Халқимиз хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган, янгиланган Конституцияда ижтимоий, ҳуқуқий ва дунёвий давлатнинг барча нормалари акс эттирилган. Хусусан, Бош қомусимизнинг биринчи моддасида: «Ўзбекистон – бошқарув­нинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» дея белгилаб қўйилган. 

Ижтимоий давлат – ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат моделидир.

Дунёвий давлат – давлат ҳокимияти ва бошқарувдан дин ажратилган, бошқарув диний қоидалар билан эмас, балки қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асосларга таянилмайдиган давлат. Шунингдек, ҳеч қандай дин ва мафкура давлатнинг мажбурлов кучи билан ўрнатилмаслигини, уларнинг давлатдан айри эканлигини тавсифлайди. 

Ҳуқуқий давлат – демократик тамо­йиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлат. Қолаверса, қонун олдида барча тенглиги ва ҳисобдорлиги, ҳокимиятлар бўлиниши принсипи асосида давлат ўз фаолиятини амалга ошириши, фуқаро ва давлат ўртасида масъуллик, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги реал таъминланганлигидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан Конституциянинг янги таҳрири бўйича референдум якунларига бағишланган учрашувда «Ўзбекис­тон – дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Халқимизнинг референдум орқали билдирган хоҳиш-иродаси, қатъий танлови ҳам шу!» дея алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, бундан буён ҳам, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланиши; барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши; мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилишини қайд этди.

Ижтимоий ва дунёвий давлатнинг энг асосий устуни ҳамда ажралмас қисми қонун устуворлиги саналади. Қонун бирламчи бўлган давлат ўз-ўзидан ҳуқуқий давлатдир.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторида, ички ишлар органлари ҳам ҳуқуқий давлатда қонун устуворлигини таъминлашда асосий ўрин тутади. Осойишталик посбонлари фуқаролар­нинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишида, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда камарбаста бўлмоқда. Халқ билан тизимли манзилли мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш орқали аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашмоқда. 

Янги таҳрирдаги Конституциямизга ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнатга лаёқацизлар ва кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий хизматлар тизимини ривож­лантириш бўйича ҳам ҳуқуқий нормалар киритилган. Жумладан, 57-моддада: «Меҳнатга лаёқациз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир» деган банд мавжуд.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ янги тизим яратилди. Хусусан, кам таъминланган оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб белгиланди. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ишга туширилиб, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.

Кейинги пайтда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизими амалга жорий қилиниб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Бугун юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини уй-жой билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда кўплаб уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тураржойга бўлган талабни қондириш бўйича аёллар ва ёшларга, эҳти­ёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилди. 

Маълумки, жорий йил 19-сентабр куни Ню-Ёрк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси­нинг умумсиёсий мунозаралари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президентимиз кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ва кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб, қатъият билан шундай деди: «Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқ­дамиз. Мамлакатимиз «Инсон қадри ва манфаатлари учун» деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда». 

Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқаролар­нинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принсипларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир.

«Ўзбекистон – 2030» стратегия­сининг ишлаб чиқилишини жамиятимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳар томонлама ривожланган демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат барпо қилиш йўлидаги ислоҳотларни янада жадаллаш­тириш борасида қўйилган муҳим қадам деб баҳолаш лозим. Бу янги Ўзбекис­тонда инсон қадри, унинг муносиб ҳаёт кечириши ҳар нарсадан устун эканли­гининг ёрқин исботидир.

Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.