Бугун юртимизда аҳоли­нинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш, жамиятда қонун энг муҳимлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, жамият ва мамлакат ҳаётида қонун муқаддас ҳисобланиб, у юксак мақомга эга, унда халқнинг иродаси, хоҳиш ва истаклари, манфаат ва интилишлари мужассамдир. 

Ҳозирги глобаллашув шиддати ҳар қандай давлат тараққиётида қонунларга 

риоя этиш, энг авалло, жамият ҳаётида адолат, инсонпарварлик ғояларини тараннум этишга замин яратади. Инсоният тарихида қонунлар­нинг кашф этилиши жамият ва давлат ўртасида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солувчи ижтимоий 

норма ҳисобланган.

Тарихан инсонлар ижтимоий муносабатларни тартибга 

солиш ва ўзларининг эҳтиёж­ларини таъминлашда қонунларга итоат қилиш талаб этилган. Қа­димги юнон олими Афлотун ҳам жамиятнинг алоҳида гуруҳлари ва табақалари манфаати йўлида қабул қилинган қонунлар адолатга мос келмаслигини алоҳида таъкидлаб, мамлакат фуқароларининг мафкуравий тарбияси қонунларга итоаткорлик руҳини сингдиришда муҳим эканлигини эътироф этган. 

Бугунги кунда жаҳон геосиёсий майдонида кечаётган глобаллашув жара­ёнларининг кучайиши ҳамда замонавий ахборот технология­ларининг жадал ривожланиши дунё миқёсида кескин бурилиш ясамоқда. Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида кечаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолаётганини кўрсатаётир. Бу каби таҳдидлар миллий ва умум­инсоний қадриятлар емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулияцизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатлар илдиз отишига замин яратмоқда. 

Айниқса, глобаллашув шароитида мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олаётгани огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда. Дунё миқёсида юз бераётган энг хавфли ёвуз иллат мафкуравий хуружлар ўзга бир давлат фуқароларининг қалби ва онгини забт этиш, мафкурасидан воз кечтириш орқали «ўзгача» мафкураларни онгига сингдиришда намоён бўлмоқда. Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда маънавий тубанлик таъсири оқибатида маданияцизлик, эътиқодсиз­лик каби қатор «таълимотлар» ошкора, баъзан эса яширин тарзда тарғиб этилмоқда. Натижада миллий руҳ, миллатнинг ўзига хослиги ва асрий қадриятларини зимдан емиришга замин яратилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланиш босқичида халқимизнинг ҳуқуқий ва маънавий-мафкуравий савод­хонлигини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Зеро, дунё саҳнида юз бераётган мафкуравий жараёнлар биздан огоҳ бўлишни, фуқаролари­мизнинг онги ва қалбини забт этиши мумкин бўлган турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш заруратини кўрсатмоқ­да.

Маълумки, ҳар бир халқнинг тараққиётга эришувида, аввало, қонун устворлигини таъминлаш ва маънавий бирлашуви муҳим аҳамият касб этган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам қонун устиворлигини таъминлаш, маънавий-маърифий ишларни янада юксак ўринга кўтаришга долзарб вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Чунки ён-атрофимизда юз бераётган ҳодисотлар маънавий-мафкуравий ишлар­нинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш борасида жиддий фикрлашни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларидан бирида: «Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асос­ланган кучли маънавият», – дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон тараққиёти­нинг янги босқичида қонун устворлигини таъминлаш шу билан бирга, фуқароларимизнинг маънавий-мафкуравий салоҳиятини юксалтириш халқимизни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлашувига замин яратади.

Мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши, энг авалло, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Зеро, Конс­титуция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш халқимизнинг юксак маънавий савиясини белгилайди. Маълумки, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган, ориятли, маънавий жасоратга эга одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз бугун мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланган юксак маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни қув­натиб турсин. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, маънавият – халқимиз ор-номусини уйғотувчи беқиёс куч, озодлик, Ватанни севишга ундовчи даъваткор туғёндир. Бугунги замон шиддати ҳар қайси миллат, халқнинг келажакда ўзлигини сақлаб қолиши учун, энг аввало, маънавият масаласига бўладиган таҳдидлардан мунтазам равишда огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, «миллий маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, «чақирилмаган меҳмон» бўлиб хонадо­нимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болала­римизнинг покиза қалби ва онгига кириб келаётганидан ҳам кўз юма олмаймиз». Азалдан маълумки, инсоният тараққиётида қачонки, бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, шу билан бирга, энг долзарб муҳим масалалар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланиши оқибатида маънавий тубанлик иллатлари тобора авж олишини теран англаш лозим.  

Президентимиз таъбири билан айтганда, «биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз 

томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади».

Мансур МУСАЕВ, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори.