Туман тарихи

Денов шаҳри катталиги ва аҳолиси сони бўйича Термиздан кейин иккинчи ўринда туради.

Денов қадимги йирик савдо ва ҳунармандчилик қишлоғи ўрнида барпо этилган тарихий кўҳна шаҳар ҳисобланади. Ёзма манбаларда ХИВ аср охирларидан «Деҳинав» шаклида, яъни «янги қишлоқ» мазмунида тилга олинган. Маҳмуд ибн Валининг (ХВИИ аср) ёзишича, Деҳинав ажойиб бозори, катта масжиди ва хонақоси бўлган мустаҳкам қалъа шаҳар деган маънони англатган.

Деновнинг ҳозирги ўрнида милоддан аввалги икки минг йилликлар охирларида манзилгоҳ бўлган. Илк ва ривожланган ўрта асрларда ҳам шаҳар ҳудудидаги ушбу манзилда аҳоли нисбатан гавжум яшаган. Мўғуллар истилосидан кейин ХВ–ХВИ асрларда Чағониён-Бедрач шаҳри мавқеи пасайиб кетгач, Темурийлар даврига келиб Деҳинав яна асосий марказлардан бирига айланади. Археологик топилмалар Денов қалъаси ХВ асрга оидлигини ҳамда унинг мустаҳкам қўрғон бўлганлигини тасдиқлайди. Денов қалъаси мураккаб меъморий обида бўлиб, чор атрофида хандақлар жойлашган. Қалъанинг диаметри 110 метрни ташкил этган ва қалин девор билан ўралган.

Денов ХВИИ–ХВИИИ асрларда Бухоро хонлиги таркибидаги алоҳида беклик бўлиб, карвон савдоси марказларидан бири ҳисобланган. Шаҳарда ҳунармандчиликнинг кўн-чарм тайёрлаш, этикдўзлик, тўқувчилик, зардўзлик, қандолатчилик, ўйинчоқсозлик каби юздан зиёд турлари ривожланган. 1907 йил Деновда амирнинг солиқ сиёсатига қарши йирик халқ ҳаракати бўлиб ўтган. 1920 йили Деновда шўролар ҳокимияти ўрнатилгач, кўпчилик ҳунармандчилик устахоналари ёпилиб, шаҳарга савдо моллари келиши тўхтаб қолади. 1925 йилда Денов орқали ўтувчи Термиз–Душанбе йўли қурилди. Денов шўролар тузуми даврида шаҳар сифатида 1958 йил ташкил этилган.

У денгиз сатҳидан қарийб 600 метр баландликда Сурхондарё ва Сангардак дарёлари оралиғида жойлашган бўлиб, бугунги кунда саноати, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо-сотиқ ривожланган туманлардан бири саналади.

Ўз мухбиримиз.