Маънавият ва маърифат дарси
(27-март – Халқаро театр куни)
Театр милоддан аввалги В асрда Юнонистонда пайдо бўлган. Унинг соф томоша шаклида кўриниши дастлаб қадимги Шарқда юз берган. Ҳиндистон, Марказий Осиё, Хитой, Индонезия, Япония, Корея, Бирма, Ветнамда театр томошаларининг хилма-хил шакллари яратилган.
Театр санъатининг турлари кўп. Булар – драма театри, опера, балет, мусиқали драма, мусиқали комедия, оперетта, ёш томошабинлар театри, қўғирчоқ театри, радио театр, телевизион театр, эстрада театри, майдон театридир. Театр асарларининг асосий жанрлари: драма, трагедия, комедия. 1576-йилда актёр Жеймс Бербиж саҳна намойишлари учун махсус биринчи бинони қурган. У шунчаки «театр» деб номланган. Кўп ўтмай бошқа театрлар қурилган, улар орасида «Глобус» театри ҳам бўлиб, у ерда Шекспирнинг кўплаб песалари саҳналаштирилган.
Томошабинлар саҳнанинг олди ёки атрофидаги чуқурда тик турган ёки кабиналарда ўтирган. Бизнинг замонавий театримиз ўша дастлабки инглиз театрларидан келиб чиққан. Айниқса, Римда театрнинг янги шакл ва турлари яратилди. Ғарбий Европада театр санъатининг дастлабки намуналари сайёр актёрлар, жонглёрлар ижодида, Россияда скоморохлар фаолиятида юзага келган.
Уйғониш даврида вужудга келган драма янги шаклдаги профессионал турнинг шаклланишига замин яратди. ХВИ асрдан опера, ХВИИИ аср ўрталаридан балет, ХИХ аср ўрталаридан оперетта мустақил театр тури сифатида ривожлана бошлади. Театрнинг кейинги тараққиёти классицизмнинг кенг ёйилиши билан боғлиқ.
ХВИИИ асрда маърифатчилик оқимидаги театр тараққий этди. Айнан ўша даврда у ғоявий ва бадиий курашлар майдонига айланди. Амир Темур давлати даврида театр санъатида кескин юксалиш рўй берди. Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Клавихоларнинг маълумотларича, бу даврда пойтахт – Самарқандда ва бошқа нуфузли шаҳарларда театрлашган томошалар уюштирилган. Анъанавий театр ва бошқа санъат томошалари, айниқса, Мирзо Улуғбек даврида Мовароуннаҳрда, Ҳусайн Бойқаро даврида Хуросонда тараққий топди.
Театр ҳар бир даврда, ҳаётий сабоқлар берувчи жонли восита ҳисобланган. Инсон маънавияти юксалишида ҳам унинг ўрни бўлакча. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий «Театр – бу ибратхонадир» деб бежиз таъкидламаган. Дарҳақиқат, театр ибрат ва маънавият маскани. Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда ҳам унинг салмоқли роли бор.
Яъни, у инсонга ҳаётий сабоқ беради. Бинобарин, жойларда ёшларни театрларга кўпроқ жалб қилиш, замон қаҳрамони образи акс этган спектаклларни кўпроқ яратиш, қолаверса, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг аянчли оқибатларини келажагимиз соҳибларига саҳна асарлари орқали етказишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Негаки, ҳамма ёшлар ҳам қонунчилик нормаларини ўқиш ёки эшитиш билан қайсидир ноқонуний хатти-ҳаракатнинг моҳиятини теран англамаслиги мумкин.
Аммо реал воқеаларга асосланган спектаклларда илгари сурилган ғоялар нафақат ёшлар, балки катталарнинг ҳам қалб тубига етиб боради. Беҳбудийнинг фикрича, маърифат учун фақат мактаб кифоя қилмайди. Миллат учун ойна керак, токи унда ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин. Мана шу ҳақиқат уни театр ташкил этиш, улар учун асарлар яратишга ундаган. Ўзбек драматургиясининг илк намуналаридан бири саналган «Падаркуш» асари шу туфайли юзага келган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, театримиз ҳаётида ҳам янги давр бошланди. Истиқлол туфайли миллий меросга таяниб ижод қилиш, миллий қадриятлар, анъаналарни тиклашга интилиш жиддий тус олди. Бу даврда ўзбек театрида илғор тенденсиялар, ижодий изланишлар кўзга ташланади. Масалан, театрлар репертуарида тарихий мавзунинг салмоғи ошди. Буюк аждодларимиз – алломалар, шоирлар, давлат арбоблари, лашкарбошиларнинг ҳаёти ва тараққиёт учун курашини ёритувчи ўнлаб саҳна асарлари яратилди. Саҳналарда шўролар даврида ҳатто тилга олиш ман этилган Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Имом ал-Бухорий каби алломалар ҳаётини ёритувчи саҳна асарлари вужудга келиб, давримиз томошабинлари маънавиятини бойитди, тарихга нисбатан қарашларни ўзгартирди.
Айниқса, Амир Темур ва темурийлар ҳақида яратилган 20 га яқин саҳна асарлари маънавий ва маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Ўзбекистонда ўтказилган «Шарқ ва Ғарб» театр санъати фестивали, «Ҳумо» халқаро ёшлар театрлари фестивали, «Наврўз», «Андижон баҳори» республика театр фестиваллари, қўғирчоқ театрлари фестиваллари театр санъатининг янги ижтимоий шароитда ривожланишида муҳим рол ўйнамоқда. Ўзбек театри жамоалари дунёдаги бир қатор мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек театр санъати ютуқларини намойиш этишмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, театр ҳар бир инсонга ҳаётий сабоқлар берувчи жонли воситадир. Театрдан маданий ҳордиқ чиқариш учунгина эмас, ундаги намойиш этиладиган спектаклларни томоша қилиб, инсон жамиятдаги воқеликларни, кечинмаларни теран англаши мумкин. Шиддат билан тараққий этаётган техника ва инновациялар замонида исталган кино, сериал ёки спектаклни ижтимоий тармоқлар орқали топиб томоша қилиш мумкиндир. Аммо театрга бориб, саҳна асари руҳини, унда мужассам ғоялар нафасини ҳис қилиб жонли томоша қилишнинг завқи ҳам, маънавий фойдаси ҳам ўзгача. Зеро, театр – тарбия маскани, маънавият ўчоғидир.
ТЕАТР ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР
Театрларнинг рамзи ҳисобланган махсус ниқоб шахсни яшириш учун мўлжалланган. Қадим замонлардан бери ниқоблар театр анъаналарида муҳим рол ўйнаган. Улардан фойдаланиш ҳозирги кунгача давом этди.
1961-йилда УНЕСCО қошидаги Халқаро театр институтининг ИХ Конгресси делегатлари ташаббуси билан 27-март – Халқаро театр куни деб эълон қилинган.
Австрия дунёдаги энг кичик театри билан машҳур. У оддийгина «Кремл ҳовлиси» деб аталади. Унинг саҳна ўлчамлари 1,3 квадрат метрга тенг. Спектаклга фақат саккиз киши ташриф буюриши мумкин, холос. Айтиш жоизки, у Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Дунёдаги энг катта театр эса «Сувдаги марварид» деб номланади. У 2007-йили Пекинда қурилган.
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
