Маънавият ва маърифат дарси
Она замин узра кўклам нафаси таралиб, қалбларда ўзгача орзиқиш, кўтаринки кайфият, шод-у хуррамлик ва эзгу ниятлар бутун борлиққа кўчиб, янгиланиш, яшариш айёми – Наврўзи олам билан ҳамоҳанглик касб этади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрк-у зийнати бўлиб келаётган бу файзиёб байрам кун билан туннинг тенглашуви, кунларнинг узайиб, боғ-у роғ, далаларга ризқ-рўз қадаш, меҳнатнинг бошланишидир.
Тарихий манбаларда «Янги кун» маъносини берувчи ушбу қадим ва боқий байрам ҳамда унинг нишонланиши ҳақида турли маълумотлар бор. Хусусан, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк», Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» каби асарларида Наврўзни байрам сифатида нишонлаш милоддан аввалги ВИ–В асрларда бошланганига оид кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирилган.
Наврўзнинг қаҳратон қишнинг қировли кунларидан кейин одамлар баҳорнинг муаттар ҳавосидан тўйиб нафас олаётган паллада нишонланиши замирида ҳам катта маъно мужассам. Айниқса, мусаффо осмон узра сахий қуёшнинг чарақлаб нур сочиши, қир-у адирлар ям-яшил ўт-ўланлар, бойчечак-чучмома, лолақизғалдоқларга бурканиб, янги кун, баҳорни олқишлаётган қушларнинг ёқимли овози ҳар қандай инсон руҳиятига кўтаринкилик бағишлаб, меҳнат қилишга, яратувчанлик ишқи билан яшашга чорлайди.
Ёш-у қари бирдек орзиқиб кутадиган ва катта тантана билан нишонланадиган Наврўз байрами умуминсоний фазилатлар, миллийликка йўғрилган урф-одатлар-у қадриятларимиз ифодаси янглиғ қалбларга олам-олам сурур бахш этади. Соҳибкор боғбон-у деҳқонлар, кексалар кўкламнинг ҳар дақиқаси қадрланиб, ғайрат-шижоат бобида ёшларга ибрат бўлишади. Улар бош бўлиб қадаган ҳар уруғ, ҳар бир ниҳол эртанги кунга барака, дастурхонларга ризқ-рўз, эл-у юртга насиба, фаровон турмуш омили бўлиб унади, кўкка бўй чўзади.
Табиатнинг янгиланиши билан бошланувчи Наврўз қадимдан то бугунга қадар турли маросимларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Халқ сайиллари ўйин-кулги, кураш, кўпкари мусобақалари, театр томошалари ташкил этилади. Айниқса, беғубор осмон бағрида баҳорий насимларга қониб, енгил парвоз қилган варраклар, болаларнинг қий-чувлари-ю шодон кулгулари табиатнинг уйғонишига ранг киритади, гўё. Чиллак, қўғирчоқ, арқон тортиш, тош кўтариш ва бошқа ўйинларнинг завқи эса ўзгача. Атлас ва адрасдан тикилган миллий либосларидаги бир-биридан чиройли қизлар, беқасам тўнлар кийган кўркам йигитларнинг қиёфасида янги куннинг нашидаси уфуриб туради.
Айнан Наврўз кунларида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, меҳр-саховат тадбирлари, инсоний фазилатлар бошқа вақтдаги эзгу амалларга қараганда ёрқинроқ намоён бўлади. Ота-боболаримиздан миллий қадрият бўлиб келаётган ушбу байрамни асраб-авайлаш ва ўзимизнинг хайрли амалларимиз билан янада мазмунли давом эттириш бизнинг бурчимиздир.
Наврўз ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ушбу боқий айёмнинг шоҳ таоми – сумалак ва унинг тайёрланиши билан боғлиқ ривоятлар тилимизда тез-тез айланади. Бу ривоятлар бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, жипслашув, яхши-ёмон кунларда бирга, сабр ва иродали бўлишдек эзгу ғоялар билан суғорилгани билан аҳамиятлидир. Шу ўринда ҳозирда айнан сумалак, ҳалим ва кўк сомса, кўк чучвара сингари кўклам таомлари илик узилди пайтида кишиларга қувват бўлиши, дармондориларга бойлиги билан замонавий тиббиётда ҳам тан олинаётганини айтиб ўтиш жоиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Наврўз оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча-тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган ва ҳар жиҳатдан унинг онг-у шуурига сингиб кетган айём. Зотан, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда».
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар йили халқимизга хос азалий урф-одатлар, қадриятларни тараннум этувчи Наврўзи олам кишиларга эзгу амаллар ва юракларга шодлик-хуррамлик улашиб келаверади. Жаннатмонанд диёримизда осуда осмон остида тинч-тотув умр кечирадиган ҳар бир юртдошимиз она табиатнинг бетакрор, фусункор эканини улуғ айём кунларида яна бир бор юракдан ҳис этади. Табиат уйғониши билан инсонлар қалби, баҳри дили ҳам очилиб, янгича куч-қувват, ғайрат-шижоат жўш уради. Кекса-ю ёш ўзини борлиқнинг ажралмас бир бўлаги эканини ҳис этиб, ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етишни англайди. Ва барча дилларда, тилларда улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг гўзал байти такрорланади:
Зулф-у рухсор ила коминга
мени еткурсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон,
ҳар кунинг ўлсин Наврўз.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
