Жамиятдаги янгиланиш ва ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш пайида тобора такомиллашиб бораётган медиаоламдаги ютуқлар, камчиликлар ва истиқболдаги лойиҳалар билан боғлиқ саволларимизга жавоб олиш мақсадида 27-июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билан суҳбатлашдик.
– Бугунги шиддаткор замон журналистларга қандай талаблар қўймоқда? Улар бу талабларни қай даражада уддалашмоқда?
– Биз айни дамларда нафақат шиддаткор, балки мураккаб бир даврда яшаяпмиз. Бу барча соҳаларга, хусусан, ОАВ ҳамда журналистлар зиммасига ҳам қатор вазифаларни қўяди. Айниқса, ахборот технологиялари тез суръатларда ривож топиб бораётган ҳозирги шароитда журналистик фаолиятда тезкорлик ниҳоятда муҳим. Бироқ бу жараёнда ҳар бир журналист соҳанинг холислик, ҳаққонийлик сингари муҳим талабларини унутмаслиги керак. Афсуски, охирги вақтларда айрим ҳамкасбларимизнинг шов-шувга ўчлиги оқибатида ушбу талабларни четлаб ўтиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Журналистнинг тезкорлик билан ҳаракат қилгани яхши, аммо у тарқатаётган маълумотларини қанчалик ҳаққоний эканлигига ҳам аҳамият қаратиши лозим. Ахир, сонияларни қизғаниш оқибатида ёлғон, асосланмаган ахборот тарқатилгач, уни тузатиш учун тўрт баробар кўп куч сарфланади.
Кўпчилик Оавдаги ахборотни иккиланишларсиз ҳаққоний деб қабул қилади. Шу ўринда бугун ахборот майдонида бир ёқлама ёндашув асосидаги айрим янгиликлар замондошларимизнинг турфа фикрлари тўқнашувига, баҳс-мунозараларига сабаб бўлаётганини очиқ тан олишимиз керак. Қувонарлиси, айни пайтда орамизда замон билан баравар қадам ташлаётган, ҳар бир сўзи салмоқли журналистларимиз ҳам кўп.
– Кўпчилик ахборот майдонида блогерларни журналистлардан бир қадам олдинда деб ҳисоблайди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
– Аввало, журналист билан блогер тушунчасини ажратиб олишимиз керак. Журналистика бу – касб. Бу соҳани эгаллаш учун олий ўқув юртида таълим олинади. Бу жараёнда бўлажак мутахассис ушбу йўналишнинг қонун-қоидалари, талаблари, масъулияти ва мажбуриятлари, ҳуқуқий нормаларини ўрганади ва шу принсиплар асосида ишлайди.
Блогер ким? Содда тилда айтадиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда ўзининг фикр-мулоҳазалари билан фаоллик кўрсатаётган ҳар қандай шахсга нисбатан блогер атамасини қўллаш мумкин. Блогерлик фаолияти тартибга солинмаган. Лекин ахборот соҳасидаги талаблар, қонун-қоидаларга блогерлар ҳам амал қилиши лозим. Бировнинг шаънини ҳақорат қилганлик ёки қонун билан тақиқланган ахборотларни тарқатганлик учун блогерга ҳам жавобгарлик юклатилади.
Тан олиш керакки, блогерлар бугун жамиятимиздаги айрим муаммо ва камчиликларни кўтариб чиқяпти. Журналистларимиз эса ички сензурадан қутула олмаяпти. Шу сабабли жамоатчиликда блогерлар журналистлардан бир қадам олдинда, деган фикр шаклланди. Лекин бу ҳамма блогерларга нисбатан берилган баҳо эмас. Бундайлар бармоқ билан санарли.
– Электрон Оавнинг афзалликларини кўпчилигимиз яхши биламиз. Аммо уларнинг қайси жиҳатлари сизни қониқтирмайди?
– Тўғри, бугунги ахборот технологиялари замонида электрон ОАВ ўзининг қулай, арзон ва тезкорлиги билан медиа маконнинг бир қисмига айланиб улгурди. Бунда электрон ОАВ фақатгина ахборотни тезкор етказиб бериш билан олдинда. Ахборотни таҳлил қилиш, таҳлилий мақола, шарҳлар, журналистиканинг жанрлари бўйича материаллар эълон қилиш бўйича улар босма нашрларга тенглаша олаётгани йўқ.
