Радикал сўзи лотинча «радих» сўзи ўзагидан олинган бўлиб, «илдиз», «туб», «қатъий» деган маъноларни билдиради ва ушбу атама кескин чоралар, ҳаракат ҳамда дастурлар тарафдорлари бўлган инсонлар гуруҳига нисбатан ишлатилади. Бир сўз билан айтганда, радикализм – муайян шахс ёки гуруҳнинг мавжуд ижтимоий, сиё­сий ва маданий ҳолатни тубдан ва муросасиз ўзгартириш истагидан иборат жараёндир.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Европада ушбу атама асосан мўтадил ислоҳотлар тарафдорларига нисбатан қўлланилган. Масалан, Буюк Британияда 1832-йилда «Ислоҳотлар тўғрисидаги билл» қабул қилингандан сўнг, ушбу қонунга қарши чиққан ва ўз мухолифлигини билдирган инсонлар радикалистлар, дея атала бошланган. Кейинроқ эса утилитаризм асосчиларидан бўлган И. Бентам ва унинг издошлари «фалсафий радикаллар» деб аталган. Бугунги ғарбда қатор сўл сиёсий партияларга нисбатан ҳам радикализм тушунчаси қўлланади.

Тарих шунга гувоҳлик берадики, мамлакатлар ҳаётининг бурилиш нуқталарида, иқтисодиётда танглик юз берган ҳолатларда радикализм хавфи кескин авж олади. Аммо радикаллар ҳокимият тепасига келган тақдирда ҳам, уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этмайди. Собиқ шўролар тузуми ўрнида ташкил топган мустақил давлатлар ҳудудида ривожланишнинг дастлабки босқичларида кўплаб радикал оқимлар пайдо бўлганлиги, уларнинг айрим мамлакатларда фуқаролар урушларини келтириб чиқарганлиги сўзимизнинг яққол исботидир. Ушбу даврнинг ўзига хос жиҳати сиёсий радикализмнинг динни ўзига ниқоб қилиб олиши билан намоён бўлди. 

Бугунги куннинг радикализмида эса ижтимоий ҳаётнинг ҳам назарий, ҳам амалий муаммоларини ҳал қилиш­да зўрлик усулидан фойдаланишга мойиллик алоҳида хусусият сифатида шаклланиб улгурди. Яъни, тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин бўлган оддий муаммоларни ечишда радикаллар куч, зўравонликдан фойдаланишга интиладилар. Замонавий радикализмнинг негизи ҳам айнан мана шу ғоя устига қурилган. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда зўрлик усуллари ва воситаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаганлиги учун ҳам радикализм экстремизмнинг назарий манбайи бўлиб қолмоқда. Шу боис бугунги кун ахборот воситаларида «экстремистик оқим тарафдорлари», «террористик акт», «ақидапарастлик ғоясига йўғрилган» каби жумлалар қаторида «диний радикализм» атамасини ҳам тез-тез эшитиш одатий тусга айланиб қолди.

Диний радикализмнинг мазмун-моҳияти радикализмнинг бошқа кўринишлари каби ўзига мос келмайдиган бошқа ҳар қандай оқим ва қарашларга нисбатан муросасизликда, жамият тараққиётига зид, ғайриинсоний ғоя ва қарашларни илгари суришда намоён бўлади. Бунда шахс ўз диний эътиқодини ҳақ деб билиб, ўзгача эътиқодий қарашлар ва фикрларга муросасиз ва кескинлик асосида ёндашади ҳамда уларни зўрлик йўли билан ўзгартириш тарафдорига айланади. Бу кўпинча жамиятда мавжуд турли диний конфессияларга кескинлик билан ёндашиш, бир дин доирасидаги ўзга мазҳаб ёки қарашларни муросасиз инкор этиш ҳамда уларни рақиб сифатида қабул қилишда кўринади.

Экстремизм томон етаклайдиган радикализм хавфли вирусга ўхшайди. Ўта хавфли, кўринмас хусусиятга эга бўлган бу вирусга чалинган ота боласини, ўқитувчи шогирдини, ўқувчи ва талабалар эса ўз дўстлари ва тенгқурларини ҳам хаста қилади. Шу тарзда маънавий низомларга бўйсунишни истамаган, ўзгача фикрловчи ва кескинликни хоҳловчи шахслар оммаси вужудга келади.

