Маънавият ва маърифат дарси
Соғлом инсонда эртанги кунга ишонч, яратиш, яшаш, яшаганда ҳам мазмунли яшаш истаги, иштиёқи кучли бўлади. Саломатликни асраб-авайлаш, аввало, ҳар биримизнинг ўз қўлимизда, қолаверса, бу кишилик жамиятида ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда тани сиҳатлик энг муҳим омилдир.
Саломатлик сари илк қадам соғлом турмуш тарзига амал қилишдан бошланади. Бунда, биринчи навбатда, инсон турли касалликларга чалинмасликка ҳаракат қилиши жоиз. Бизнинг серқуёш, йилнинг тўрт фасли ўз ўрнида алмашиниб турадиган, табиати мўтадил юртимизда ўзига эътибор қилган инсонларнинг саломатлигидан шикояти бўлмайди. Қолаверса, ҳар бир инсон ўз саломатлигининг энг биринчи «тансоқчи»си. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди. Яъни, инсон соғлиғининг 50–55 фоизи турмуш тарзига, 20 фоизи ташқи муҳитга ва 18–20 фоизи наслга боғлиқ бўлиб, тиббиётга алоқадор жиҳат 8–10 фоизни ташкил этаркан.
Биламизки, саломатликнинг «олтин қоида»си тўғри овқатланиш, шахсий гигиенага амал қилиш, спорт билан шуғулланиш, турли зарарли одатлардан воз кечишдан иборат. Бу қоидалар бебаҳо неъматни асраш ва узоқ умр кўриш кафолатидир.
Тилимизга «У унча-бунча касалга енгиладиган эмас, илиги тўқ» деган ибора сингиб кетган. Бунда айнан сиҳат-саломатлик учун муҳим жиҳат, яъни сифатли ва тўғри овқатланиш организмга куч-қувват бағишлаши билан бир қаторда, касалликка қарши курашишга астойдил ҳаракат қилиш кераклигига урғу берилади. Тўғри овқатланиш тартиб-қоидалари, таом сифати, меъёри илмий жиҳатдан мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, такомилга эришган соҳа. Бироқ организмга тетиклик бағишловчи егулик танада янги касаллик келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини назардан четда қолдирмаслик керак.
Инсон ҳаёти давомида шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши керак. Узоққа бормайлик, дунё тиббиётини ўйлантирган коронавирус пандемиясида ҳам шахсий гигиена масаласи касаллик юқишидан сақланишнинг бирламчи усули сифатида тан олинди. Тиббиётда тўлалигича ўрганилмаган касалликдан сақланишда қўлларни совунлаб ювиш, ижтимоий масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш, ниқоб билан ҳимояланиш ўз самарасини берди. Аслида ҳар қандай касалликдан ҳимояланишда булар биз учун муҳим эҳтиёткорлик чораларидир.
Жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланган инсон ҳам жисмонан, ҳам руҳан тетик бўлади. Чунки ҳар бир бажарилган жисмоний машқ бу – ҳаракат демакдир. Инсоннинг кундалик турмуши эса бир-бирига уланиб кетган ҳаракатлар кетма-кетлигига ўхшайди. Аммо бунда меҳнат қилиш жараёни билан спорт машғулотларининг организмга таъсири жиҳатдан фарқли томонлари борлигини унутмаслигимиз керак. Чунки орамизда «Мен кун бўйи тинмай ишладим, спорт билан шуғулланишим шартми?», дегувчилар ҳам топилади. Аммо биргина жисмоний машқ организмга куни бўйи бажарилган меҳнатдан фойдали бўлиши мумкин. Чунки бу машқлар организм фаолиятини тўғри йўлга қўйиш орқали инсонни соғлом ҳаётга қайтариш жиҳатдан ўрганиб чиқилган.
Улуғ табиб, қомусий олим Абу Али ибн Сино «Ўз вақтида меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди. Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян тартибга риоя қилмоқ шарт. Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро, ҳаракациз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади», деб инсон саломатлиги учун бадантарбиянинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб ўтган.
Кундалик турмушда инсон саломатлигига зарарли одатлар – сигарета чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, гиёҳвандлик моддалар истеъмол қилиш ва бошқалар ҳам жиддий хавф солишини доимо ёдда тутишимиз керак. Агар кузатадиган бўлсак, айнан шу иллатлар ҳар йили қанча-қанча одамларнинг ҳаётини издан чиқариб, кимларнингдир ҳаётига зомин бўлади. Бу борадаги статистик маълумотлар таҳлилига чуқурлашганимиз сайин уларнинг қамрови кенгайиб бораверади. Улар келтириб чиқараётган ногиронлик, сурункали касалликлар, хавфли хасталиклардан юрагимиз увишади. Бунинг асосий сабабларида, минг афсуски, яна ўзимиз, инсон омили биринчи ўринга чиқади.
Биз инсон қадри, унинг саломатлиги ҳамиша эътибор ва ғамхўрликда бўлган жамиятда яшаяпмиз. Бугун юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий маданиятни шакллантиришдек мақсад мужассам. Агар тарихга назар ташласак, бугунги тиббиётда енгил касалликлар сирасига кирадиган хасталиклардан ўша даврларда қанча-қанча одамлар нобуд бўлган. Бугун тиббиёт тез суръатларда ривожланмоқда, давоси бўлмаган дарднинг ўзи йўқ. Қолаверса, замонавий тиббий аппаратлар ёрдамида оғир касалликларга ҳам тўғри ташхис қўйилиб, муолажа омилкорликда ташкил этилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда юрак, буйрак, жигар соҳасидаги ўта нозик ва қийин жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Авваллари бу каби жараёнлар хорижда катта маблағ эвазига амалга оширилар эди.
Тиббиёт соҳасидаги изланишлар билан бир қаторда, юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида турли
оммавий тадбирлар ўтказилиши ҳам анъанага кириб улгурди. Кенг жамоатчилик иштирокида «Спортни сев, спорт билан яша!», «Саломатлик учун беш минг қадам», «Спортчи оила» каби мусобақалар, турли оммавий марафонлар ташкил этилаётгани шулар жумласидандир.
Тиббиёт соҳасида мактаб яратган қомусий олим И. Павловнинг «Инсон – табиатнинг ер юзидаги олий маҳсулидир. Бироқ табиат яратган мўжизалардан баҳра олмоқ учун инсон соғлом, бақувват ҳамда зукко бўлмоғи зарур», деган таъкидида ҳаётимиздаги бебаҳо неъматга ниҳоятда асосли таъриф берилган. Зеро, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига ва тозаликка риоя қилиш, мунтазам спорт билан шуғулланиш нафақат саломатликни асраб-авайлаш, балки узоқ ва бахтли умр кечириш гаровидир.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