Электрон Оавда ахборотни тезкорликда етказиш пайида ҳаққонийлик, холислик принсипларига амал қилмаслик ҳолатлари жуда кўп учраяпти. Яна муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши, шов-шув кўтариш мақсадида сарлавҳага урғу бериш ҳолатлари ҳақида тўхталсам. Айрим материалларни ичига кириб ўқисангиз, унинг мағзидан сарлавҳага асос бўладиган нарсани топа олмайсиз. Шов-шувга ўчлик ортидан қилинган бундай ҳаракатларни ёқлаб бўлмайди. Бу журналистика этикасига тўғри келадиган иш эмас.
Шов-шув кўтаргандан кейин фактларни холис асослаб бериш керак.
– Журналистлар уюшмасининг фаолият кўламини кенгайтиришга хизмат қилувчи истиқболли лойиҳалар ҳақида тўхталсангиз.
– Кўзда тутилган лойиҳаларимиз жуда кўп. Улардан бири хорижий давлатларнинг ижодий уюшмалари, илғор ОАВ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш. Ҳозирга қадар Хитой, Корея, Тожикистон билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Яқин кунларда бир гуруҳ сирдарёлик журналистларимиз Тожикистонда бўлиб қайтди. Ўз навбатида, тожикистонлик ҳамкасбларимизнинг бир гуруҳи юртимизга келиши кутиляпти. Бундай ижодий тажриба алмашишни туркиялик ҳамкасбларимиз билан ҳам йўлга қўйганмиз.
Шунингдек, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида медиатурлар ташкил этиш айни муддаодир. Бу йил Жиззах, Навоий, Наманган вилоятларида журналистларимиз иштирокида медиатур йўлга қўйилди. Наманган ва Жиззахда ташкил қилинган медиатурда ўн бешга яқин, жумладан, Эрон, Буюк Британия, Россия, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон, Қирғизистондан келган ҳамкасбларимиз иштирок этди. Улар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни ўз кўзлари билан кўриб, хорижий Оавда мақолалар чоп этишди.
Журналистларимизнинг касбий кўникмаларини ошириш мақсадида турли семинар-тренинглар ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу каби тадбирлар нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларидаги сўлим гўшаларда ўтказилмоқда. Ўтган йили Фарғонанинг «Чимён» сиҳатгоҳида журналистлар бир ҳафта давомида ҳам саломатлигини тиклади, ҳам тажрибали журналистларнинг маҳорат дарсларида иштирок этди. Навоий кон-металлургия комбинатининг сиҳатгоҳида ҳам шундай тадбир ташкиллаштирилди. Жорий йилда эса бундай тадбирни Сурхондарё вилоятида ўтказишни режалаштирганмиз.
– Ижодий жамоамизга тилакларингиз.
– «Постда – На Посту» газетаси, «Қалқон – Шит» журнали менинг энг севимли нашрларимдан. Ушбу нашрлар ўз муштарийлари қўлига янги қиёфада етиб бориши учун ижодий жамоангиз ҳамиша изланишда. Кўпчилик уларни фақат тизим ходимларига мўлжалланган нашрлар, деб ўйлайди. Ваҳоланки, нашрлар саҳифаларида нафақат ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, соҳа ходимларининг шарафли, ибратли хизмати билан боғлиқ мақолалар берилади, балки адабиёт, санъат, саломатлик мавзулари, ҳатто болажонлар ҳам ҳамиша таҳририят ижодкорлари эътиборида эканлигини кузатиб бораман.
Бугун юртимиз тинч, деган сўзларни кўп бора такрорлаймиз. Бу тинчлик ортида осойишталигимиз посбонларининг чекаётган заҳматлари яширин. Уларнинг машаққатли хизматининг ўзига хос томонларини ёритиш баробарида, соҳа фидойиларини халқимизга танитиш, ютуқларини тарғиб қилишда таҳририятнинг алоҳида ҳиссаси бор. Демакки, жамоангиз ҳам улуғ ва шарафли йўлда ҳамиша хизматга шай ходимларга йўлдош, дилдош, улар билан ёнма-ён. Фурсатдан фойдаланиб таҳририят жамоаси ва унинг кўпминг сонли муштарийларига дилимдаги энг эзгу тилакларимни йўлламоқчиман.
Ҳурматли ҳамкасблар, фаолият кўламингиз кенгайиб, шарафли йўлингиз равон бўлсин!
«Постда» мухбири
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА
суҳбатлашди.
