Маънавият ва маърифат дарси
Биз нима учун психологияни ўрганамиз? Инсонлар орасида ҳаёт кечиришимиз иродамизга қарши турли шароит, ҳолатларни ўрганиш учун одамларнинг руҳиятини тушунишни, ўзимизнинг руҳий ва шахсимизга хос алоҳида хусусиятларимизни ўрганишимизни талаб қилади.
Бошқалар билан кўп мулоқот қилган инсонларни биз «энг зўр психолог» деб эътироф этамиз. Ҳар бир инсон ўзича психолог ҳисобланади, чунки ҳаёт уни шунга мажбур қилади. Муҳими атрофимиздаги инсонлар нимага мойиллиги, биздан нимани хоҳлашаётгани ёки қандай ҳаракатни кутишаётганини аниқлаш.
Бунинг учун шахснинг хулқи, мотивлари, характери, мижози, қобилиятлари, хотираси, иродаси, тафаккур жараёнларини инобатга олиш талаб этилади. Психология ички ишлар органлари ходимларининг бевосита фаолияти билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш вақтида шахслар билан бўладиган мураккаб муносабатларда, мулоқот жараёнида хизмат ваколатини суиистеъмол қилишнинг, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишнинг, хато ва камчиликларнинг олдини олиш усул ва воситаларини ўргатади.
Аҳамиятли тарафи, ҳар бир ходим аввало ўз имкониятлари, камчиликлари, ютуқлари ҳамда ўзининг психологик хусусиятларини аниқ билиб, вақти келса ташхис қўйиб, тавсифлай олиши зарур ҳисобланади. Биз ўзимизни қанчалик яхши англасак, бошқа инсонларни шунчалик яхшироқ тушуна бошлаймиз. Демак, психологиянинг марказий тушунчаси бу шахс.
Шахс — ижтимоий муносабатлар маҳсули, яъни доимо бошқа инсонлар даврасида, улар билан ўзаро таъсирда бўлади. Бу шахснинг энг етакчи ва нуфузли фаолиятларидан бири мулоқот эканлигига ишора қилади. Мулоқотнинг тури ва шакллари турличадир. Масалан, бу фаолият бевосита, юзма-юз бўлиши, у ёки бу техник воситалар (телефон, телеграф ва шунга ўхшаш) орқали амалга оширилиши, бирор профессионал фаолият жараёнидаги амалий ёки дўстона мулоқот бўлиши мумкин.
Инсоний муносабатлар шундай ўзаро таъсир жараёнларки, унда шахслараро муносабатлар шаклланади ва намоён бўлади. Бундай жараён дастлаб одамлар ўртасида рўй берадиган фикрлар, ҳис-кечинмалар, ташвиш-у қувончлар алмашинувини назарда тутади. Ўзаро муносабатларга киришаётган томонлар муносабатдан кўзлайдиган асосий мақсадлари умумий тил топишиш, бир-бирини тушунишдир.
Аслида ҳар бир инсоннинг ижтимоий тажрибаси, унинг инсоний қиёфаси, фазилатлари, ҳаттоки, нуқсонлари ҳам мулоқот жараёнларининг маҳсулидир. Жамиятдан ажралган, мулоқотда бўлиш имкониятидан маҳрум бўлган одам ўзида индивид сифатларини сақлаб қолиши мумкин, лекин шахс бўлолмайди. Ҳар қандай мулоқотнинг энг оддий, содда вазифаси — суҳбатдошларнинг бир-бирини тушунишларини таъминлашдир. Унинг иккинчи муҳим функсияси ижтимоий тажрибага асос солишдир.
Мулоқотнинг яна бир муҳим вазифаси — одамни у ёки бу фаолиятга ҳозирлаш, руҳлантириш. Ёлғизлик ва мулоқотнинг етишмаслиги одамда мувозанацизлик, ҳиссиётга берилувчанлик, ҳадиксираш, хавотирланиш, ўзига ишончсизлик, қайғу, ташвиш ҳисларини келтириб чиқаради. Шахснинг мулоқотга бўлган эҳтиёжининг тўла қондирилиши унинг иш фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Психологик таъсир турли воситалар ёрдамида инсонларнинг фикрлари, ҳиссиётлари ва хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсата олишдир. Ижтимоий психологияда психологик таъсирнинг асосан уч воситаси фарқланади.
