Жонажон диёримизда маҳаллалар жуда кўп бўлиб, уларнинг ўзига хос номлари бизга тарихдан сўзлайди. Чунки уларда халқимизнинг узоқ ва шонли тарихи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаёти, маданий мероси акс этади. Шарққа хос маданиятни ўзида жамлаган маҳаллаларимиз нуфузини оши­риш, маҳалла орқали юртимиз ривожи учун хизмат қилиш энг олий бурч­ларимиздан биридир. Президентимиз ўз нутқларида «Биз фаолиятимизнинг биринчи кунларидан ҳамма ишни маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилиб келяпмиз. Бу тизимни босқичма-босқич ривожлантирдик. Энди яна қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар – давлатимизнинг энг катта замини» деб таъкидлаганлари ҳам бежиз эмас. 

Кейинги йилларда ўзини ўзи бош­қаришнинг ноёб тизимини чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, маҳаллаларда маънавий-маърифий ислоҳотлар билан бир қаторда, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, ишсизларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳалла институти мақоми мустаҳкамланди. Барча соҳа ва йўналишлар бўйича «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий қилиниб, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили амалиётга татбиқ этилди. Охирги етти йилда тизимни такомиллаштиришга доир юзга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара беряпти. Жумладан, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиб бормоқда. Бу эса янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилиши орқали оилалар фаровонлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2023-йил 21-декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан оши­риш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазкур тузилманинг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатлар асосида республика, вилоят, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди.

Ҳар бир фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги шакллантирилиб, аниқ вазифалари, биргаликда қиладиган ишлари белгилаб берилди. Барча маҳаллаларда «маҳалла буджети» тизими йўлга қўйилди. Энг муҳими, маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколатлари кучайтирилди. Эндиликда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидия ажратиш «маҳалла еттилиги»нинг биргаликдаги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Маҳалла, аввало, маънавият, тарбия бешиги. Бугунги янгиланишлар жараёнида унинг ушбу тарихий хусусиятини асл ҳолича сақлаш ва бойитиш ҳам эътиборда. Бу йўналишда «маҳалла – мактаб» консепсияси асосида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот ишлари юритиляпти. «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси фаол ишламоқда. Тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» лойиҳаси амалга ошириляпти.

Бугунги кунда маҳаллага мурожаат қилиш орқали кўпгина масалаларга ижобий ечим топиляпти. Айниқса, кундалик ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган, ҳаёт кечириш учун зарур бўлган йўл, сув, электр энергияси, газ ва бошқа масалалар бўйича маҳаллалар тизимли иш олиб бормоқда.

Шу билан бирга, барча раҳбарлар маҳаллаларга бориб, ўз соҳаси бўйича аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиши ва уни жойида ҳал этиши ҳам йўлга қўйилди. 2024-йилнинг 1-чораги давомида 3768 та сайёр қабул ўтказилиб, 59 мингдан ортиқ масалалар ижобий ҳал этилган. 

Маҳалла раислари ва «еттилик» вакиллари эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилавий шароити оғир хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мунтазам равишда хонадонбай ўрганмоқда ва аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш чоралари кўриляпти. 

Маҳаллаларда ижтимоий дафтарлар юритиш орқали аҳоли муаммоларини ҳал қилиш борасидаги ишлар ҳам камбағалликни бартараф этиш, оилаларнинг даромадини оширишда самара бермоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда 9 минг 452 та маҳалла фаолият юритмоқда. Уларнинг кўп­чилигида маҳалла тарихи акс этган бурчаклар ташкил қилинган. 2020-йилдан буён юртимизда 22-март Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонланади.

Президентимизнинг 2022-йил 18-мартдаги «2022–2026-йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси натижасида ўтган йили 1 минг 297 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда минглаб километр электр ва газ тармоқлари модернизация қилинди. Жойларда янги бозорлар ва бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростлади. Кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, суғориш тизимлари яхшиланди. Бу имкониятлар чекка қишлоқларда ҳам шаҳардан кам бўлмаган шароит яратиш­га, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Маҳаллалар ободлигини таъминлашда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг ўрнини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу борадаги ишлар туфайли ҳудудларда боғ-роғлар, яшил ҳудудлар кенгаймоқда. Аҳоли яшаш манзиллари кундан-кун чирой очиб, гўзалликка бурканяпти. 

Маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги бундай ишлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга замин яратмоқда. «Маҳаллабай» тизими жорий этилган охирги икки йилда маҳаллаларда 176 мингта юридик ва 194 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан қарийб 900 мингта лойиҳага 20 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 92 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 380 мингта иш ўрни яратилди. Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча одамлар, оилалар тақдири ётибди. Ана шу ишлар натижасида боқимандалик кайфияти камайиб, тадбиркорлик муҳити яратиш завқи кучайиб боряпти. Шу ўринда маҳалла еттилиги таркибида бўлган профилактика инспекторлари фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли бўлади. Сабаби, улар кеча-ю кундуз олиб бораётган ўз хизматлари давомида маҳаллалар осойишталигини таъминлаб, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиб келмоқда. Бунинг натижасида жуда кўп маҳаллаларимиз том маънода жиноятчиликдан холи ҳудудга айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, халқ муаммоларини дастлабки босқич­даёқ ечиш имконияти ошиб, фуқаролар сарсонгарчиликларига барҳам берилади. 

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда тайёрланди.