Атоқли ёзувчи Пиримқул Қодировнинг «Она лочин видоси» романи тарихий-мемуар асар ҳисобланади. Романда ХИВ–ХВ асрларда Марказий Осиёда содир бўлган воқеалар – Шоҳрух Мирзо умрининг сўнгги дамлари, Мирзо Улуғбек ҳаётининг таҳликали кунлари, ҳалокати, Абусаид салтанати йиллари, ниҳоят Ҳусайн Бойқаронинг ҳокимият тепасига келиши воқеалари қаламга олинади. 

Асарда Мовароуннаҳр ва Хуросондаги маънавий муҳит, маданий ҳаёт, тож-у тахт ва салтанат муам­молари, таълим-тарбия жараёнлари адиб томонидан моҳирона тасвирлаб берилган. Шоҳрух Мирзонинг рафиқаси, Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим романнинг бош қаҳрамони сифатида танланган. Бу меҳридарё онахоннинг салтанатни сақлаб қолиш йўлидаги жонбозликлари, фидойиликлари билан та­нишиб, унга тасаннолар айтасиз.

Қаҳрамоннинг она лочин деб аталиши бежиз эмас. Китобни ўқиш жараёнида унинг Темурийлар салтанатида ёрқин из қолдирган, маънавий дунёси бой, ақл-у заковатда энг пешқадам аёлларидан бири бўлганлигига амин бўласиз. Маликанинг набиралари Абдуллатиф ва Алоуддавла ўртасидаги рақобат Гавҳаршодбегимни анча ташвишга солади. Аммо малика ўзининг доноларча нигоҳи, ақл-у тафаккури, сабр-матонати билан амирзодаларга тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилади.

Кези келганда қаттиққўл, қалби тоза ва меҳрибон Гавҳаршодбегимнинг темурийзодаларни тарбиялаши, нодир истеъдодларни кашф этиши, амирзодаларни меҳр-мурувват билан оналарча парваришлаши, айниқса, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий билан бўлган муносабатларида ёрқин гавдалантирилган. Гавҳаршод­бегимнинг шижоати, донишманд­лиги, изтиробларга тўла ўйлари, дил розлари билан танишганда, миллатимиз тарихи­да ана шундай табаррук она­хонларимиз ўтганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилади.

Бир сўз билан айтганда, асар турли-туман қизиқарли, драматик ва тарихий воқеликларга бой. Ёзувчи ўша давр руҳини моҳирлик билан очиб берган. Барча бадиий адабиёт ихлосмандларига тарихий, тарбиявий руҳда ёзилган ушбу романни мутолаа қилишни тавсия этаман.

Убайдулла ҚЎЧҚОРОВ,

Самарқанд вилояти ИИБ ХТТБ 

ЖЦГ инспектори, капитан.