Юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни уч тамойилга – умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида, ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берди.
Тил миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши, шу билан бирга, бошқа тилларга ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри, обрўйи ва нуфузи ошади. Айниқса, дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз шарт. Ривожланган давлатлар даражасига чиқиш ва рақобатбардош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, ички ишлар органлари ходимлари ҳам халқаро тилларни билиши муҳим. Чунки биз глобал ривожланиш тенденсияларидан ортда қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслигимиз керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзбек тилини мукаммал билиши шарт. Тилга ҳурмат – халққа ҳурмат. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам, миллий тил софлигига путур етади. Тил ўзлигимиз тимсоли, миллат мулки ҳисобланади.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида қилган тарихий нутқи нафақат мамлакатимизнинг, балки ўзбек тилининг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янги поғонага кўтаргани билан ғоят қимматли бўлди. Давлат тимсоли сифатида ҳар биримизга фахр, ғурур ва ифтихор бағишлади.
Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу боис тилимизнинг софлиги ва ривожланишини таъминлаш, тилнинг аҳамиятини келажак авлод онгига сингдириш, уларнинг она тилига бўлган муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар йил сайин кенгайиб бориши керак. Ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир инсон она тилимизга жуда эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурч, деб билиши керак. Аммо бунинг учун ўқув қўлланмалари ва дарсликлар, тил маъно ва мазмунини ифодаловчи изоҳли луғатлар бўлиши талаб этилади.
Шу мақсадда 5 жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» ҳамда «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмаси 3 минг нусхадан чоп этилди. Шунингдек, «Халқаро термин элементларининг изоҳли луғати», «Терминларнинг таржима луғатлари», «Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг мукаммал энсиклопедияси», «Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати», «Ўзбек адабиёти хазинасидан», «Ўзбек халқ шевалари» каби илмий асарлар устида иш олиб борилди.
Кейинги йилларда «Алишер Навоий қомуси», «Заҳириддин Муҳаммад Бобур энсиклопедияси», «Фалсафа қомусий луғати», «Ўзбекистон юридик энсиклопедияси», «Ислом энсиклопедияси», «Маънавият: асосий тушунчалар луғати»,
«Педагогика: энсиклопедия», «Тарих атамалари луғати», «Адабиёцҳунослик луғати», «Юридик атамалар луғати» каби 40 дан зиёд фундаментал китоблар нашр этилди.
Албатта, бу ишлар тилимиз софлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, 1981-йилда нашрдан чиққан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «О» ҳарфи билан бошланувчи
80 га яқин хорижий сўз ва атамалар ўзбекча сўз сифатида қайд этилган бўлса, 2020-йилда тайёрланган тузатилган 2-нашрда улар сони 35–40 фоизга камайган.
Маълумки, Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам она тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузи, мавқейини ошириш, вазирлик таълим муассасаларининг курсант ва ўқувчи-ёшларини ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, ички ишлар органларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши таъминлаб келинмоқда. Ҳудудий ички ишлар органларида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилмоқда.
Тилимиз софлигини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлишига қарамай, лоқайдликка йўл қўйилиши ва эътиборсизлик туфайли сўзларни бузиб талаффуз қилиш, ёзувларда жиддий хатоликларга йўл қўйиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Кейинги пайтда ижтимоий тармоқни қўя турайлик, ҳатто айрим тил мутахасислари – ўқитувчиларнинг ҳам сўзни ифодали талаффуз қилмагани натижасида кулгили ҳолатлар рўй бермоқда. Масалан, бурноғи йили «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан телевизор орқали бир устознинг касбидан мағрурланиб: «Ёшликда олган ўғитларимизни оқлаяпмиз» дегани кечириб бўлмас хато ҳисобланади. Чунки ўғит экинга солинадиган озуқа бўлса, «ўгит»нинг ўзаги «ўг» бўлиб бу панд-у насиҳат қилмоқ, ақл ўргатмоқ, тушунтирмоқ маъносини билдиради.
Ҳар бир фуқаро ўз устида ишлаши, айниқса, газета-журнал ва бадиий адабиётларни мунтазам ўқиб бориши зарур. Шунда биз ҳам тилимиз софлигига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Зеро, донишларимиз айтганидек, «Ҳар бир миллат, ҳар бир тил ўзича такрорланмас ва ўзича шариф. Жумладан, менинг ўзбек тилим ҳам, ўзбегим ҳам».
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
ўз мухбиримиз.
