Ер юзи аҳолисининг сони ошиши баробарида, инсоннинг табиатга зарари, атроф-муҳит ифлосланишига таъсири ҳам ортиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам мана шу долзарб муаммонинг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг махсус фармони билан республикада экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифатини оши­риш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаш­тириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилди.

Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди. Ушбу янгиликлар Конституция­мизга киритилган сўнгги ўзгартиш ҳамда қўшимчаларда ҳам ўз аксини топди.

Мазкур конституциявий янгиликлар қўмита зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши устидан давлат бошқаруви ҳамда назорат тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида фаолият юритаётган давлат назорати ҳамда бошқаруви органларининг тизимли иш олиб бориш самарадорлигини юксалтиради, бу борада идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлайди.

Шунингдек, кейинги пайтларда Президент халқ қабулхонасига атроф-муҳитни ифлослантириш, дарахтлар кесилиши, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Жорий йилнинг 24-августида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яъни дарахтларни рухсациз кесиш, браконерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши курашишга қаратилган тадбирларни кучайтириш мақсадида Ички ишлар вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилган эди.

Мазкур кўрсатма ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)да ҳудудий профилактика инспектори, патрул-пост хизмати, Давлат экология қўмитаси ходимларидан иборат қўшма гуруҳлар шакллантириш, экология соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлашга доир мақсадли рейдлар ўтказиб борилишини йўлга қўйиш топшириғи берилган.

Шу ўтган давр мобайнида, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда 8200 маротабадан ортиқ ўтказилган рейдлар ва мақсадли текширувлар натижасида ноқонуний равишда дарахт ва бошқа ўсимликларни кесганлиги учун 350 нафарга яқин, чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва тозалик талабларини бузганлиги учун 2100 нафардан ортиқ, ноқонуний равишда ов қилиш ва балиқ овлагани учун 150 нафарга яқин, аҳоли пунктларида хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларни, бошқа қолдиқларни ёқиб юборгани учун 560 нафардан ортиқ ва экология соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар учун 100 нафардан ортиқ қонунбузарлар ушланиб, улардан 7 нафари жиноий ҳамда 4300 нафардан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилди.

Олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, ҳудудлардаги айрим раҳбарлар экология муаммосига панжа орасидан қараётганлиги, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазирлиги тизимида «Экология полицияси» ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Ҳозирги кунда ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳа билан, ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти тузилмасида Экология назорат хизматини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларида Экология назорат хизмати бўлинмаларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бугунги глобал экологик муаммолар инсониятга катта хавф солаётган бир пайтда мамлакатимизда атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашиш учун ташланган бу қадам жуда муҳим ҳисобланади.

Хулоса шуки, бутун дунёда экологик барқарорликка эришиш, ер юзининг ҳозирги ҳолатини тубдан ўзгартириш учун халқаро ҳамкорлик, бу борадаги қонун талабларини бузганлик учун жавобгарликнинг қатъий бўлиши, аҳолининг экологик маданиятини ошириш зарур. Бу муаммо барчамизни масъулият ҳисси билан яшашга ундашга ҳам чақиради. Зеро, она табиатни муҳофаза қилиш юрт олдидаги фарзандлик бурчимиздир. Қолаверса, она табиат келажак авлод учун қолдиришимиз мумкин бўлган ягона ва бебаҳо неъматдир.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.