Шовинистик руҳдаги радикализм тушунчаси аслида фақатгина диний кўринишдан иборат эмас, умуман олганда, у чегара билмайди. Баъзан у биргина шахсни, инсонлар қатламини ёхуд бир миллатни бошқаларидан устун қўйишда ҳам намоён бўлади. 

Психологларнинг таъкидлашича бугунги кунда радикаллашув жараёнининг кескин ривожланиб боришига ёшлардаги тажрибасизлик, ҳиссиётга таяниб иш юритиш туйғусининг мавжудлиги, ташқи таъсир натижасида руҳий ҳолатдаги ўзгарувчанлик; руҳий тушкунликка тез тушиш ва руҳий зарбаларга чидамсизлик; яқинлар эътиборидан бутунлай четда қолиш; ўта қизиқувчанлик ҳамда ахборотларни тўлақонли таҳлил қилмаслик, ишонув­чанлик каби бир қатор омиллар асосий сабаб бўлмоқда. Жумладан, радикал ва экстремистик ғояларни тарғиб қилганлиги натижасида жавобгарликка тортилган бир гуруҳ шахслар билан олиб борилган суҳбат давомида уларнинг аксарияти: диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш; ишонувчанлик ҳисси; бирданига ва ҳамма нарса (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва бошқалар)га эга бўлишга ҳаракат қилиш; қолаверса, оиладаги моддий қийинчилик ва етишмовчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик, сиёсатдан норозилик каби қатор ижтимоий ҳолатлар уларни ушбу мафкура томон етаклаганлигини таъкидлаб ўтганлар.

Бинобарин, бу каби радикал ғояларнинг таъсирига тушиб қолган ёшлар ўз оила аъзолари, яқинлари, маҳалла, кўча-кўйдаги тенгдошларини ҳам мутаассиб шахсга айлантирадилар ёхуд камида бир маротаба бўлсин, ушбу шахслар онгига таъсир ўтказишга уриниб кўрадилар. Бу ҳаракат эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Энг ачинарлиси, бу каби муросасиз тенденсияларнинг аксарият қисми бугунги кунда тарғибот тадбирларини амалга ошириш, тарқатмалар тарқатиш ёхуд ҳужраларда ўқитиш кўринишидаги мураккаб усулларда эмас, балки ҳар бир инсон эркин фойдаланиши мумкин бўлган интернет ижтимоий тармоқлари ва турли мессенжерлар орқали олиб борилмоқда. Бу эса уларга қарши курашни янада мураккаблаштирмай қолмайди, албатта.

Давлатимиз раҳбари ҳам ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда МДҲ Аксилтеррор марказининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган қўшма конференсияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида айнан шу масалага тўхталиб, «Сўнгги вақтларда кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда. Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда», дея таъкидладилар ва ушбу муаммонинг ечими сифатида мамлакатимизнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси ўз олдига қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби бир қатор чора-тадбирларни устувор вазифа сифатида белгилаб қўйганлигини жаҳон ҳамжамиятига яна бир бора эслатдилар.

Зеро, дунё мутахассислари ҳам давлатнинг ҳуқуқий, маъмурий жараёнлардаги изчил ислоҳотларни мунтазам олиб боришини, мутаассиб шахсларни радикализм ғоясидан қайтаришнинг энг самарали усули сифатида эътироф этадилар. Олимларнинг фикрига кўра, радикализмнинг олдини олишда кучли давлат ҳокимияти шароитида бу борада аниқ белгиланган дастурларни ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш талаб этилади. Сабаби, ижтимоий ҳолати беқарор ва кучсиз давлатларнинг диний радикализм ўчоғига айланиш таҳдиди доимо юқори бўлади. 

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги шиддатли замонда радикализм, экстремизм ва терроризм каби ғояларга қарши курашни биргина давлат ёхуд қайсидир бир орган миқёсида эмас, балки фуқаролик жамиятининг ҳар бир бўғини, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро миқёсида ташкил этишгина бутун жамиятдаги иммунтизимнинг бир меъёрда ва самарали фаолият юрити­шига имкон беради.

Одилбек УРИНОВ,

ИИВ Академияси тезкор-қидирув

фаолияти кафедраси ўқитувчиси,

капитан.