Маънавият ва маърифат дарси
У ҳукмдор сифатида Мовароуннаҳрнинг ҳар томонлама ривожланиб, илмий ва маданий марказга айланишига катта эътибор қаратди. Математика ва астрономия фанининг энг ёрқин вакилларини чақириб, Самарқандда расадхона қуришга фармон берди.
Натижада 1424–1428-йиллар оралиғида Самарқанднинг шимолидаги Обираҳмат ариғи бўйида дунёга машҳур расадхона бунёд этилади. Унинг қурилишида ўз даврининг машҳур олим ва меъморларидан Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Муҳаммад Али Қушчилар иштирок этишади.
Абдураззоқ Самарқандий ушбу нодир обиданинг ички қисмини қуйидагича тасвирлайди: «Бинонинг ички қисми жаҳонда тенги йўқ ранг-баранг нақшлар билан безатилиб, девор ва шифтларида осмон даражалари, дақиқалари, ҳатто сонияларигача ҳисобланиб, етти сайёра ҳамда «ҳаракациз» юлдузлар, шунингдек, ер курраси, етти иқлим, тоғ-у саҳролар ва дарё-ю денгизлар ҳамда уммонларгача тасвирланган».
Буюк бобокалонимиз давлатни бошқаришда ҳам адолатнинг устуворлигига алоҳида эътибор берган. Бу ерда истиқомат қилаётган халқнинг доимо фаровон ҳаёт кечириши тўғрисида бош қотириб, деҳқончилик, савдо-сотиқ ва маданий ҳаётнинг гуллаб яшнашига оид махсус фармонлар чиқарган. Хусусан, Оқсаройни қайта таъмирлаб, Мовароуннаҳрда ер солиғини камайтиргани бунинг яққол далилидир.
Чакана савдонинг ривожланиши учун 1428-йилда пул ислоҳоти ўтказиб, бир қатор қулайликлар яратди. Бундан ташқари, 1417–1420-йиллар Самарқандда, 1432-йил Бухорода, 1432–1433-йилларда эса Ғиждувонда мадрасалар қурдирди. Бухородаги мадраса эшигининг пештоқига «Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир» деган ҳадиснинг битилиши ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу мадрасада ўқиш муддати 8 йил этиб белгиланиб, ундаги талабаларга ойлик маош ва «улфа» деб аталувчи махсус тўлов амалга оширилган.
Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси саналган тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди. Унинг мактабига мансуб олимларнинг аниқлаган маълумотлари улардан бир неча аср олдин яшаб ўтган буюк алломалар эришган натижалар билан солиштирилганда, ўта аниқлиги билан ажралиб туради. Эклиптика оғмалиги, юлдуз йилининг ҳисоби, сайёраларнинг йиллик ҳисобини аниқлаш каби масалалар шулар жумласидандир.
Улуғбекнинг юлдузлар каталоги 1690-йили поляк олими Ян Гавелийнинг (1611–1687) «Астрономия даракчиси» номли асарида нашр этилган. Бу асарда Мирзо Улуғбек беш астроном Птолемей, Тихо Браге, Жованни Риччоли, Вилгелм ИВ ва Ян Гавелий даврасида тўгарак столи атрофида астрономия маъбудаси Ураниянинг ўнг томонида ўтирганлиги тасвирланган.
Унинг ўриндиғи орқасидаги «Ўз ишимни муносиб авлодларимга қолдирдим» деган сўзларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Мирзо Улуғбек «Зижи»нинг Европадаги илк нашри Оксфорд университети профессори Жон Гривс томонидан амалга оширилган. У мазкур асарга шарҳ ёзиб, унинг бир қисмини 1648-йилда чоп этади. Гуржистон подшоси Вахтанд ВИ эса ушбу асарни 1724-йилда форс тилидан грузинчага таржима қилдиради. Гринвич обсерваториясининг биринчи директори Ж. Флемстид ҳам 1725-йилда ўзининг «Осмон тарихи» номли китобида уни чоп этади.
