Маънавият ва маърифат дарси
Маънавият инсоннинг ўзлигини англатувчи бетакрор мўъжизавий куч-қудратга эгадир. Маънавият шундай қудратли кучдирки, у миллатни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштирувчи байроқдир
Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир!
Шавкат МИРЗИЁЭВ
Бугунги кунда мамлакатимизда аниқ мақсадга йўналтирилган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Зеро, маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш жиддий фикр юритишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз раислигида жорий йил 19 январ куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: «Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, диёримиз миллий қадриятлари, маданияти ривожланган, юксак маънавиятга эга тамаддун ўчоғидир. Тарихдан маълумки, юртимизда маънавият машъалини баланд кўтарган буюк алломалар етишиб чиққан. Ўзининг бой маънавий мероси билан дунёга зиё таратган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий каби мутафаккирлар мероси халқимиз маънавиятининг юксалишига замин яратган.
Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида содир бўлаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, интернет тизими, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолаётганлигини кўрсатаётир. Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятларнинг емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулияцизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатларнинг илдиз отишига замин яратмоқда. Натижада одамзотнинг ўз тарихий, диний, миллий-маънавий илдизларидан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат жаҳондаги кўплаб давлатларда умумий тенденсияга айланиб бормоқда.
Маънавият ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омили ҳисобланаркан инсон маънавий олами, халқимиз маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш, ўз навбатида, жаҳон илм-фани ютуқлари ва умумбашарий тараққиётга замин яратиши шаксиздир.
Янги Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Буни барча соҳалардаги туб ўзгаришлар қатори, маънавият ва маърифатга бўлган муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Айниқса, юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида улкан ишлар қилинилаётганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятларининг йўлга қўйилиши мамлакатимизда муқаддас Ислом дини қадриятлари ва анъаналарини янада ривожлантиришга замин яратмоқда.
Маънавий-маърифий соҳада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар замирида юртимизда таълим, илм-фан, маданият маърифат, аждодлар меросини ўрганиш, қадрлашга бўлаётган катта эътибор нафақат мамлакатимиз ва минтақа аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Дунё тамаддуни бухорийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан қанчалар баҳраманд бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам бу баҳрамандлик давом этмоқда, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий мерос ўз қадри ва аҳамиятини асло йўқотгани йўқ. Дунё миқёсида халқаро терроризм, радикализм, экстремизм каби чегара билмас таҳдидлар хавфи ортиб бораётган бугунги кунда ҳам маънавият ва маърифат жаҳолатга қарши курашишнинг энг самарали воситаси сифатида тан олинмоқда.
Мафкура полигонларида ғоявий-мафкуравий курашнинг тобора авж олиши ёшлар онги ва қалбини экспансия (забт этиш) этишга замин яратмоқда. Шу тариқа, маънавий тубанлик таъсири оқибатида маданияцизлик, эътиқодсизлик каби бир қатор «таълимотлари» баъзан ошкора, баъзан эса яширин тарзда тарғиб этилмоқда. Натижада миллий руҳ, миллатнинг ўзига хослиги ва унинг асрий қадриятларига рахна солиш орқали зимдан емиришга замин яратилмоқда.
Глобаллашув шароитида мазкур иллатнинг ижтимоий намоён бўлиши муайян минтақа ва мамлакат аҳолиси онги, қалбини забт этмоқда. Натижада мазкур иллат асл маънавий қадриятларни таназзул сари етаклаб, ҳар бир ҳалқ ва миллатнинг ўз маданияти, маънавияти ва қадриятларини инкор этиши орқали ёшлар онгида бир-бирига мутлақо зид бўлган дунёқарашни шакллантирмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, маънавият халқимиз ор-номусини уйғотувчи беқиёс куч, озодлик, ватанни севишга ундовчи даъваткор туғёндир. Бугунги замон шиддати ҳар бир миллатнинг келажакда ўзлигини сақлаб қолиши учун, энг аввало, маънавият масаласига бўладиган таҳдидлардан мунтазам огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни кечиктириб бўлмас асосий масала сифатида кун тартибига қўймоқда.
Бинобарин, дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, «оммавий маданият», наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш; жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш; халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларимиз ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш каби долзарб масалалар Республика Маънавият ва маърифат маркази зиммасидаги ҳал қилиниши кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир.
Маълумки, салкам уч ўн йилликдан буён ички ишлар органларида ҳам маънавий-маърифий ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Зеро, бугунги осойишталик посбони нафақат жисмоний ва жанговар жиҳатдан давр талабига жавоб берадиган, балки маънавий жиҳатдан етук ва буюк аждодлари каби маърифат эгаси бўлиши лозим. Шу мақсадда, Президентимиз Мурожаатномаси ҳамда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалардан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органларида ўтказиладиган ҳафталик маънавият ва маърифат дарсларини сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини белгилаб олишимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади».
Мансур МУСАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, фалсафа доктори,
Абдураим УЛУҒОВ,
Марказ масъул ходими.