1. Вербал таъсир — бу сўз ва нутқимиз орқали кўрсатадиган таъсиримиздир. Бундаги асосий воситалар сўзлардир.
2. Паралингвистик таъсир — бу нутқни безовчи, кучайтирувчи ёки сусайтирувчи омиллар.
3. Новербал таъсир. Бунга суҳбатдошларнинг нутқсиз, фазода бир-бирларига нисбатан тутган ўринлари, ҳолатлари, қилиқлари, мимика, пантомимика, қарашлар, бир-бирини бевосита ҳис қилишлар, ташқи қиёфа, ундан чиқаётган турли сигналлар (шовқин, ҳидлар) киради.
Мулоқот жараёнида суҳбатдошлар бир-бирларига таъсир кўрсатмоқчи бўлишганда, даставвал нима дейиш, қандай сўзлар воситасида таъсир этишни ўйлар экан. Америкалик машҳур олим Меграбян формуласига кўра, биринчи марта кўришиб турган суҳбатдошлардаги таассуротларнинг ижобий бўлишига гапирган гаплари
7 фоиз, паралингвистик омиллар 38 фоиз ва новербал ҳаракатлар 58 фоизгача таъсир қиларкан.
Новербал мулоқот сўзларга таянмайдиган ҳаракат ва имо-ишоралардан иборат бўлган барча шаклларни ўзида мужассам этган восита сифатида машҳур. Новербал сигналларни ўқиш самарали мулоқотнинг муҳим шартидир. Нима учун новербал сигналлар мулоқотда шунчалик муҳим?
Биринчидан, инсон 70 фоизга яқин маълумотни кўриш, кузатиш каналлари орқали (визуал) қабул қилади. Иккинчидан, новербал сигналлар суҳбатдошнинг ҳақиқий ҳислари ва фикрларини тушунишни тақозо этади. Учинчидан, бизнинг суҳбатдошга муносабатимиз кўпинча биринчи таассурот орқали шаклланади.
Аксар ҳолларда новербал мулоқот вербал мулоқот билан бирга бўлиши ва бу сўзнинг маъносини кучайтириши ёки ўзгартириши мумкин. Нигоҳлар орқали ишора, юз ифодаси, масалан, жилмайиш, норозилик, ҳайронликдан қошларнинг кўтарилиши – буларнинг барчаси новербал коммуникация.
Сўзларни қандай талаффуз қилишимиз ҳам новербал коммуникацияни шакллантиради. Интонация ва оҳанг, овоз тембри, нутқнинг равонлиги кабилар ҳам шу жумлага киради. Тажрибалардан маълумки, биз фикримизни қандай баён этишимизга қараб, гапнинг мазмуни ҳам кескин ўзгариши мумкин.
Мулоқотга ўргатишнинг муҳим йўналишларидан бири — одамларни фаол тинглашга, бунда барча паралингвистик ва новербал омиллардан ўринли фойдаланишга ўргатишдир. Кўп ҳолларда бизнинг қандай гапиришимиз талаффуз қилаётган сўзлардан муҳимроқ. Бошқача айтганда, кўп ҳолларда бизнинг қандай гапиришимиз айтмоқчи бўлган сўзимиздан каттароқ аҳамиятга эга.
Шундай қилиб, новербал мулоқот орқали суҳбатдош ҳодисага ўзининг ҳақиқий муносабатини намоён қилади. Ушбу ҳолатда сизнинг вазифангиз эса бундай ҳодисаларни унинг ортида нима яшириниб турганини тўғри тушунишдир. Бундан ташқари, шахсий новербал муомалани бошқариш ва тушуниш орқали, сиз суҳбатдошингизнинг ишончига кириб борасиз, у билан контакт (мулоқот)ни тиклай оласиз.
Дониёр МИРЗАҲМЕДОВ,
етакчи мутахассис-психолог, капитан.
