Умримнинг тенг ярми шўролар даврида кечди. Ўн йил давомида “партбилет”ни ўзимдан-да азиз билиб, чап кўксимга босиб юрдим. “Биз учун қайғурадиган жонажон партиямиз” борлиги боис ҳавасни ҳам, ҳайратни ҳам унутган эдик. Лекин яқинда бир воқеага дуч келдим-у, ҳайрат ҳали ҳам ўлмаганига имон келтирдим.
Ёшим олтмишдан ошиб, уйда зерикиб ўтирган кунларнинг бирида жума намозига чиққим келиб қолди. Истиқлолга тенгдош ўғлим ниятимдан воқиф бўлгач, ўзи машинасида масжидга олиб борадиган бўлди.
Умримда биринчи марта жумага чиқаётганимгами ё ўғлимнинг йўлда ушланиб қолганигами, юрагим ҳаприқиб, уйда ўтиролмай қолдим. Бира тўла ибодат кийимларини кийиб, кўчага чиқдим. Буни қарангки, масжид томонга кетаётган машина борки, ҳар бири тўхтаб, мени машинасига таклиф қиларди. Маҳалладагилар мени таниб қолди, шекилли, деб катта кўчага чиқдим. Бироқ у ерда ҳам шу ҳол такрорланди. Ҳатто баъзилари машинасидан тушиб келиб, одоб билан мени машинасига ўтқазишга ҳаракат қиларди. Ҳар бирига ўғлимни кутаётганимни айтиб чарчадим, аммо улар одобларини намойиш этишдан чарчашмади.
Тўғриси, ўзимдан уялиб кетдим: ахир, уларнинг одобдан иборат либослари менинг ибодат кийимимдан ўн чандон ортиқ эди. Бироқ, бирдан ғалати бир фикр миямда чақмоқ урди: нега одамлар шу одобларини фақат жума кунлари эмас, ҳар куни намойиш қилишмайди. Ахир, ҳар бир кунимиз мукаррам, инсон эса бир-бирига азиз-ку...
Темир ҚУРБОН.
