Маънавият ва маърифат дарси

(21-октабр – Ўзбек тили байрами куни)

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам 33 йил тўлди. Бу вақт мобайнида миллий тилимиз ривожи йўлида нималарга эришдиг-у, яна қандай ишларни амалга оширишимиз зарур деган савол ўзида ватанпарварлик, миллатпарварлик, миллий ўзликка дахлдорлик ҳиссини туйган ҳар қандай инсонни қизиқтириши табиий.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йиллар мобайнида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, унинг мавқеини кўтариш борасидаги ишларнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз.

Масалан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари, «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганлигининг 30 йил­лигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармон ва қарорлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ўзбек миллий тили, унинг асосини ташкил этувчи ўзбек адабий тилининг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини кўтариш ишларида дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор ҳамда фармонлар мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини кўтариш борасидаги ишларни жадал суръатларда давом эттиришни таъминлаган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019–2020-йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури»да белгиланган вазифалар ижроси борасида янада салмоқли ишлар амалга оширилди.

Энг аввало, «2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш консепсияси ва давлат дастури»нинг ишлаб чиқилганлиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Илмий асосланган сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил этилганлиги ва дарҳол ўз фаолиятини бошлаганлиги бу соҳадаги дастлабки қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин.

Ўзбек тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси», шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилингани ҳам қувонарли ҳолдир.

Маълумки, олдинги йилларда чоп этилган изоҳли луғатларимиз ва давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланмаларда айрим жузъий камчиликлар ва хатоликларга йўл қўйилган эди. Ана шу ноқисликларни бартараф этиш мақсадида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», ҳамда «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмаларининг тўлдирилган, такомиллаштирилган нусхалари нашр этилди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ўзбек тилининг луғат бойлигини доимий равишда янги сўзлар билан бойитиб бориш ва ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган «Ўзбек шевашунослиги маркази» ташкил этилганлиги ҳам тилимиз равнақи йўлидаги дадил қадамлардан биридир. Зеро, ўзбек тили туркий тиллар ичида энг кўп шевали тил бўлганлиги учун бу тилнинг жуда кўп назарий ва амалий масалаларини ҳал этиш лаҳжа ва шева материалларини ўрганиш, таҳлил этиш ишлари билан алоқадордир. Шеваларда тилимизнинг миллий хусусиятлари тўла ва айнан сақланганлигини инобатга олсак, адабий тилимизни ички имкониятлар асосида такомиллаштиришда лаҳжа ва шевалар тилига мурожаат қилмасликнинг иложи йўқ.

Ўтган йилларнинг аччиқ сабоқларидан яна бири – ҳатто турғунлик йиллари номини олган даврларда ҳам аксарият олийгоҳларда мавжуд бўлган ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ўйлаб кўрилмасдан қабул қилинган қарор оқибатида тугатилиб, ушбу фанлар ўқитилмай қўйганди. Шукрки, юқорида тилга олинган дастур талабларидан келиб чиқиб, республикамиздаги барча олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ташкил қилинди ҳамда барча мавжуд йўналишларнинг ўқув режаларига «Ўзбек тилининг соҳаларда қўлланиши» фанини ўқитиш жорий қилинди.

 

Хусусан, ИИВ Академияси ва мамлакатимиздаги турдош олий ўқув юртларида тил ўқитиш масаласига кенг эътибор қаратилди. Чунки халқ билан доимий мулоқотда бўладиган ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари учун тилни билиш, билганда ҳам, энг нозик қирраларигача эътибор қилиш жуда муҳимдир. Зеро, донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Шунинг учун она тилимизни асраб-авайлаб, уни эъзозлашимиз лозимдир. Қолаверса, миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлол-у истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби, ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

 

Султон НОРМАМАТОВ,

Тошдўтау Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори,

филология фанлари доктори.