Одам савдосининг кўплаб турлари мавжуд бўлса-да, уларнинг энг кенг тарқалган ва салбий оқибатлари оғир бўлган тўрт асосий тури фарқланади:

– шаҳвоний эксплуатация; 

– меҳнат эксплуатацияси;

– чақалоқ ва бола савдоси;

– инсон аъзоларининг ноқонуний трансплантацияси.

Шаҳвоний эксплуатация одам савдосининг энг кенг тарқалган кўриниши бўлиб, жабрланувчилар зўравонлик, таҳдид ёки алдов орқали фоҳишаликка ёки бошқа турдаги интим хизматларга мажбурланади. Бунда жабрдийдалар нафақат жисмоний саломатлигини йўқотади, балки умрининг охиригача руҳий изтироб, қўрқув ва кемтиклик ҳисси билан яшашга мажбур бўлади. Бу эса уларнинг нормал ҳаётга қайтишини жуда қийинлаштиради.

Меҳнат эксплуатацияси. Одамлар кўпинча иш топиб бериш ёки чет элда юқори маошли иш ваъдасига ишониб, ўз хоҳиши билан йўлга чиқишади. Охир-оқибат эса ҳужжатларидан маҳрум этилиб, оғир меҳнатга мажбурланади. Уларга меҳнати учун пул тўланмайди ёки жуда кам ҳақ тўланади. Бу фақат моддий зараргина эмас, инсон қадрининг топталиши ва ҳаётининг издан чиқиши демакдир.

Чақалоқ (бола) савдоси. Одам савдосининг яна бир даҳшатли кўриниши – болалар, айниқса, чақалоқларнинг ноқонуний савдоси. Болаларни асраб олиш баҳонасида сотиш, яқинларидан ажратиб ноинсоний мақсадларда фойдаланиш – бу нафақат қонунга зид, балки ахлоқ ва инсонийликни синовга қўядиган оғир жиноят туридир. Бола ҳуқуқлари бу каби ҳолатларда тўлиқ инкор қилинади, улар меҳр ва эркин ҳаётдан маҳрум бўлади. Бу эса келажакда жамиятнинг маънавий асосларига ҳам жиддий таҳдид солади.

Инсон аъзоларини ноқонуний трансплантация қилиш. Ушбу жиноят жабрдийдалари одатда оғир шароитдаги аҳоли вакиллари орасидан танлаб олинади. Бу орқали қаллоблар катта пул топишни кўзлаб, минглаб бегуноҳ инсонлар ҳаётидан кечишига сабабчи бўлади. Мазкур жиноятнинг оқибати ҳаётий хавф, ногиронлик, турмуш сифатининг ёмонлашиши ва жамиятда қўрқув муҳитининг пайдо бўлиши билан якунланади.

Одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танланмайдиган жиноят ҳисобланади. Шу боисдан давлатимиз 2003-йил 12-декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Конвен­сияга қўшилди ҳамда 2008-йилнинг 17-апрелида Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Шунингдек, 2010-йил 30-июлда БМТ Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Бмтнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган.

Охирги йилларда Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, 2020-йилнинг 17-август куни Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинган. Унинг асосий мақсади – одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ушбу қонун асосида 2023-йил 21-декабр кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси Олий Мажлиси Сенати раиси раҳбарлигида қайта ташкил этилди.

Мазкур фармон билан Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилди. Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга ҳудудларда ҳокимлар раҳбарлик қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 8-февралдаги «Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражадаги қайта йўналтириш тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу тизим жабрланган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартибини белгилайди.

Одам савдоси жабрдийдаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий реабилитация қилиш мақсадида, Тошкент шаҳрида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази фаолият юритиб келмоқда. 

2013-йилдан бошлаб ҳар йили жаҳонда 30-июл – «Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни» сифатида нишонланиб келинади. Бу сана Бмтнинг ташаббуси билан жорий қилинган бўлиб, унинг асосий мақсади – одам савдоси муаммосига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, одамларни хабардор қилиш ва жабрдийдаларга ёрдам беришга чақиришдан иборатдир.

Дунё бўйлаб шу куни турли маърифий тадбирлар, форумлар, ижтимоий аксиялар, медиа лойиҳалар ўтказилади. Ўзбекистонда ҳам ушбу сана муносабати билан ҳар йили «30 кун – Одам савдосига қарши курашиш ойлиги» доирасидаги туркум тарғибот тадбирларини амалга ошириш анъанага айланган.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосига қарши курашиш фақат давлат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки барчамизнинг умумий бурчимиздир. Чунки инсон ҳаёти ва эркинлиги – энг олий муқаддас қадриятдир.

Шерзод ХОЛТЎРАЕВ,

ИИВ ТҚД ЖҚХ Комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмаси бошлиғи, подполковник.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.