«Замонавий» ижро

... «Мана пулиз, духиззи кўтариб юринг, эээ-ўғил бола», дея қиз йўлига равона бўлди. Ҳожатбарор уста йигит «соғ бўлинг», дейиши биланоқ шўх, ўйноқи оҳанглар жўрлигида «Севги бўлди юракка нагрузка, ишқим тушди бирам баланд қизга, вақтида э-э-йй қанча қизни алдадим, буниси бўлди юракка нагрузка...», дея унинг гўёки севиб қолгани ҳақидаги тарона бошланди. 

Клип воқеалари ривожи қўшиқ сўзлари билан параллел давом этар, хонанда Тошкентга боргани-ю, қанча «талпа»ларда қолгани, ҳатто одам қуригандай ҳалиги қизга шайдо бўлиб қолганидан ўзини аҳмоқ санаб куйлашда давом этаверди. Хуллас, жарангдор мусиқани «сермаъно» ўзбекча-русча қоришиқ сўзлар, клипни «замонавий» ижрога «сингиб кетган» чуқур «мазмун» тўлдирарди. 

Шу ўринда хонанданинг, клип қаҳрамонларини жонлантирган «юлдуз»ларнинг ижрочилик маҳорати алоҳида мавзулигини таъкидлашимиз керак. Афсус, кейинги вақтларда бундай «ижод намуналари» бемаза қовуннинг уруғидек тобора кўпайиб бормоқда. Баъзан уларни тинглаб, томоша қилганда, қўшиқчилигимиз хийла издан чиқиб кетмаяптимикин, деб ўйлаб қоласан, киши. Бундай қўшиқлар замона зайли билан бугун ёшларнинг кайфиятига мос бўлиши мумкин. Аммо уларнинг маънавиятига нима беради? Ташвишлиси, айни пайтда енгил-элпи, миллий менталитетимизга ёт бўлган, ўта маиший, бачканаликларга тўла клип ва қўшиқларга мухлислар аудиторияси ҳам шаклланиб улгурди, ҳатто тобора кенгайиб бормоқда. 

Яна бир жиҳат: бундай «йўналиш»га ҳавасманд бўлиб, санъат оламига кириб келаётган ёш ижрочилар икки-уч қўшиғи билан гўёки, санъат ривожига «муносиб ҳисса» қўшиб қўйгандек, ўзларини «юлдуз» санаётганига нима дейсиз? Уларнинг дадил фикрларига-чи? Агар ижрочиликдаги «замонавийлашув» шу таҳлит давом эца, ўзбек қўшиқчилик санъатининг эртаси қандай бўларкин-а?.. 

Маъно-мазмун қани?

Яна бир мисол: «Учради манга так красависа, вай буни лаблари манга улибаэця, фигуралари чўткий, вай-дод красата, жоничкам моя блаттатта...» Бу қўшиқнинг ижрочиси кимлиги муҳиммас, аммо у ижтимоий тармоқларда нафақат ўзимизнинг, балки миллионлаб хорижлик тингловчиларнинг эътиборига тушди. Замонавий ёндашув, ўзига хос ижро, хўп майли, бунисига қаршилигимиз йўқ, бироқ миллионлаб тингловчилар қўшиқ матни тили, мазмуни билан қизиқдимикин? 

Тўғри, санъат миллат танламайди. Лекин бу хоҳлаган тилдан хоҳлаган сўзни қофияга мослаб, қўшиқ яратиш дегани эмас-ку, ахир. Ҳар бир гапда маъно, мазмун, ишда мантиқ бўлиши керак эмасми? Ҳа, айтганча, ана шундай «иқтидор» эгаларини тижорий телерадиоканаллар «эстрадамиз юлдузи», дея эътироф этиши ҳам бор гап. 

Чумчуқ сўйса ҳам...

«Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин» деган мақол бежиз айтилмаган. Аммо бугун бошловчилар, актёрларни қўя турайлик, блогерлардан тортиб вайнерларнинг қўшиқ куйлаши, клипларда кўриниш беришига ўрганиб қолдик. Матн, куй, ижро, аниқроғи, уч муҳим жиҳат бир ижодкорга тегишли экани ҳам бор гап. Ҳар бир соҳада профессионаллик нуқтаи назари борлигини инобатга олсак, юзаки санъат «асар»ларини вақт шамоли учириб, унуттириши ҳам очиқ ва аччиқ ҳақиқат. Чунки ундаги моҳият, мазмун худди пуч ёнғоққа ўхшайди-да. Уни чақсангиз ичи пуч... 

Кўнгилда кўз очган ташаббуслар ҳар доим, ҳар жиҳатдан тўкис бўлмаслиги мумкин. Бунда таҳлил эртанги кун, келажак мевасидир. Демак, бугун қўшиқчилик санъатидаги «замонавийлашув»га қоришиқ (агар таъбир жоиз бўлса, албатта) тароналарни бир қур назар солиб, жиддий таҳлил қилиш керак. Акс ҳолда, бачкана, ўта майдалашиб кетган маиший мавзулар қўшиқ сўзларига, саҳнага, экранга кўчаверади.

Демоқчимизки...

Ярашган кийим инсонга зеб, дейишади. Ярашмагани эса...

Инсоннинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан тортиб касб-кори, бунга санъат ҳам киради, албатта, унинг қалби, қиёфасида акс этади. Шундай экан, айнан қўшиқчиликдаги замонавий «ёндашув»лар унинг сўзларидек юракка, қулоққа «НАГРУЗКА» бўлмаслиги учун бонг уришимиз шарт. 

Гулноза ТУРҒУНБОЭВА,

ўз мухбиримиз.