Ўзбек тили туркий тиллар таркибида шаклланган. Туркий тиллар эса япон, қурия тиллари ҳам мансуб бўлган Олтой бобо тилининг ажралмас қисми бўлган. Бугунги кунда туркий тил заминида сўзлашаётган миллатлар сони йигирмадан ортиқ. 

Аввалги замонларда, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, уйғур, қорақалпоқ тиллари алоҳида-алоҳида миллатлар номи билан аталмаган. Бу тиллар сўзлашаётган аҳоли ҳам, тил ҳам турк – туркий деб юритилган. Кейинчалик давлатлараро чегаралар кескинлашгандан кейин миллатлар ҳам, юртлар ҳам ажралган. Хусусан, ўзбек тилимиз ҳатто Алишер Навоий яшаган даврда туркий деб юритилган. Йигирманчи асрда Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлгандан сўнг олимларимиз Алишер Навоий ижодига оид асарлар ўзбек тилида ёзилганини исботлашди. Бу қарорга келишда шоирнинг туркийда кўп асарлар ёзгани ҳолда сўзларни қўллаши, жумла тузишда муайян услубга амал қилиши; «қаро кўзим», «аввалгиларга ўхшамас», каби сўз бирикмаларидан фойдаланиши айнан ўзбек тилида амал қилинадиган қоидалар билан узвий боғлиқ экани муҳим аҳамият касб этди. Алишер Навоийнинг бевосита ўзбек тилида ижод қилганини унинг замондоши Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг «Бобурнома» асарида қайд қилган. Хусусан, Бобур ўз она шаҳри Андижон ҳақида ёзар экан, аҳолисини таърифлаб: «Шаҳр ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Ани учунки, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким, Ҳирида нашъу намо топубтур, бу тил биладур», дейди.

Омонулла МАДАЕВ.