Ҳаётда кимдир бирор кишига ёрдам берса, ҳожатини чиқарса ёки биронта эзгу ишни бажарса, халқимиз уни алқаб дуо қилади: «Тарбия берган ота-онангга, таълим берган устозингга раҳмат!» Нақадар улуғ эътироф. Инсон биргина хайрли иши эвазига нафақат ота-онаси, балки устозларига ҳам раҳмат олиб келяпти. Уларни кўкларга кўтаряпти.

Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларга бўлган эътибор давлат миқёсидаги устувор масала даражасига чиқди. Уларни турли ишларга мажбурлаш қатъий тақиқланди. Педагог ходимнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қиладиганлар жарима солиш жазоси билан сийланадиган бўлди. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиладиган бўлса, жарима миқдори ошадиган, шундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахслар ҳатто маъмурий қамоққа олинадиган бўлди. Соҳа вакилларининг шарафли ва масъулиятли хизматини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, пе­дагог ходимларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб борилмоқда.

Шунга мос равишда педагогларнинг масъулиятини ошириш, касбий билим ва салоҳиятини юксалтиришга катта урғу бериляпти. Маълум вақт оралиғида аттестациядан ўтказилиб, тоифа олишнинг йўлга қўйилгани ўқитувчиларнинг сарасини саракка, пучагини пучакка чиқаряпти. Бундан ташқари, ўзига ишонган, соҳанинг ҳақиқий фидойиси бўлган фан ўқитувчилари уч йилда бир марта сертификат олиш учун имтиҳон топшириб, қўшимча устама олишга муваффақ бўлишяпти. Асосийси, бу каби хайрли ишлар эндиликда ўқув юртини бир амаллаб битириб олган, диплом учун «ўқиган» шахсларнинг мактабларда қур ташлаб олишига чек қўймоқда. Билими бўлмаган, номига келиб-кетаётганлар ўз-ўзидан мактабларни тарк этяпти.

Педагог аввало тарбиячи. У юриш-туришида, хатти-ҳаракатида, барча жиҳатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг бир гапи бор: «Насиҳат қиладиган инсон эмас, ўрнак бўладиган инсон бўл!» Ҳақиқий устоз хулқи энг ёмон болани ҳам тўғри йўлга солиб, унинг ҳеч ким пайқамаган иқтидорини кўра олади. Чинакам устоз турли феъл-атвордаги болаларни бир мақсад сари етаклашга қодир. У ўз меҳнати натижаларини шогирдларининг ютуқларида, муваффақиятларида кўради. Бу унинг учун энг катта бахтдир.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» деган эзгу ғоя асосида соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаб­лари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Яқинда мактаб таълимидаги устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз бир гапни алоҳида таъкидладилар: «Энг муҳими, мактабларимизда янгича руҳ, мазмун ва муҳит пайдо бўлди. Бунда, ҳеч шубҳасиз, болалар қалбининг меъмори, муҳандиси бўлган ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар учун эркин ишлаш имкониятини яратиб берганимиз муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Чунки ўқитувчига эътибор – бу аввало фарзандла­римизга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор, дегани. Ўқитувчининг обрўси ошса, мактабнинг обрўси ошади, илмнинг, таълим-тарбиянинг қадри кўтарилади. Шу сабабли ўқитувчи ва ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз».

Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг 2023-йил 11-сентабрда қабул қилинган фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билим ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масаласига устуворлик берилган.

Жумладан, мазкур ҳужжатга кўра, келгусида 1000 нафар тарбиячи ва ўқитувчини хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробарга ошириш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш асосий вазифа сифатида белгиланган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитувчилар обрўсини кўтариш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини ҳам бермоқда. Юзлаб ўқувчилар турли фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб, совриндор бўлишяпти. Эътиборлиси, бу жараёнда шогирдларига билим берган, илм чўққисига етаклаган устозлар ҳам муносиб эътироф этиляпти. Яқинда пойтахтимизда 2022/2023-ўқув йили давомида халқаро ҳамда минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозлари муносиб тақдирлангани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Маросимда 65 нафар совриндор ўқувчи ва уларга таълим берган ўқитув­чиларга бир марталик пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар топширилди. Хусусан, нуфузли халқаро олимпиадаларда ғолиблик­ни қўлга киритган ёшлар 165 миллион сўмлик, ўқитувчилар эса 148 миллион 500 минг сўмлик пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу мактаб таълимига, устозларга берилаётган эътибор натижасидир.

Ҳаётимизни илмсиз тасаввур этиб бўлмайди. Илмга, таълимга катта эътибор берган давлат тараққиётга юз ту­тади. Таълимни эса устозларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, ўқитувчи ва устозлар эъзоз топган жамиятда ривожланиш, фаровонлик бўлади.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

ўз мухбиримиз.