Баъзида отасига иш буюраётган, волидасини жеркийдиган, уларга беҳурматлик қилаётган ноқобил фарзандларни кўрсам, жаҳлим чиқиб кетади. “Ҳой, осмондан тушганмисан?” дея бақиргим келади. Афсуски, ҳаётимизда ишлашга иш йўқ дея кўчадан бери келмай кайфу сафо қилиб юрадиган, ота-онасининг пенсиясига кун кўрадиган, бундан заррача номус қилмайдиганларни ҳам учратамиз.
Қуш уясида кўрганини қилади. Сен ота-онангга қандай муомала қилсанг, вақти келиб фарзандларинг ҳам сенга шундай йўл тутади. Шундай экан, уларга иззат-икром кўрсатайлик, борида қадрлайлик.
Бир ўртоғим бор. Отасининг биргина айтган гапини қайтаргани, унга амал қилмагани учун ҳали-ҳануз ўзини кечиролмайди. Армон бўлиб юрагини эзади: “Университетни битириб, энди ишга кирган пайтларим эди. Қишлоққа борганимда отам ҳовлининг бир четидаги тахталарни кўрсатиб, “Оллоҳ насиб қилса ёзда тўй қиламиз, уйланасан, шу тахталардан саҳна ясаб чиройли қилиб безатамиз” деди. Мен эса дарров бунга қарши чиқдим. Шартакилик билан “Йўқ, тўй бўлмайди. Аввал бир-икки сўм ишлай, уй олай. Ижарама-ижара юраманми” дедимда тахталарни чердакка чиқариб ташладим. Отам бир оғиз гапирмади. Маҳзун ҳолда бошини эгиб қолди. Орадан кўп ўтмай... Падари бузрукворим бу оламни тарк этди. Мен ҳамма вақт отам ёнимда бўлади, фарзандларимни кўтариб ўйнатади, деб юрган эканман. Ғафлатда қолдим. Бу йилисига уйландим, лекин тўй отамсиз ўтди. Қани энди ўша дамлар қайтиб келсаю, у айтган ҳар бир сўзига “лаббай” дея жавоб берсам, қучиб падаримнинг ҳидларига тўйсам... Лекин бунинг иложи йўқ.”
Шу ўринда муқаддас динимизда келтирилган, алломаларимиз томонидан айтиб ўтилган баъзи насиҳатларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик. Зора, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиб яшаш ҳеч биримизга армон бўлиб қолмасин:
• аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат ол;
• ота-онанинг насиҳатларини жону дили билан қабул қил;
• гаплашганда мулойим, ёқимли сўзлар билан муомала қил;
• бирор хизмат буюрсалар “лаббай” деб, уни бажар;
• ўзига хуш кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўр;
• уларнинг олдида баланд овозда гапирма;
• уларга “уф” ёки “уҳ” дема;
• ота-онадан олдин таомга қўл узатма;
• ота-она кириб келганда ўрнингдан тур ва улардан олдин ўтирма;
• ота-она ҳузурида оёқларингни чўзма, ёнбошлама;
• улардан юқорида ўтирма;
• ота-она дам олаётганда уларни безовта қилма, олдиларига рухсатиз кирма;
• ота-онанинг кўнглини топиб, розилигини ол;
• ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар ол;
• дуо қилганда ота-онанинг ҳақларига алоҳида дуо қил.
Фозилжон Мамашарипов тайёрлади.
