Ушбу қиссани бир ёки икки марта ўқиш камлик қилади. Асарни ўқиб, ундан хулоса чиқара олиш осон иш эмас, бу унинг сюжецизлиги билан боғлиқ. Инсоннинг ёлғиз қолиши аслида қўрқинчли эмас, фақат у бунга бардош бера олса бўлгани.Чунки инсон ёлғиз қолди дегунча, истар-истамас ўзи билан ўзи суҳбат қура бошлайди ва ўшанда унинг дили тилига кўчади.
Энг яқин инсонларига ҳам айта олмайдиган сўзларини бировга эшиттирмаган ҳолда, лекин жуда баланд товуш билан ўзига айтади, бу ҳолатда эшитмасликнинг умуман иложи йўқ. Ички "мен" шундай, у ЁЛҒОН сўзлашни билмайди,сиз эса уни алдай олмайсиз (аслида бунинг имкони ҳам йўқ). У исён қилади, сиз эса уни бостиришга қодир бўлсангизгина ЁЛҒИЗ қолинг. У билан муросага келаман деб ёлғизликни танласангиз ҳам адашмайсиз, чунки ёлғизлик орқали сиз шу пайтгача бўлган ҳаётингиз ва бундан кейинги ҳаётингизни озгина бўлсада ўйлаб оласиз. Улуғбек Ҳамдамнинг бу асари инсондаги ички кечинмаларни шу даражада моҳирлик билан очиб бера олганки, буни тушуниш учун Сиз асардаги ҳолатга тушушингиз ва уни чуқур англаб етишингиз керак бўлади.
Асарда инсоннинг танаси ва руҳи ўртасида жуда кескин кураш кетиши, руҳ покликка интиламан деса тана бунга йўл бермаслиги, бундан ташқари ҳаётдаги ташвишлар инсонга ўзининг севимли машғулоти билан истаганича шуғулланишга имкон бермаётгани, инсонлар ҳаётида моддиятга бўлган эътибор маънавиятга бўлган эътибордан кам бўлмаётгани-ю, инсонларни арзимас мансаблар учун бир-бирига чох қазиши билан бир қаторда инсонни "ички мени" билан суҳбатлашишга мажбур этувчи жумлалар ёритилган.
