Илгари риштонлик кулоллар ўз уйида, тор устахоналарда ишларди. Туманга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар учун эса шарт-шароит деярли йўқ эди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаб­буси билан Риштонда Халқаро ҳунармандчилик маркази ташкил этилди.

Марказда 

20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари шохобчалари барпо этилган. Биринчи қаватда уста­хона ва савдо дўконлари жойлашган, иккинчи қаватда эса ҳунармандлар оиласи яшайди. Марказ фойдаланишга топширилиши билан 250 га яқин иш ўрни яратилди. 

– Риштон кулолчилиги минг йиллик тарихга эга. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу ҳунарни 12 ёшимдан ўрга­нишни бошлаганман, – дейди Ўзбекистон халқ устаси, машҳур кулол Алишер Назиров. – Президентимиз ташаббуси билан барча қулайликларга эга Халқаро кулолчилик марказининг ташкил этилиши нафақат бизни бир жойга жамлади, балки анъанавий кулолчилик сир-асрорларини ўрга­ниш, йўқолиб кетган турларини тиклаш, ўзаро таж­риба алма­шиш, бир сўз билан айтганда, Риштон анъанавий кулолчилигини ривожлантиришга туртки бўлди. Ҳозирда 140 нафардан ортиқ шогирдим бор. 

Моҳир кулолнинг айтишича, айни пайтда марказ­да 20 нафар кулолчилик шажараси вакиллари фаолият юритмоқ­да. Ҳар бир устанинг ўз касб сирлари, идиш ясаш усуллари бор. Риштон кулолчилигининг ўзига хослиги – бу маҳаллий ўтлардан сир тайёрлашдир. Бунда кимёвий воситалардан фойдаланилмайди.

Жорий йилнинг 22-сентабр куни марказ катта халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Қўқон шаҳрида ўтказилаётган ИИ Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида Риштонда И Халқаро кулоллар форуми бўлиб ўтди.

Унда хорижлик ва маҳаллий кулоллар ўзлари ясаган маҳсулотларни намойиш этишди. Турли мамлакатлардан келган ҳунармандлар ва мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.

– Риштон кулолчилиги мени жуда ҳайратга солди, – дейди эронлик ҳунарманд Заҳра Асллани. – Бу ердаги усталарнинг нозик сир-асрорларини ўрганиш билан бирга, улар билан доимий ҳамкорлик қилиш, ўзбек кулолчилиги усулларини Эронда ҳам қўллаш, оммалашти­риш борасида маслаҳатлашиб олдим.

Риштон туманида ушбу марказдан ташқари яна 

3 та кулолчиликка ихтисослашган ҳунармандлар марказлари барпо этилган, 2 та кулолчилик маҳалласи ташкил топган. Бу эса кўп йиллардан буён асраб-авайланиб, ардоқланиб келинаётган кулолчилик ҳунарининг умри янада боқий бўлишидан дарак беради.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.