Маънавият ва маърифат дарси
Маънавият ҳар қандай давр ва замонда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи бўлиб келган, унга ҳамиша зарурат сезилади.
Маънавият – очлик, йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳл-у нафсни тийиш ва енгишни, хуллас, барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади. Уни чин маънода, борлигича ҳис қила олмайдиганлар, англаб етмаганларгина инкор этади, паст баҳо беради, аҳамияциз кўради. Жамиятнинг, миллатнинг ёки айрим бир кишининг ички ҳаёти, руҳий кечинмалари, ақлий қобилияти, идрокини мужассамлаштирувчи, инсон ва жамият маданиятининг негизи, инсон ва жамият ҳаёти йўналишининг бош омилидир. У муайян иқтисодий-ижтимоий ҳаёт тизимининг шаклланиши, ўзгариши ёки инқирозга юз тутишига кучли таъсир кўрсатади.
Миллатнинг маънавий қиёфаси, жамиятнинг моддий-ижтимоий, тарихий шароитларга қараб маънавиятнинг бойиб бориши қонуний ҳодиса. Маънавиятнинг муҳим унсури бўлган миллий онг нисбий мустақилдир. У жамиятнинг моддий ва маънавий қиёфасини тубдан ўзгартиришга фаол таъсир қилиши мумкин.
Миллий онг ва унинг шаклланиши, энг аввало, миллий уйғониш замирида содир бўлади. Миллий онг ва англаш ҳар бир одамдан ўзининг қайси миллатга тегишлилиги, миллий тарихи, маданияти, мероси, урф-одатлари, тилини тўғри, ҳар тарафлама чуқур билишни талаб этади. Миллий ўзликни англаш, илмий-сиёсий тус олса ва ижтимоий ҳаракат учун қўлланма даражасига кўтарилса, у, шубҳасиз, миллий мафкурага айланади.
Маънавиятда диёнатнинг ўрни муҳим.
Диёнат кенг маънода ўз ичига дин, эътиқод, диний таълимот, ишониш, виждон, виждонлилик, инсоф тушунчаларини қамраб олади.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Дунёда диёнат ҳали мавжуддир, ҳали мард йигитлар яшаб юрибди» деган сатрларида ҳам бу сўзнинг маъноси акс этган.
Маънавиятни ушлаб турадиган устунлардан яна бири эътиқод масаласидир. Хўш, эътиқод нима?
«Эътиқод» арабча сўз бўлиб, «ақада» феъли асосида юзага келган. Моҳиятан бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади.
Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда, эътиқод борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур.
У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, эътиқод илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илм-у маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.
Эътиқод софлиги ҳар бир инсон учун ўта муҳимдир. Чунки эътиқодсиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ.
Эътиқоднинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча риёзат чекса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.
Ўз турмушини онгли ташкил этиш, турли режалар тузиш, орзу-ҳавасларига, кўнгли ва тафаккурига мос яшашга, комилликка интилиш инсоннинг хос белгиси. Унинг нафақат моддий-иқтисодий, шунингдек, маънавий эҳтиёжлари ҳам бор. Инсон маънавиятининг ўзагини эса эътиқод ташкил қилади. Маънавият эътиқод теварагида шаклланади. Маънавиятнинг мазмунини, энг муҳим хусусиятларини эътиқод белгилайди.
Инсоннинг барча туйғулари, кечинмалари ёки барча амал қиладиган ғоялари, меъёрлари, қарашлари маънавият бўлиб қолавермайди. Туйғулар орасида нафс ва ҳирс, жаҳл ва қизиққонлик туфайли юзага келганлари, тушунчалар, ғоялар, баҳолар фикр-мулоҳазалар, хулосалар орасида илмсизлик, адашиш, хато, нотўғри ахборот сабабли вужудга келганлари бўлиши мумкин. Нафсиламрини айтганда, ҳеч ким адашишлардан, хатолардан кафолатланмаган. Ботил туйғулар ва фикрлар эса маънавият ҳисобланмайди. Жаҳолат, золимлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, нафс ва ҳирс қутқусига берилиш, зўравонлик орқали ҳаммани бир хил ўйлашга, бир хил яшашга мажбурлаш маънавияцизликдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида халқимизнинг азалий орзу-интилишларига ҳамоҳанг ва уйғун ҳолда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Олдимизга қўйган бундай улуғвор вазифани амалга оширишда биз, энг аввало, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимизга, юксак инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган миллий ва диний қадриятларимизга таянишимиз табиийдир. Айниқса, эл-юртимиз доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб оладиган, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас Рамазон ойининг бу борада алоҳида ўрни ва аҳамияти борлигини таъкидлаш лозим.
Президентимизнинг 2023-йил 21-мартдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорида одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳр-саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.
Муқаддас ойда эҳтиёжманд оилаларга, кексаларга, кўмакка муҳтожларга янада кўпроқ эътибор қаратилади. Нуронийлар, беморлар, кўнгли яримлар ҳолидан хабар олиш, уларга далда бўлишга оид ишлар ҳажми тобора кенгаяди. Ибратли, савобли юмушлар янада ортади. Хайрли ишларга рағбат ортиб, яхшилик йўлида ҳамкорлик кучаяди. Одамлар бир-бирига янада меҳрли, илтифотли бўладилар.
Зеро, халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган Рамазон ойида амалга оширилаётган улуғвор ишлар жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.
