1938-йилнинг 4-октабрида жадид боболаримиз – Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби эл ардоғидаги шоир ва ёзувчилар, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов каби адабиёцҳунос олимлар, биринчи ўзбек кинорежиссёри ва фотографи Худойберган Девоновлар қатл этилди. Энг ачинарлиси, уларни ўлимга ҳукм қилиш ҳақидаги ҳужжат қатлдан бир кун ўтиб, 5-октабрда расмийлаштириб қўйилган.

Ҳарбий коллегиянинг 1938-йил 4-октабрдан 16-октабргача бўлган сайёр йиғилишларида жами 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм чиқарилди. Ўзбекистонда 1937-йил 10-августдан 1938-йил 1-январгача 10700 нафар киши қамоққа олинган. Шундан 3613 киши қатл этилган бўлса, 7087 нафари саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди. 1937–1953-йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Уларнинг 13 000 нафари отиб ташланган, яна минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган.

Мустабид тузум халқимизнинг энг илғор вакилларини жисмонан йўқ қилиш, узоқ муддатларга лагерларга сургун қилиш билан чекланмай, уларнинг оила-аъзолари ва яқинларини ҳам таъқиб қилди. Ҳатто уларнинг номларини ҳам тарихдан ўчиришга уринди, яратган асарлари, чоп этилган китобларини ҳам тақиқлади.

Қатағонлар оқибатида халқимиз энди кучга тўлган, ўз Ватани равнақи йўлида ҳали катта ишларни қилиши мумкин бўлган минглаб етук кадр­ларидан, асл ўғлонларидан айрилди. Мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, ҳарбий, илмий, адабий-маданий салоҳиятига ўрнини тўлдириб бўлмайдиган даражада зарар етди.

Хўш, шўролар ҳокимиятининг ушбу қатағонлардан кўзлаган мақсади нима эди? Бу сиёсат қурбонига айланган зиёлилар, жадид боболаримизнинг «айби» нима бўлган? Улар мавжуд сиёсатга қандай хавф солган эди, деган саволлар кишини чуқур ўйга солади.

Энг бошиданоқ ёлғонга асосланган пролетариат диктатураси ҳар қандай ҳур фикрга, мухолиф қарашларга тиш-тирноғи билан қарши бўлган. Шу боис совет ҳокимиятини танқид қилув­чилар, унинг чор ҳукуматидан ошиб тушган империалистик сиёсатига қарши фикр айтувчи диний етакчилар ва миллий интеллигенсия вакиллари устидан назорат ўрнатиш, бу сиёсатга таҳдид солиши мумкин бўлган кучларни аниқлаш, уларни маънан ва жисмонан йўқ қилиш мақсад қилинган эди. Қатағонлар, шунингдек, совет ҳокимиятининг жамият устидан тотал назоратини ку­чайтириш ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай норозилик ёки мустақилликка интилишни аёвсиз бостиришга қаратилган эди.

Энг қизиғи, ҳур фикрли ойдинларимизни маҳв этиш мақсадида турли аксил­инқилобий ташкилотлар қатағон тузуми буюртмаси асосида марказ ва унинг жазо органлари томонидан атайин тўқиб чиқарилган. Бунинг орқасида минг-минглаб бегуноҳ инсонлар шафқациз жазоланган, ёш умрлари хазон бўлган. Уларнинг авлодлари ҳам «халқ душмани»нинг болалари сифатида жамиятдан ажратилган, ҳаёти остин-устун бўлиб кетган.

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди.

Дунёда глобал хавф-хатарлар ку­чайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда жадидларнинг Ватан озодлиги ва юрт тараққиёти борасидаги ғояларини, таъбир жоиз бўлса, «қайта тирилтириш», уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга машаққатли курашлар ва минглаб қурбонлар эвазига қўлга киритилган истиқлолни, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаш, қадрлаш кераклигини англатиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу заруратни яхши англаган давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 8-октабрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши янги изланишлар, амалий чора-тадбирларга кенг йўл очди. Айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхоновларнинг «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг реаблитация қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.

Ушбу савобли ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 19-июлда Президентимизнинг «Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарордан кўзланган мақсад тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтайи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини ку­чайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялашдир.

Хусусан, қарорнинг 3-бандига асосан, ҳар йили октабр ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш белгиланди. 

Қарорга асосан, қатағон қурбонлари, жумладан, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий меросини ўрганиш, бу борада илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар, «Ўзархив», Маданий мерос, Ёшлар ишлари агентликлари, Фанлар академияси ва бошқа вазирлик ва идораларга бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди. Қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларининг илмий-ижодий фаолиятига тегишли нодир китоблар, қўлёзма асарлар, тарихий ҳужжатлар ва бошқа материалларни таъмирлаш ҳамда рақамлаштириш, аудиовизуал маҳсулотлар тайёрлаш, уларни интернет тармоғида оммалаштириш, «Жадидлар.уз» электрон платформасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, давлат архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига оид муайян архив ҳужжатларини белгиланган тартибда махфийликдан чиқариш, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари илмий ходимлари учун вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имкониятини яратиш шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, халқимизнинг миллий ўзига хослиги, асрлар оша яшаб келаётган қадриятлари ва маданий меросини ривожлантиришга ҳисса қўшган жадидлар фаолиятини ўрганиш ўзбек халқининг миллий ғурурини юксалтиришга, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умуман олганда, жадидлар фаолияти ва ғояларини ўрганиш халқимизга ўз бошидан кечирган аччиқ тарихдан сабоқ олган ҳолда, таълим ва миллий маданиятни юксалтириш, жамият тараққиётига хизмат қилувчи илғор ғояларни ҳаётимизга кенг жорий этиш орқали ривожланган дунёда тенглар ичра тенг бўлиб яшаш имконини беради.

Элбек НОРМЎМИНОВ,

ИИВ Музейи бошлиғи, маёр.