Бугунги кунда Ўзбекистонда 35 миллиондан ортиқ аҳоли ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Аҳоли сони ва унинг ўсиши бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллайди. Юртимиз ҳудудидан Марказий Осиёнинг энг катта дарёлари – Амударё ва Сирдарё оқиб ўтади. Серқуёш Ватанимизнинг ерлари серунум, ресурсларга бой.
1991-йилнинг 31-августида Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилиниб, халқимизнинг муқаддас, тарихий орзуси ушалди.
Истиқлол йилларида мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши таъминланмоқда.
Ҳар бир давлатнинг транспорт-логистика тизими мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашганлигини инобатга олиб, ҳукуматимиз раҳбарияти транспорт-логистика тизимини янада шакллантиришга, йўл қурилишига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Мамлакат ҳудудларини ҳамда халқаро йўл тизимини янгидан, муқобил вариантларда шакллантиришга кўп миқдорда инвестиция сарфланмоқда. Халқаро стандартларга мос транспорт-логистика тизимини тўлиқ шакллантирсак, транзит юк ташишдан ҳам кўплаб даромад олишимиз мумкин.
Мамлакатимизда темирйўл қуриш жадал суръатлар билан ривожлантирилмоқда. Қисқа давр ичида Бухоро – Урганч йўналиши бўйича 300 километрдан ортиқ темирйўл, Тошкент – Фарғона водийси бўйича 350 км темирйўл барпо этилди. Халқаро даражадаги лойиҳа бўйича Афғонистонга 110 км узунликда, яъни Сурхондарё – Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли қуриб битказилди.
Ўзбекистон дунё бўйича сув йўлига эга бўлмаган давлатлардан биттаси. Ушбу ҳолат транспорт тизимидаги энг катта муаммо ҳисобланади. Келажакда Афғонистон орқали Карачи портига чиқиш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Умуман олганда, транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи давлатлардан ҳисобланади.
Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий алоқалари охирги беш йилда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Иқтисодиёт, фан, кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий соҳада бўлаётган ижобий муносабатлар алоҳида эътиборга лойиқ. Савдо айланмаси 2017-йил 177 миллион долларни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Қўшни Афғонистон мамлакати билан иқтисодиёт, маданият ва минтақада тинчлик-осойишталикни сақлаш борасида ҳамкорлик қилинмоқда, афғон халқига моддий, маънавий ёрдам берилмоқда. Ушбу мамлакат билан товар айланмаси 2020-йилнинг биринчи ярмида 332,9 миллион долларга тенг бўлди. Келажакда бу ҳамкорликни янада кенгайтириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Юқорида қайд этилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонни ўзининг ишлаб чиқариш потенсиали, имкониятлари, барқарор иқтисодий ўсиши, халқининг ижодкорлиги ва тадбиркорлиги, маънавий ва маърифий салоҳияти ҳамда тинчликпарварлиги билан Марказий Осиёда локомотив мамлакат деса бўлади. Ўзбекистонда қабул қилинаётган 2022–2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш ушбу ҳолатни янада мустаҳкамлайди.
Ўтмишга назар солсак собиқ иттифоқ даврида, ҳатто мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам Ўзбекистон хом-ашё етказиб берувчи аграр мамлакат эди. Ялпи ички маҳсулот таркибининг 33 фоизи қишлоқ хўжалиги улушига, 14 фоизи эса саноат тармоғи ҳиссасига тўғри келарди. Бугунги кунга келиб, саноат улуши 34 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса 16–17 фоизни ташкил қилади. Энди Ўзбекистон аграр эмас, балки саноати ривожланаётган индустриал мамлакатга айланди.
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлган эмас. Иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлайдиган асосий тармоқ бу саноат тармоғидир. Шу жумладан, саноатнинг энергетика, машинасозлик ва кимё тармоқлари иқтисодий ўсишда локомотив тармоқлар ҳисобланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳукуматимиз раҳбарияти юқорида қайд этилган тармоқларга алоҳида эътибор бериб, давлат буджетидан, хорижий инвестициялардан керакли миқдорда маблағ ажратилди, давлат дастурлари йўналтирилди. Айниқса, 2017–2021-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси амалга ошириш давомида мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, саноат жадал суръатлар билан ривожлантирилди. Бухородаги нефтни қайта ишлаш заводи, Қандим кимё комплекси, Муборак газни қайта ишлаш заводи реконструксияси, Шўртангаз кимё комплекси, Қорақалпоғистондаги кимё комплекси, Қашқадарёдаги «Узбекистан ГТЛ» заводининг яқинда ишга туширилиши, энергетика соҳасида иссиқлик электростансиялар, гидроэлектростансияларнинг қурилиши, мавжудларининг реконструксия қилиниши, муқобил электр энергияси ишлаб чиқарила бошланиши – буларнинг ҳаммаси иқтисодий ўсишни таъминловчи локомотивлар, десак, тўғри бўлади.
Мамлакатимиздаги барқарорлик ва қулай инвестиция муҳити натижасида ташқи иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. 2021-йилда жами 10 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, 8 миллиард 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бунинг натижасида 318 та йирик ва 15 мингдан зиёд ҳудудий лойиҳалар амалга оширилиб, 273 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилган. Янги корхоналар жами 1 миллиард доллардан зиёд экспорт ва 530 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш имкониятига эга.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, 2020-йилда мамлакатимизда экспорт миқдори 9 миллиард доллардан ошган бўлса, 2021-йилда 12 миллиард долларни ташкил этган. Эътиборлиси, бунда тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар
улуши сезиларли кўпайган. Жорий йилда 9 миллиард 500 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий сармояларни ўзлаштириш, 282 та йирик ва 9 мингдан ортиқ ҳудудий лойиҳаларни ишга тушириш мўлжалланган. Экспорт ҳажмини 14 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.
Маълумки, 2017-йилгача атрофимиздаги қўшни мамлакатлар билан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатларимиз, ўзаро алоқалар етарли даражада эмас эди. Халқимизда «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши» деган нақл бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан қўшни мамлакатлар билан барча йўналишдаги алоқалар яхшиланди.
Қўшни Қозоғистон мамлакати билан ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. 2020-йилда Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти 908,4 миллион долларга етган бўлса, 2021-йилнинг 9 ойида 1057,2 миллион долларга етди. Умумий товар айланмаси 2020-йил 3 миллиард доллардан 2021-йилнинг 9 ойида 3,53 миллиард долларга етди. Ўзбекистон экспортининг 9,3 фоизи Қозоғистонга тўғри келади. Яқин беш йилликда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Қирғизистон билан ҳам иқтисодий алоқалар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Охирги уч йилликда ўзаро товар айланмаси беш мартага ортиб, 818,4 миллион долларга етди. Ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
