Хусусан, аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда, электрон давлат хизматлари кенгайтирилмоқда, коррупсияга қарши курашиш чоралари кучайтирилмоқда. Бу ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Жамият тараққиёти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши, давлат бошқарувининг самарали фаолият юритиши бевосита қонунларга боғлиқ. Пухта қонунлар қабул қилинган давлатда адолат, тенглик ва ҳуқуқий тартиб қарор топади. Қонун муайян шахс учун эмас, балки кенг доирадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади.
Қонунни маърифатпарвар олимлар ва мутафаккирлар жамиятда адолат, тартиб ва инсон эркинлигини таъминловчи асосий восита сифатида баҳолаганлар. Жумладан, Абу Наср Форобий қонунни фозил одамлар жамиятини барпо этишнинг асосий шарти деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, адолатли қонунлар инсонларни эзгуликка етаклайди ва жамият тинчлигини таъминлайди.
Абу Райҳон Беруний қонун ва адолат давлат мустаҳкамлигининг асоси эканини таъкидлаган.
У жамиятдаги барқарорлик қонунларга амал қилиш билан боғлиқ деб ҳисоблаган. Алишер Навоий адолат ва қонун устуворлигини давлат бошқарувининг энг муҳим тамойили сифатида кўрсатган. Унинг асарларида подшоҳнинг асосий вазифаси халққа адолат билан муносабатда бўлиш экани таъкидланади.
Франсуз файласуфи Шарл Луи Монтескё қонунни инсон эркинлигининг кафолати деб таърифлаган. Унингча, қонунлар адолатга асослангандагина жамият тараққий этади. Жан-Жак Руссо қонун халқ иродасининг ифодаси бўлиши кераклигини айтган.
Қонун олдида барча тенг бўлади. У адолацизлик ва зўравонликнинг олдини олишга хизмат қилади. Қонун жиноий қилмиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгилайди. Бу эса одамларни қонунга риоя қилишга ундайди. Ҳуқуқий маданиятнинг юксалиши айнан қонун устуворлигига таянади. Чунки фуқаролар қонунларга ҳурмат руҳида тарбияланмаса, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият шаклланмайди.
Ҳуқуқий маданият – инсонларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуқий онги, қонунларга итоаткорлиги ва ҳуқуқий фаоллиги йиғиндисидир. Юксак ҳуқуқий маданиятга эга жамиятда фуқаролар қонунларга ихтиёрий равишда амал қилади, ҳуқуқбузарликлар камаяди ва ижтимоий барқарорлик таъминланади.
Ҳуқуқий маданият шахснинг ҳуқуқий билимлари, қонунларга муносабати, ҳуқуқ ва мажбуриятларни англаши ҳамда уларга амал қилиш даражасини ифодаласа, қонун устуворлиги эса давлат ва жамият ҳаётида барча учун қонуннинг бир хил амал қилишини англатади. Ушбу икки тушунча ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бири иккинчисининг ривожланишига хизмат қилади.
Қонун устуворлиги – давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг қонунларга қатъий риоя қилиши демакдир. Бу тамойил демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Агар жамиятда қонун устувор бўлса, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини яхши англайди ва бошқаларнинг ҳуқуқларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлади, ҳуқуқий маданият билан яшашга ҳаракат қилади.
Ҳақиқатан ҳам, қонун устуворлиги таъминланган давлатда демократик қадриятлар қарор топади ва мустаҳкам бошқарув амалда бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир», – деб таъкидлаганлар.
Жамиятда қонун нормаларининг устуворлигини таъминлашнинг энг асосий шартларидан бири бу – мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимли бўлишидир. Уларнинг ҳуқуқий билим даражаси бир томондан қабул қилинадиган қонун ҳужжатларининг сифатига таъсир кўрсаца, иккинчи томондан қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва ишончли ижросини таъминлашга олиб келади.
Биринчидан, қонун барча учун тенг қўлланилганда, фуқароларда адолатга ишонч пайдо бўлади. Бу эса қонунларга ҳурматни кучайтиради.
Иккинчидан, давлат органлари ва мансабдор шахслар қонун асосида иш юрица, аҳолининг ҳуқуқий фаоллиги ошади. Аксинча, қонунларга амал қилинмаса ёки улар паст даражада қўлланилса, ҳуқуқий нигилизм, яъни саводсизлик келиб чиқади.
Учинчидан, қонун устуворлиги таълим ва ҳуқуқий тарбия орқали ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга хизмат қилади.
Тўртинчидан, қонун устуворлиги инсонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашга ёрдам беради. Натижада фуқаролар нафақат ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки жамият олдидаги масъулиятини ҳам ҳис этади.
Хулоса қилиб айтганда, қонун фақат жазо белгилаш воситаси эмас, балки жамият маънавияти ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирувчи воситадир. Қонун жамиятда тартиб, адолат ва барқарорликни таъминлаш учун керак. Қонун ҳар бир давлат ва жамиятнинг асосий таянчи ҳисобланади.
Зеро, инсоннинг бахтли бўлиши, ўзини эркин ва озод ҳис қилиши, ҳаётидан рози бўлиши, ўзи ва фарзандларининг хавфсиз жамиятда
яшаш кафолати айнан қонун устувор бўлган ва ҳуқуқий маданият юксак бўлган жойдагина таъминланади.
Бобоқул Тошев,
юридик фанлар доктори,
профессор.
