Маънавият ва маърифат дарси
Бутунжаҳон зиё ва маърифат аҳли ўз асарларида инсонларни маънавият ва маърифатга чорлаб келади. Чунки қайсики жамиятда билимли, зиёли, маърифатли ва маънавиятли кишилар қанча кўп бўлса, ўша юрт тараққиёт сари дадил одим ташлайверади.
Қадим манбаларга мурожаат қилсак, «Қутадғу билиг»нинг насрий баёнида шундай мисолга дуч келамиз.
«Кунтуғди Элиг Ўгдулмишдан сўради:
– Киши онасидан доно бўлиб туғиладими ёки муайян бир ёшга етганидан сўнг заковатли бўладими?
Ўгдулмиш унга жавоб айтди:
– Эй Элиг! Бу санъатнинг номи – билим ва уқувдир. Одамзод онасидан билимсиз туғилади. Аммо у билиб, ўрганиб тўрга чиқади. Уқув ва зеҳн эса киши табиатида бўлади. Билим – кўп ўқиш ва ўрганиш маҳсулидир. Уқув-идрок киши миясига жо этилган. Бошнинг азизлиги шундан.
Болам туцин десанг донолик йўлин,
Кичикликдан тегиз билимга қўлин.
Агар бола кичикликдан билим ўрганса, унинг идроки ҳам яхши бўлади. Заковати ортади. Уқув-идрок киши учун кишандай гап. У ёмон ва ярамас ишларга йўлатмайди. Уқувли тирикдир, уқувсиз – ўлик. Киши уйга, оддий эмас, қоронғу уйга ўхшайди. Уқув-идрок эса машъал каби унга нур сочади. Тугун тутган ҳар бир иш у туфайли ечилади».
Маънавий юксак киши бўлиш учун қадим боболаримиз айтганидек, инсон, аввало, мунтазам ўқиб-ўрганиши, ота-онасидан тарбия олиши, кексалар ўгитларини тинглаши, ёши катталарнинг панд-насиҳатларига амал қилиши лозим. Шунингдек, буюк мутафаккирларимизнинг яхшилик, олижаноблик, меҳмондўстлик, поклик, ҳиммат, шижоат, мардлик, ғайрат, саховат, ҳаё, вафо, қаноат ҳамда ёмонлик, мунофиқлик, хиёнат, ҳасад, ғийбат, танбаллик, текинхўрлик, хасислик каби инсоний фазилат ва қусурлари тўғрисидаги фикрларини ўқиши, англаши ва уларга амал қилиши зарур.
Маънавий юксалишга фақат ўқиш-ўрганиш, билим олиш билангина эришиб бўлмайди. Бунинг учун инсон, аввало, онгни заифлаштирувчи илмсизликдан, жисмоний майл ва эҳтирослардан ҳамда ўз табиати, яъни характеридаги қусурлардан ҳам холи бўлиши керак. Қачонки, ҳар бир инсон билганига амал қилиб, эҳтирос ва майлларини жиловласа, руҳиятини яхши ўзанга солиб, ўзгарувчан кайфиятини бошқарса, жисмида мавжуд эринчоқлик ва лоқайдлик каби салбий иллатларни енга олсагина мақсадига эриша олади.
Шу билан бирга, ҳар бир инсон оилада тарбия топади, шаклланади. Шунинг учун оила – жамиятнинг энг асосий ва таянч бўғини. Айнан муқаддас оила қўрғони ҳар бир ота-онага, фарзандга энг улуғ орзу-ниятларини амалга ошириш имконини беради.
Фикримиз тасдиғини улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг «Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади», деган сўзларида кўришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, маънавий юксалиш фарзандларимиз келажаги, уларнинг эртага ким бўлиб етишиши, энг аввало, бугун уларга оилада қандай тарбия берилаётганига, уларнинг қалби, онги, шуури нима билан озиқланаётганига бевосита боғлиқ. Агар улар ёшлигидан илмга, ҳунарга, меҳнатга, одоб ва маданиятга ўргатилса, кўнглига она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси, юксак инсоний туйғулар сингдирилса, улар келажагига мустаҳкам пойдевор қурилган бўлади. Мабодо бепарволик билан ўз ҳолига ташлаб қўйилса, қалби, онги интернет тармоғидаги турли зарарли ва бўлмағур «вирус»ларга тўлиб қолса, афсуски, уларнинг келажак ҳаёти барбод бўлиши мумкин.
Президентимиз «Маълумки, бугун кибермаконда хавф-хатарлар кучайиб бормоқда. Чегаралар ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғоялар ҳам кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳолининг нисбатан заиф қатламлари, жумладан, ёшлар турли ноқонуний гуруҳлар таъсирига тушиб қолаётгани афсусланарли. Бутун жамоатчилик бундан огоҳ бўлиши, уламолар ва нуронийлар тўғри йўлни кўрсатиши керак», – дея кенг жамоатчиликка алоҳида вазифа қўйгани бежиз эмас.
Шундай экан, ҳар бир инсон фарзандлари нималар билан шуғулланаётганига, кимлар билан дўст бўлиб, мулоқот қилаётганига ҳеч қачон бефарқ қарамаслиги керак. Қанчалик қийин бўлса ҳам, уларнинг ижтимоий тармоқларда нималар билан шуғулланаётганини кузатиб бориш, ушбу макон улар учун ҳалокат эмас, саодат манбайи бўлиб хизмат қилиши учун зарур чораларни излаб топиш зарур. Лекин тақиқлаш, жазолаш билан эмас, таъсирчан тарбия усуллари, ақл ва билим билан, боғча, мактаб, олийгоҳ, маҳалла жамоатчилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, диний уламолар билан биргаликда иш олиб борилса, албатта, ижобий натижа бўлади.
Маънавий юксалиш асоси нафақат оила тарбияси билан, балки боланинг билимни қандай олишига ҳам бевосита боғлиқ. Ҳадисларда инсоннинг маънавий камолот мезони, унинг тафаккур доираси, дунёқарашининг кенглиги, билимларнинг қай даражада эканлиги кўрсатилган. Жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил – билим эгаллаш деб қайд қилинган.
Тараққиёт кафолатини таъминлайдиган маънавий юксалишнинг яна бир муҳим жиҳати бу – ёшларимиз дунёқарашидир. Албатта бунда Президентимизнинг «Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан» деган фикрлари барчамизга дастуриламал бўлиши зарур.
Жамият тараққиётининг ривожланиш жараёнида халқимизнинг бой тарихий, илмий-маданий меросини, миллий-диний қадриятларини ўргатиш асосий устувор масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кейинги йилларда маънавий ислоҳотларни янада такомиллаштириш бўйича алоҳида «Маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ислоҳотлар» номли махсус қисм киритилиб, унинг 38–44-бандлари доирасида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Хусусан, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш учун оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигига эришиш, ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, уларни оммалаштириш бўйича интерактив усулларни жорий этиш, миллий маънавиятни юксалтириш мақсадида илмий ва социологик тадқиқотлар ўтказиб туриш каби долзарб вазифалар қўйилган.
Улар ижросини таъминлаш учун маҳаллабай ишлаш тизими доирасида оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам бериш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган «Авлодлар учрашуви» лойиҳаси, «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий», «Бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий» каби лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, маънавият миллатни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштирувчи маёқ экан, бу йўлда фақат ватанпарварлик, фидойилик муҳим тушунчалар бўлиб қолаверади.
Шуҳрат Рўзиев,
ўз мухбиримиз.
