Хуросон устига қилган фатҳ юришларидан бирида Соҳибқирон форс мамлакатининг пойтахти Шерозни ҳам олади. Бу шаҳарда жаҳонга машҳур форс шоири, Ҳофиз  Шерозий истиқомат қиларди. Шоирнинг:

«Агар кўнглим шод эца, ўшал Шероз жонони, Қаро холига бахш этгум Самарқанд-у Бухорони» сатрлари жаҳонга тарқалиб кетган эди. 

Айтишларича, Амир Темур Шерозда шоирни ўз ҳузурига чақиртиради ва унга ғазаб билан: «Мен ер куррасининг жуда катта қисмини бўйсундирдим ва ўз ҳукуматим ўрнашган қадрдон шаҳарларим Самарқанд-у Бухорони обод қилиш учун топган-тутганимни аямадим, сен эса ҳар икковини бир қизнинг қора холига бериб юбормоқчимисан?» дейди. Шунда Ҳофиз Шерозий қўл қовуштириб туриб: «Аълоҳазрат, шунақа қўли очиқлигимдан ўзингиз кўриб турган гадолик ҳолига тушдим-да», деб жавоб қилади. Бу жавоб соҳибқиронга маъқул бўлади ва шоирга қимматбаҳо совғалар ҳадя қилади. 

Ана шу мисолларнинг ўзи ҳам Амир Темурнинг шеърий иқтидорга эгалиги, шеъриятга, шоирларга, адабиёт аҳлига алоҳида ғамхўрлик кўрсатганидан дарак беради.


Рустам ЖАББОРОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.