Маърифат ва маънавият дарси

Меҳр-оқибат ва мурувват каби қадриятларни ўзида ифода этадиган Наврўз энг қадимий байрамлардан ҳисобланади. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу байрам 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга. 

Хусусан, Наврўз ҳақида «Авесто»да кўклам гиёҳлари униб, дарахтлар куртак ота бошлагач, ўша атрофдаги қора кучлар маҳф бўлиши айтилади.

Алишер Навоий кун билан тун тенглашган (Қуёш тақвими билан 21-март) паллани шундай изоҳлайди: Юз очиб билдирди қад бирла сочи тенг эрканин, Зоҳир ўлғондек тун-у кун тенглиги Наврўздин.

Умар Хайём «Наврўзнома» асарида: «Қачонки, Ҳамал қошидан ўз айланиш даври бўйлаб йўлга чиққан офтобни осмон яна уйига қайтариб келтирса, унинг бошқатдан фалак сайрига чиқишдан бошлаб оламни ўзгартириб юборадиган янги тарих бошланади», деб ёзади. Ал-Ҳаким ат-Термизий эса ўзининг «Наврўзнома» асарида Наврўз ва Наврўз байрами тафсилотлари баробарида унинг келиши ҳафтанинг қайси кунларига тўғри келса, йилнинг қандай кечишини, деҳқончилик, савдо-сотиқ ҳамда бошқа соҳаларда табиат ва замоннинг авзойини осмон ёриткичлари ҳаракатлари орқали асослаб беради.

Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк», Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Абу Бакр Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асарларида ҳам Наврўз ҳақида маълумотлар кўп. 

Ислом тарихига оид манбаларда ҳам ушбу кунга оид тушунчалар кенг қўлланилганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, «Фатвои заҳирия»да шундай дейилади: «Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур».

Наврўзи Жамшидий афсонавий шоҳ Жамшид номига бориб тақалса, Наврўзи Султоний машҳур Салжуқий ҳукмдор Жалолиддин Маликшоҳ номи билан боғлиқ. Шу билан бирга, Сосонийлар ҳукмдори Пируз даврида ҳам трансформация юзага келиб, байрам Наврўзи Пирузи сифатида ном олган. Аммо ном ўзгаришига қарамасдан, асл моҳият ўзгармаган ва бу кун янги йилнинг бошланиш санаси сифатида нишонлаб келинган.

Наврўз байрами Афғонистон, Албания, Баҳрайн, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Сурия, Тожикистон, Туркия, Туркманистонда ва Россия Федерациясининг айрим минтақаларида кенг нишонланади.

Мамлакатимизда Наврўз байрами расман 1990-йилдан бошлаб кенг нишонланиб келинади. Шунингдек, ушбу йилдан эътиборан 21-март куни Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни сифатида белгиланди.

Мазкур байрам 2009-йил 30-сентабрда инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилди. Шунингдек, 2010-йилнинг 19-феврал куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21-март «Халқаро Наврўз куни» деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, сўнгги йилларда «Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умум­инсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда». Албатта бу бежиз эмас. Чунки Наврўз байрами турли халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантириш, қўни-қўшничилик муносабатлари, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бу йилги байрам шодиёналари «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида юқори савияда кенг нишонланади.

«Наврўз» байрамининг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, мазкур байрам давлатчилик ҳақидаги қарашларнинг илк куртакларини ўзида акс эттиради. Наврўз бу тарихан аждодларимиз удумларини улуғлаб, қомусий бир тизимга солган, халқимизнинг жипслашиши ва давлатчилик тушунчаларининг шаклланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир.

Иккинчидан, Наврўз ер юзининг катта ҳудудлари, хусусан Хитойдан то Болқон давлатларига қадар чўзилган минтақада истиқомат қилиб келаётган халқлар томонидан бирдек нишонланувчи байрамдир. Ушбу байрамнинг доимий ва кенг миқёсда нишонланиши дунёнинг бир нечта давлатлари ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир қилади.

Учинчидан, Наврўз асрлар давомида шаклланган анъана ва қадриятларни сақлаш ва келажак авлодга етказишга катта ҳисса қўшади. Бу орқали эса, турли авлодлар ўртасида ўзига хос мулоқоти шаклланади.

Тўртинчидан, Наврўз умумхалқ байрами сифатида аҳиллик, ўзаро бирдамлик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларни кучайтириш ва инсонларни ватанпарварлик, меҳнацеварлик, тинчликсеварлик, миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Шундай экан, бу байрам умрбоқий қадриятларимиз сирасига киради. Барчамизга янгиланиш, яшариш айёми – Наврўзи олам муборак бўлсин.

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

ўз мухбиримиз.