Маънавият ва маърифат дарси
Ривожланиш жараёнида ҳар бир соҳага маънавият ва маърифатни татбиқ этиш, ишни шу асосда ташкил этиш вазифаси қўйилаётгани бежиз эмас. Зеро, маърифатга йўғрилган ҳар қандай амал тараққийнинг тамал тошидир. Маънавият чашмасидан сув ичган дарахт ҳосили бир неча авлодга етгулик мева беради.
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларни миллий қадриятларига содиқ баркамол шахс сифатида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти томонидан «Маънавият маршрутлари» ишлаб чиқилди. Унга асосан, 2022-йил давомида юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, музейлар, маънавият ва маърифат масканлари, тарихий ҳамда маданий обидаларига ташриф буюриш назарда тутилди. Ҳудудлар кесимида тасдиқланган «Маънавият маршрутлари» лойиҳаларига мувофиқ барча ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларни режа-тақсимотга асосан боришлари таъминланмоқда. Ушбу маршрутлар орқали ўлкамизнинг тарихий масканларига саёҳат қилиш режалаштирилгани биринчи галда ходимларнинг ўз туғилиб ўсган юрти тарихини чуқурроқ билишни, аждодларнинг ўчмас хотирасига, улар қолдирган бой маънавий меросни асраш ва уни келажак авлодга етказиш масъулиятини юклайди.
Ходимлар ташриф буюрадиган маданий обектлар рўйхати ҳудудлар кесимида тасдиқланган бўлиб, унда тарихий-диний меросимизни ўрганиш, тиклаш, ёш ходимга қадимий, бой тарихий меросимизни етказиш орқали ички ишлар органлари ходимлари маънавиятини юксалтириш мақсадида 108 та маданий обект танлаб олинган.
Тарихий-маданий обектлар ўтмишнинг залворли воқеаларидан сўзлайди. Уларни ўрганишга киришар экансиз, халқимизнинг бой маънавий меросга эга эканлигидан фахр-ифтихор туйсангиз, иккинчи томондан, бу бебаҳо хазинани асраш, авлодларга бус-бутун етказиш вазифаси зиммамизда эканини теранроқ англайсиз. Шунинг учун ҳам ҳудудларда «Маънавият маршрути» доирасида ташкил этилаётган саёҳатларга жиддий эътибор қаратилиши керак.
Тарихий хотирасиз келажак йўқ, ўтмишини унутган халқнинг келажаги инқирозга юз тутади. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Рўйхатдан ўрин олган маданий обектлар тарихига назар ташласак, уларнинг тарбиявий аҳамияти,
қадр-қиммати катта экани, уларни ўрганиш ҳаётий зарурат экани англашилади.
Инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш Бухоро заминида не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилган. Етти пир – Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади. Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган «олтин силсила»нинг давомчилари сифатида эътироф этилган.
Бундан ташқари, Бухорои шарифнинг бетакрор тарихини кўрсата оладиган маънавий бойликлар – Арк Қўрғони, Ситораи Моҳи Хоса саройи, Файзулла Хўжаев уй музейи, Пойи калон мажмуаси, Бухоро драма
театри, Ибн Сино уй музейи, «Жасорат» музейи, Маҳмуд Торобий ватанпарварлик боғи каби ўндан ортиқ маданий обектлар ҳам маънавият маршрутларидан жой олган.
Самарқанднинг бутун оламга машҳур обидалари сайёҳларни бир неча асрлардан буён ўзига маҳлиё этиб келмоқда. Кўҳна ва навқирон, ер юзининг сайқали деб таъриф-у тавсиф этилган муаззам шаҳар жонли тарихдир. Соҳибқирон бобомиз, Мирзо Улуғбек ва яна кўплаб тарихий шахсларнинг мангу қўним топган оромгоҳига зиёрат асносида ҳар гал янгидан-янги маълумотларни оласиз, бу дунё ўткинчи экани, яхши амалларгина инсон номини абадиятга муҳрлашини англаб, руҳингиз тозаргандек бўлади, гўё. Маънавият хазиналари халқимиз томонидан чуқур ўрганилиши, авайлаб-асралиши жуда ҳам муҳим. Ҳар бир обида-ю осори атиқада аждодларнинг барҳаёт аъмоллари акс этган.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳар бир асрнинг ўзига хос нодир осори атиқалари бор. Кейинги йилларда юртимизда меъморий ечимларга эга гўзал иншоотлар, дам олиш масканларини қуриш анъанага айланди. Буни Намангандаги Марказий Осиёда ягона ҳисобланган, номи ўзига монанд «Афсоналар водийси» деб аталган гўзал йирик тематик боғ мисолида кўришимиз мумкин.
Боғ ҳудудида уч қаватли йирик ҳунармандлар маркази, 15 минг киши сиғадиган жоме масжиди, савдо маркази, замонавий меҳмонхона ва виллалар жойлашган. Замонавий шаршара ва мусиқали фавворалар, манзарали дарахтлар ва ўриндиқлар билан ўралган канал ва кўл боғ ҳудудида ажойиб манзарани ҳосил қилган. Боғга бугунги кунда бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Бу каби маданият масканларини республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учратиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Маънавият маршрути» ички ишлар органлари ходимлари зиммасига, аввало, буюк аждодларнинг муносиб издоши бўлиш масъулиятини юклайди. Тарихимиз саҳифаларида ҳали ўрганишимиз керак бўлган маълумотлар бисёр. Уларни ўрганиш, китоблар чоп этиш, авлодларга тарихий-маданий масканларни бус-бутун етказишимиз ҳам керак. Бунга, айниқса, маршрут бўйлаб саёҳат давомида иқрор бўлмоқдамиз. Ходимларимиз ўз таассуротлари асосида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишмоқда.
Шунингдек, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» шиори остида ўтказилаётган «Маънавият ойлиги» кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Ойлик доирасида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар, интеллектуал ўйинлар ташкил этилмоқда.
Бу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, кенг таништириш, энг муҳими, қандай буюк ва бетакрор меросимиз борлигини англатиш, ёш ички ишлар органлари ходимларини шу улуғ меросга муносиб этиб тарбиялашдан иборатдир.
Хулоса ўрнида айтадиганимиз, бу каби тадбирларнинг бардавом бўлиши ички ишлар органлари соҳасида дунёқараши кенг, тафаккури тараққий этган шахсларни тарбиялашда катта ёрдам бериши шубҳасиздир.
Мираббос МИРСАИДОВ,
подполковник.
