Маънавият ва маърифат дарси
Сўнгги йилларда юртимизда таълимга, шу соҳа фидойилари бўлган ўқитувчи ва мураббийларга эътибор ошмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёэв 2020 йил 30 сентабрда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, «дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айцак, арзийди... Бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлишлари керак. Бундай устозлар қўлида таълим олган фарзандларимиз биз орзу қилган Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини бунёд этишга қодир авлод бўлиб камол топади».
Ҳар бир инсон дастлабки таълим-тарбия, касб-ҳунарни оиласида ўрганар экан, биринчи устози унинг ота-онасидир. Фарзандни одоб-ахлоққа ўргатиш, маданиятли, маънавиятли қилиб вояга етказиш, унинг келажагига замин яратиш масаласи ота-она зиммасида эканлигини азалдан файласуф ва мутафаккирлар таъкидлаб келишган.
Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки улар болаларни мактабга ҳар жиҳатдан тайёрлайдиган масканлардир. Шу маънода, тарбиячилар ҳам, устозлар каби ҳурмат-эҳтиромга лойиқ.
Ҳар қайси давлатнинг ижтимоий, иқтисодий тараққиёти, тамаддуни ёш авлоднинг устозлардан замонавий илм, касб-ҳунар эгаллашига боғлиқ. Ўқитувчилик, мураббийликни касб қилиб олган инсонлар ўз юртининг энг мўътабар зиёлилари ҳисобланади. Мактабда пухта билим олган ўқувчилар келажакда ўзлари танлаган соҳанинг етук, малакали мутахассислари бўлиб етишади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади».
Буюк файласуф Афлотуннинг «...Фарзандларингизнинг илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг, уларни келгуси замон учун тайёрланг, чунки улар сизнинг замонангизга тегишли эмас, келгуси замон одамларидир», деган ҳикматли ўгити ҳозирги даврда ҳам ота-оналар, мураббийлар учун қимматли кўрсатмадир.
Шарқда «Муаллими Соний», яъни «Иккинчи муаллим» мавқеида танилган улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий «Бахт-саодатга эришув ҳақида рисола» асарида таъкидлаганидек, «...таълим фақат сўз ва ўрганиш билангина бўлади. Тарбия эса амалий иш, тажриба билан, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакалардан иборат бўлган иш-ҳаракат, касб-ҳунарга берилган бўлиши, ўрганишидир».
Шарқда қадимдан устозларга ҳурмат ва эҳтиром юқори бўлган. Соҳибқирон Амир Темур ўзини устози ва пири Мир Саййид Бараканинг оёқ томонига дафн этишларини васият қилган. Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида Искандардан «Нима учун устозингизни ниҳоятда улуғлайсиз? деб сўрашганида, «Ота-онам дунёга келишим ва ерга тушишимга сабабчи бўлсалар, устозимнинг таълим-тарбияси туфайли шундай улуғликка эришдим», дея жавоб қайтаради.
Миллат фидойиси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий илмсизлик, маданий- маърифий қолоқлик, саводсизлик, хурофот, бидъат таъсирида бўлиш миллатнинг кўзини кўр, қулоғини кар этиб, оёқ-қўлини боғлаб қўювчи кишан, офатдир, дейди. Бундай аҳволда бўлган халқ ва миллатнинг бахти доимо қаро бўлади, жаҳон тарихий тараққиётининг энг охирги сафларида қолиб кетаверади, деб куюнади. У халқдан маблағ йиғиб, ўқишга, илмга, рағбати бўлган, аммо ота-онасининг қурби етмайдиган Туркистон ёшларини чет эл дорилфунунларида ўқитиб, миллатнинг ривожи ва истиқболи учун зарур бўлган муҳандис ва муаллимларга, Европа бозорларида савдо-сотиқ қиладиган, хорижий тилларни биладиган мутахассисларга эга бўлишга даъват этади.
Ўзбек маърифатпарварларидан Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида «...Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракотимизни ойина каби кўрсатур. Савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, тозани мурдордан аюриб берур. Тўғри йўлга раҳномолик қилуб, дунё ва охиратда маъсуд бўлишимизга сабаб бўлур. Илмсиз инсон мевасиз дарахат кабидур... Илмнинг фойдаси шу қадар кўпдурки, таъриф қилғон бирлан адо қилмак мумкин эмасдур. Бизларни жаҳолат қоронғулиғидан қутқарар. Маданият, инсоният, маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуғ ишлардан қайтарур яхши хулқ ва одоб соҳиби қилур...», дейди. Бу илму маърифатни тарқатувчилар эса, авваламбор, устоз-муаллимлардир.
Ҳозирги кунда юртимизда таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар орасида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганлар ҳам бор. Қанчадан-қанча соҳа фидойилари «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози» сингари фахрий унвонлар билан тақдирланган. Кўплаб устоз ва мураббийларнинг кўксини «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Соғлом авлод учун», «Дўстлик» орденлари, «Шуҳрат» медали безаб турибди. Буларнинг барчаси уларнинг заҳматли меҳнати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланаётганидан даракдир.
Глобаллашув даври халқларнинг, давлатларнинг, миллий маданият ва иқтисодиётларнинг интеграцияси, уларнинг ривожланиши учун янги имкониятлардан ижодий фойдаланишни тақозо этмоқда. Бундай шароитда юртимизнинг нафақат устоз ва мураббийлари, ҳар бир оилада ота-оналарнинг вазифаси – ўз миллатининг рақобатбардошлигини кўтариш юртимиз фуқаролари, айниқса, ёшлар илмли, маърифатли, касб-ҳунарли, мустақил фикрга эга бўлсалар, биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз.
Бунинг учун, биринчи навбатда, ўқитувчи ва мураббийлар муттасил ўз устларида ишлашлари, доим ўз билимларини бойитиб, касбий маҳоратларини ошириб боришлари зарур. Бу эса ёш авлодни баркамол шахслар сифатида шакллантириши, мамлакат тараққиётини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Айтмоқчи бўлган фикрларимни умумлаштиришга чоғланган эдимки, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг устозларни мадҳ этган қуйидаги сатрлари хотирамда жонланди:
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор –
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.
Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.
Акрам АКМАЛОВ,
педагогика фанлари номзоди, доцент,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
халқ таълими ходими.