Петербург академиясининг биринчи академик-астрономи Жозеф Никола Делил ўз фаолиятининг илк кунларидан бошлаб, «Зижи Кўрагоний»ни лотин тилига таржима қилиб, 1739-йилнинг 25-июнида мазкур академияда франсуз тилида маъруза сўзлаган. Италиялик астроном Жованни Риччиоли 1651-йилда ойдаги кратерларни қадимда яшаб ўтган буюк алломаларнинг номи билан аташни таклиф қилиб, улардан бирини Мирзо Улуғбек деб атайди. Шунингдек, қуёш тизимининг 1977-йилда очилган 2439 рақамли кичик сайёрасига ҳам Улуғбек номи берилган.
Дунёнинг бошқа давлатлари қатори, Ҳиндистонда ҳам Улуғбекнинг илмий меросига катта қизиқиш билан қаралганлигини кўриш мумкин. Жумладан, Бобурий Муҳаммадшоҳнинг фармойиши билан ХВИИИ асрнинг биринчи ярмида астроном Савай Жай Синх томонидан Жайпур, Банорас ва Деҳлида расадхона барпо этилиб, унга Самарқанддаги астрономия мактаби ускуналаридан андаза олишган.
Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд астрономия мактабининг оламшумул ютуқлари Хитой астрономиясининг ривожланишига ҳам кучли таъсир кўрсатган. Иезуит монах, олим Антуан Гобил (1689–1759) Хитой астрономияси ҳақида: «Бу соҳада Хитойлар нимани билган бўлса, уларнинг барчаси ғарбдан Самарқанд томонидан келган» дея таъкидлаган эди.
Хитой орқали Самарқанд астрономия мактабининг ютуқлари Кореяда ҳам тарқалган бўлиб, 1432-йилда мазкур давлат қироли Йи До Хитой орқали Самарқанд астрономия мактаби билан танишади. Шу туфайли Улуғбек мактабининг анъаналари Кореяда ҳам ривожланади. Али Қушчи 1470-йили Истанбулга боради ва у ерда ҳам Улуғбек илмий мактабининг натижаларини кенг оммага тарғиб қилади.
Мирзо Улуғбек «Зижи», энг аввало, мусулмон мамлакатларида астрономия фани ривожига улкан ҳисса қўшган. «Зижи Кўрагоний» асарига энг мукаммал шарҳ эронлик мунажжим ва риёзиёт олими Низомиддин Биржандий томонидан 1523-йилда ёзилган «Шарҳи Зижи Улуғбек»дир. Қоҳиралик мунажжим Муҳаммад Ал-Мисрий (ХВИ аср) Мирзо Улуғбек «Зижи»ни осонлаштириш учун «Ташил Зижи Улуғбек» номли асар ёзади ва унинг жадвалларини Қоҳира кенгликларига мослаштиради.
Шу ўринда келтириб ўтиш жоизки, Улуғбек «Зижи Кўрагоний»дан ташқари, математика фанига бағишланган «Рисолаи Улуғбек» ҳамда тарих соҳасига бағишланган «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») асарининг муаллифидир. Шунингдек, у шеърлар ҳам ижод қилиб барчага намуна бўлган.
Истиқлол йилларида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бўлган эътибор янада кучайиб, Самарқанд, Бухоро, Ғиждувон каби тарихий шаҳарларимизда унинг номи билан боғлиқ меъморий обида ва қадамжолар обод қилинди. Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва бошқа бир қатор таълим муассасаларига унинг номи берилди. Шунингдек, халқаро илмий аҳамиятга эга бўлган Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган кузатув кенглик стансияси ҳамда Фанлар академиясининг Астрономия институти ҳам Мирзо Улуғбек номи билан аталади. Пойтахтимизнинг йирик Мирзо Улуғбек туманида ҳам унинг ҳайкали ўрнатилди. Мамлакатимиз ва Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида 1994-йили Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 2009-йилни «Астрономия йили» деб эълон қилиниши Мирзо Улуғбек таваллудининг 615-йиллигини Самарқанд ва Париж шаҳарларида юқори даражада ўтказилишига сабаб бўлди.
Мухтасар қилиб айтганда, миллатимиз фахр-ифтихорига айланган бобокалонимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш авлодлар зиммасидаги залворли вазифадир.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
