Маънавият ва маърифат дарси

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд миллий давлатчилигимиз, умуман, жаҳон сивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга манзиллардан биридир. Афсонавий шаҳарнинг узоқ ўтмишни акс эттирган мунаввар кошоналари, қадимий обидалари, муаттар ҳавоси неча асрдирки, дунё аҳлини ўзига ром этиб келади. Шу боис ҳам йилнинг тўрт фаслида бу ердан сайёҳлар қадами узилмайди.

Жорий йил юртимиз мустақиллиги­нинг 31 йиллиги байрами арафасида Самарқанд шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг очи­лиши фикримизнинг ёрқин исботидир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир сал­моқли, зафарли натижа бўлди.

Мажмуанинг лойиҳаси тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа томонидан миллий меъморчилик ва шаҳарсоз­лик тажрибамиз, иқлим шароитимизга мос тарзда пухта ишлаб чиқилган. Йилига икки миллион туристга хизмат қи­ладиган бу кўп тармоқли марказ таркибидан «Боқий шаҳар» мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа обектлар ўрин олган.

Асрлар давомида Хитойнинг қади­мий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган «Буюк ипак йўли» деб ном берилган улкан сав­до йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган. Боқий Самарқанд эса асосий манзиллардан бири бўлган. «Боқий шаҳар» маж­муаси безаклари­да қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган тасвирлардан фойдаланилган бўлиб, бу тарихий лавҳалар ҳар қандай сайёҳни қадимий афсоналар оламига, тарихий обидалар дунёсига олиб киради.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бундан 3–4 йил аввал Самарқанд­га ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони 500 минг нафардан ошмаган. Сўнгги йилларда туризм соҳасидаги қатор масалалар қайта кўриб чиқилди. Хусусан, сайёҳларга виза бериш кескин либераллаштирилди. Аэропортларда навбатлар ва текширишларга барҳам берилди, яшил йўлаклар ташкил этилди. Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди, улар эркин ҳаракатланиши учун ҳамма шароитлар яратилди. Валюта айирбошлашга чекловлар бекор қилинди. Туристик корхоналар учун ижтимоий солиқ ва айланма солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди, ер солиғи ва мол-мулк солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди. Бунинг самараси ўлароқ, охирги йилларда биргина Самарқандга келаётган хорижий ту­ристлар сони 2 баробар кўпайди.

 Шу ўринда яна бир рақамни келтириб ўтиш керак, яъни, юртимизда айни пайтда туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ортиқ. Уларни ўқи­тиш ва касбий маҳоратини янада ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда ушбу билим масканида 6 та давлатдан мингдан зиёд та­лаба-ёшлар таълим олади. Бу ерда 20 мингга яқин нодир адабиётлар ва қўлёзма асарлардан иборат замонавий кутубхона фаолияти йўлга қўйилган.

 

Айтиш жоизки, мамла­катимизда туризмни ривож­лантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш мақсадида Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари, Тошкент шаҳри ички ишлар тузилмаларида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилди.

Жорий йилнинг 19-сентабр куни Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи ту­ризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган видео­селектор йиғилишида Ташқи ишлар вазирлигига «Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» тарғибот кампаниясини ўтказиш, Самарқандга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва элчихоналар олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Сирасини айтганда, юртимизда туризм соҳасини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу тараққиёт, маданият, дўстлик ва ҳамкорлик йўли сифатида дунё ҳамжамияти билан турли соҳалардаги алоқаларни кучайтиришга, мамлакатимизга замонавий илм-фан

ютуқлари, юқори технологиялар, инвестициялар, янги, илғор ғоялар кириб келишига имконият яратиши билан ҳам аҳамиятлидир. Самарқанд­да дунёга юз очган улуғвор мажмуа ҳам Янги Ўзбекистон туризм марказига айланади ва юртбошимиз таъкидлаганидек, «... буюк аждодларимиз бунёд этган муҳта­шам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади».

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.