Азим пойтахтимизнинг тарихини ўрганиш, унинг осори атиқаларини асраб-авайлаш ва қайта тиклаш ишлари давлат томонидан алоҳида назорат остига олинган.

2021 йил 18 октябрдаги Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрининг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва уларнинг жойлашган координаталарини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, пойтахтнинг қадимий 12 та дарвозаси аниқ белгиланган жойлари, уларнинг кўриниши ва тарихи тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда қадимий дарвозаларни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, ушбу дарвозалар ҳақида нималарни биламиз? Қадимдан Шош ҳудудининг кенгайиши билан шаҳар девори ҳам, у бўйлаб ўрнатилган дарвозаларнинг ўрни ва номлари ҳам ўзгариб турган. Шаҳар ягона мудофаа девори билан ўраб олиниб, мустаҳкам истеҳкомга айлантирилган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, ХИВ аср охирида шаҳарнинг 12 дарвозаси (Қиёт, Турк, Ўзбек, Тахтапул, Қорасарой, Чиғатой, Суъбониён (Сағбон), Кўкча, Камондарон, Қанғли, Бешёғоч, Қатағон) бўлиб, уларни қўриқлаш маълум бир қабила вакилларига топширилган. Шу сабабли дарвозалар ўша қабилалар номлари билан аталган.

 Абдуллахон ИИ 1580 йил Тошкентни қамал қилганда, шаҳарга 6 тарафдан ҳужум қилишга фармон берган. «Абдулланома»да шаҳарнинг Фаркат, Шибли, Кўкча, Туркистон (янги қурилган), Самарқанд, Регистон каби дарвозалари бўлганлиги қайд этилган. Кейинги асрларда шаҳар мудофаа девори ташқи душманлар ҳужумлари таъсирида вайрона ҳолига келган. Юнусхўжа даврига келиб эса қайта тикланган. Қўқон хонлиги Тошкентни ўз ҳудудига қўшиб олгач, Лашкар қушбеги томонидан шаҳар девори қайта таъмирланиб, ҳар ер-ҳар ерда миноралар қурилган, янги дарвозалар ўрнатилган.

 Тошкент 1865 йил­да Чор Россияси томонидан босиб олинган вақтда, унинг 12 та – Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешёғоч, Қўймас, Қўқон ва Қашғар дарвозалари бўлган.

 Айрим манбаларда келтирилишича, Тошкентнинг қадимий дарвозалари сони турли даврларда турлича бўлган. Шарқ ва Ғарб ўртасидаги чорраҳа ҳисобланган Тошкент шаҳри аҳолиси ташқи душманлардан ўзини муҳофаза қилишга ҳаракат қилган. 1735 йилда Тошкентда бўлган ташрифчилардан бири «Шаҳар тўрт томондан ғиштли девор билан ўралган 32 та минорали дарвозалари бўлган. Деворни устида бемалол иккита отлиқ юра олган» деб маълумот беради. Тошкент девори ҳақидаги манбаларда «ХВИИИ асрнинг охирларида шаҳар мудофаа деворининг баландлиги салкам 8 метр, тепа қисмининг кенглиги 2 метргача бўлган. Девор айланасининг узунлиги 18,2 км, шаҳарнинг умумий майдони эса 26,4кв. километрни ташкил этган», деган маълумотлар мавжуд.

Ҳар бир дарвоза ҳудуди, маҳаллий аҳолининг касби-кори, қайси томонга йўналганлиги каби омиллар асосида номланган. Масалан, Камолон дарвозаси Бешёғоч даҳасининг қадимий дарвозаларидан бири бўлиб, Бешёғоч ва Самарқанд дарвозалари оралиғида, «Камолон» маҳалласи ҳудудида ва маҳалла масъуллигида бўлган. Муҳаммад Солиҳ «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Камолон маҳалла сифатида тилга олинган, дарвоза эса Камондарон кўринишида ёзилган. Табиийки, маҳаллада яшаган бу тоифанинг асосий касб-корлари камон ва камон ўқи ясаш бўлган. Камондарон (камонгорон), яъни камонсозлар кейинчалик оғзаки тилимизга Камолон талаффузида етиб келган. Тарихдан маълумки, Тошкентда ясалган ўқ-ёйлар Шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлган.

Самарқандга бориладиган карвон йўли шу ердан бошланганлиги сабаб «Самарқанд дарвоза» деб юритилган. Бу ерда яшовчи кексаларнинг маълум қилишича, 1895 йилгача Самарқанд дарвозасининг ички ҳудудида Тошкентга кирувчиларни назорат қилувчи ва ўлпон йиғувчилар яшаган. Аҳолиси асосан ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик, деҳқончилик билан шуғулланган.

Дарвозаларнинг ҳаммаси катта йўл устида қурилган бўлиб, калитлар дарвозабонлар қўлида сақланган. Дарвозабонлар дарвозани тонгда очиб, қуёш ботганда беркитган. Дарвоза ёпилгандан сўнг уни очишга фақатгина шаҳар ҳокимининг ўта зарур фармойиши бўлгандагина рухсат берилган.

Узоқ йўлдан чарчаб келган карвон шаҳар дарвозаси олдида тўхтаб, юкларини туширган ва шаҳарга кириш учун ҳужжатлаштириш ишларини олиб борган. Божхона солиғини олиш учун закотчи маҳсулот ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб юритган.

ХИХ асрнинг иккинчи ярмида шаҳар девори ва дарвозалари бирин-кетин бузила бориб, тез орада уларнинг изларини топиш мушкул бўлиб қолган. Сабаби бир томондан шаҳар майдонининг кенгайиб боришида бўлса, иккинчидан – бу девор ва дарвозаларни сақлашга ҳам эҳтиёж қолмаганлигида эди. Натижада улар ўз ҳолича ташлаб қўйилган.

Тошкент дарвозалари калитларида тегишли дарвоза номи ва ясалган йили ёзилган. 1865 йил июн ойида Тошкент Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин, 12 та дарвозанинг рамзий олтин калитлари ясалиб, рус генерал-губернатори Михаил Черняевга топширилади. У эса калитларни Петербургдаги ҳарбий музейга топширади.

Бу калитлар дарвозани очувчи ҳақиқий калитлардан анча кичик бўлган. Улар Петербургда 1917 йилгача Россия империяси, ундан кейин шўролар ҳукумати тасарруфида бўлган.

1933 йил 14 июнда Тошкент дарвозаларининг рамзий калитлари Ўзбекистонга қайтариб берилган.

Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.