррупсияга қарши қонунларни кучайтириш билан бирга, унинг қандай оғир гуноҳлигини, салбий оқибатларини тушунтиришимиз керак. Аслида ҳаром ейишдан, Яратганнинг ғазабидан қўрққан инсон наинки бировнинг ҳаққига кўз олайтирмайди, тамагирлик қилмайди, балки бошқа ёмон ишлардан ҳам қайтади.

Дунёда қандай ёмон касаллик борки, коррупсия шулардан ортиқ бўлса, ортиқки, асло кам эмас. Бу ҳам эпидемия. У жуда юқумлидир. Пул бермаса, иш битмайди, деган фикр одамлар қон-қонига шунчалик сингиб кетганки, буни оддий ҳолдек қабул қилишади. Бу иллатнинг қанчалик ҳаётимизга чуқур кириб борганини кунда-кунора ишлатадиган нақл ва мақоларимиздан ҳам англасак бўлади: «Сиздан угина, биздан бугина», «Ё заринг бўлсин, ё зўринг», «Бор товоғим, кел товоғим...», «Ўнта сиз-биздан битта жиз-биз яхши», «Мушук текинга офтобга чиқмайди» ва ҳоказо.

Коррупсияга қарши курашнинг жуда оддий формуласи бор. Буни кўпгина ривожланган давлатлар ўз жамиятига жорий этиб, яхши натижага эришиб келмоқда. Яъни, мамлакатда қонунлар ва жавобгарлик ҳаммага тенг бўлиши. Ҳеч ким – амалдор ҳам, ишчи ҳам жазодан қочиб кетолмаса, порахўрлик учун қонунда кўрсатилган жазони олса, муаммо ўз-ўзидан барҳам топади. Йиллар давомида азият чекиб келаётган иллатни йўқотишга эришамиз.


КОРРУПСИЯ ВА ФАКТ...

– Жанубий Кореяда давлат хизматида учраётган коррупсия ҳолати ҳақида хабар берган киши зарар миқдорига қараб, бир миллион 700 минг долларгача мукофотланади.

– Хитойда давлат хизматида ишлайдиган амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари тез-тез қамоқхоналарга сайёҳат қилишар экан. Бундан кўзланган мақсад агар порахўрликка қўл урса, ўзларини ҳам шундай жазо кутишини англаб етиш бўлган.

– Геродот шундай ёзади: форс шоҳи Камбис қонунга мувофиқ ишламаган, адолатли ҳукм чиқармаган судянинг терисини шилиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Муҳим жиҳати, ўша шилинган тери ундан кейин шу лавозимга ўтирадиган судянинг креслосига қопланган.

– Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили пора олди-бердисида ўртача 1 триллион АҚШ долларидан ошиқроқ миқдордаги маблағ айланади.

Социология фанлари доктори Баҳром Фарфиевнинг фикрича, коррупсия билан курашда қонунчилик омилининг ролини ошириш, хусусан, мансабдорлар ва уларнинг оила аъзолари учун даромадларни декларация қилиш мажбуриятини амалиётга татбиқ этишнинг айни вақтидир. 

Шунингдек, бу жирканч иллатни йўқотишда оиладаги муҳитга катта эътибор бериш, тарбияни кучайтириш ҳам яхши самара беради.

Коррупсиясиз жамиятни яратишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукуматни кенг жорий этиш, инсон омилини камайтириш ҳам яхши самара бериши синалган усуллардан биридир. 

Коррупсия даражаси энг паст бўлган Сингапур, Финляндия, Жанубий Корея шу даражага халқ руҳиятини сақлаб қолиш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали эришган. Ҳамма учун бир хилда ишлайдиган қонунларни жорий этиш, одамларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, бирор манфаациз жамоатчилик назоратини яратиш туфайли шу мақомга сазовор бўлган. Биз ҳам шу нурли йўлдан юришга муносиб халқмиз. Наҳот, улар қилган ишни биз қилолмасак?!

Хуллас, тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлмоғи зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этамиз, коррупсиясиз соҳа, коррупсиясиз жамиятни яратамиз.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Постда» мухбири.