Ҳар бир халқнинг ўз Афандиси бор, деган гап бежиз айтилмаган. Зеро, қозоқлар Алдаркўсани, туркманлар Миралини, қорақалпоқлар Умирбек лаққини, тожиклар Мушфиқийни, турклар Карагўзни, озарбайжонлар эса Баҳлулни, биз Насриддин афандини эъзозлаганимиз қадар севади, ардоқлайди. Афандининг бу биродарлари ҳам унинг ўзи каби ниҳоятда ҳозиржавоб, зукко, топқир ва сўзга чечан. Ҳар қандай вазиятдан гоҳ соддадиллик, гоҳ киноя, истеҳзо ва зукколик билан чиқиб кетадиган бу қаҳрамонларни халқлар шунчалик меҳр-у муҳаббат билан яратганки, уларни сира мағлуб ҳолда кўрмайсиз.
ВИИИ асрда яшаб ўтган машҳур аллома Баҳлул ана шундай қаҳрамонлардан биридир. Унинг асл исм-шарифи Абу Ваҳиб Умару бўлиб, Куфада дунёга келган ва шу ерда униб-ўсган. Баҳлул Ҳорун ар-Рашид билан яқин алоқада бўлган. Унинг халифа билан мунозара ва баҳслари халқ орасида кенг ёйилиб, қимматли ҳикояларга айланган.
Халифа туҳфаси
Халифа Ҳорун ар-Рашид Бағдод шаҳрининг фақир-фуқаролари ва эҳтиёжмандларига тарқатгин деб Баҳлулга пича маблағ берди. Баҳлул уни олиб, бироз ўйлаб турди-да, пулни халифанинг ўзига қайтариб берди. Ҳорун ар-Рашид бунинг сабабини сўраган эди, Баҳлул бундай жавоб берди:
— Шунча ўйлаб-ўйлаб шаҳарда халифанинг ўзидан кўра муҳтожроқ ва камбағалроқ кишини тополмадим, шунинг учун пулни ўзингизга қайтариб бердим, чунки сизнинг амалдор-у гумашталарингиз бозорларда туриб олиб, қамчи ва калтак зарби билан оддий халқнинг чўнтагидан охирги чақасини тортиб олиб, хазинангизга келтириб тўкмоқда. Шу сабабдан сизнинг пулга эҳтиёжингиз халқникидан кўра кўпроқ деб ўйлаб, уни ўзингизга қайтардим.
Инсонийлик ва ваҳшийлик
Халифанинг бир неча солиқчиси жуда камбағал бир деҳқондан солиқ тўла деб қисти-бастига ола бошлади. Деҳқон сариқ
чақам ҳам йўқ деб қасам ичар,
ялиниб-ёлворар, аммо солиқчилар унинг гапига қулоқ солмасди. Давлат солиқчилари охири унинг гапига ишониб, жаҳлдан деҳқоннинг кулбасига ўт қўйиб юборишди.
Бечора деҳқон додлаганича нуқул бир гапни қайтарар эди:
— Бу инсонийлик эмас, балки ҳайвонийликдир.
Иттифоқо, шу ердан Баҳлул ўтиб қолди, деҳқоннинг гапини эшитиб, унга деди:
— Оғайнижон, аксинча, бу инсонларнинг иши, бир ҳайвоннинг бошқа ҳайвон уйига ўт қўйганини қаерда кўргансан?
