Махтумқули 1733-йилда Гурган дарёси соҳилидаги Ҳожи-говшан қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси Давлатмамат Озодий ҳам шоир бўлган. Махтумқули бошланғич таълимни оилада ўз отасидан олган. Сўнг қишлоқ мактабида Ниёзсолиҳ мулла қўлида ўқиган. Дастлаб Халач атрофининг Қизилоёқ қишлоғидаги Идрисбобо мадрасасида, кейинчалик Бухоронинг Кўкалдош, Хиванинг Шерғозий мадрасаларида ўқиган. Низомий, Фирдавсий, Фузулий, Навоий сингари машҳур шоирлар ижодидан илҳом олган. 

Шоир лирик шеърлар, лирик-эпик достонлар, ғазал ва мухаммаслар ёзган. Бизгача унинг лирик, фалсафий, панд-насиҳат характеридаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърлари етиб келган. Махтумқули шеърларида туркман халқининг ҳаёти, урф-одатлари, ўз даврининг муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисалари, ўзининг ички кечинмалари теран ифода этилган. 

Ижодкорнинг ишқ-муҳаббат мавзуйидаги шеърлари ҳам оҳангдорлиги, чуқур фалсафий моҳияти билан ажралиб туради. Шоирнинг ҳаёт ва ўлим, инсон ва борлиқ, гўзал инсоний фазилатлар ва одоб-ахлоққа оид шеърлари диний қадриятларимиз ҳамда тасаввуфий қарашлар билан йўғрилган. Бу фоний дунёнинг ўткинчилигини назарда тутиб шоир шундай ёзади:

Маконингдир, хоки замин қучарсан,

Бир карвонсан, диёрингга кўчарсан,

Мавсум гули сўлар, қурир, ўчарсан,

Овозинг гум бўлар, тила меҳмондур.

Унинг ижодида Ватанга муҳаббат ғоялари алоҳида ўрин эгаллайди. Шоирнинг ана шу руҳдаги қуйидаги сатрларини шеърият ихлосмандлари яхши билишади деб ўйлаймиз:

Мастона юргунча ғайри юртинда,

Униб-ўсган ўз юртингдан айрилма.

Мағрур каклик каби нафсинг уғринда

Дома тушиб, қанотингдан айрилма!

Махтумқули услуби халқ оғзаки ижодига жуда яқин, ана шу бебаҳо манбадан озиқланган. Шунинг учун ҳам халқона, оддий одамларнинг дилидан жой олади. У ўз шеърларида туркман халқининг мақол ва маталларидан, ибораларидан моҳирона фойдаланган. Ўз навбатида шоирнинг кўплаб пурмаъно мисралари ҳам туркман миллатининг ҳикматли сўзлари, мақоллари қаторидан ўрин олган. 

Махтумқули шеърияти барча туркий миллатлар, жумладан, ўзбекларнинг ҳам маънавий мулкига айланган. Унинг шеърлари ўзбек тилига қайта-қайта таржима қилиниб, китоб ҳолида нашр этилган. Кўплаб шеърлари ҳофизлар томонидан куйга солиб айтилади. Айниқса, Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев, Муроджон Аҳмедов, Ортиқ Отажонов, Камолиддин Раҳимов, Баҳром Назаров каби санъаткорлар унинг шеърлари асосидаги қўшиқларни юксак маҳорат билан ижро этишган.

Адабий дўстлигимиз абадий дўстлигимиз омилларидан биридир. Шу маънода шоир ижоди ўзбек халқининг туркман халқи билан қардошлик, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик муносабатлари тобора чуқурлашиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳар икки халқ учун бирдек қадрли бўлган Махтумқули шахсига нисбатан эҳтиром ўзига хос ўрин эгаллайди. 

Жумладан, пойтахтимизда улуғ шоир номидаги кўча бор ҳамда унга ёдгорлик ўрнатилган. Энг муҳими, ўзбек китобхони ўзининг туркман шоири бўлган Махтумқули ижодини севиб мутолаа қилиб келмоқда. Санъат шайдолари унинг шеърлари асосида куйланадиган қўшиқларни жон қулоғи билан тинглашади. Қуйида унинг ижодидан айрим намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.