Сўфи Оллоёр 1644-йилда Каттақўрғоннинг Минглар қишлоғида туғилиб, 1724-йилда Олтинсой туманидаги Вахшивор қишлоғида вафот этган. Бухородаги жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган, араб ва форс тилларини ўрганган. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тариқат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган.
Олимнинг «Маслак ул-муттақийн» («Тақводорлар маслаги») асари форсийда назм йўли билан битилган, «Мурод ул-орифин» («Орифлар-донолар муроди») асари эса тасаввуф масаласига бағишланган. «Махсан ул-мутеъин» («Мутеълар хазинаси») асари араб тилидаги фиқҳга оид асар бўлса, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи») туркийда ёзилган. Буюк аждодимиздан, шунингдек, «Қиёматнома», «Муборак ҳаж сафари» каби асар ва панднома руҳидаги шеърлар ҳам мерос бўлиб қолган.
Сўфи Оллоёр 1713-йилда Вахшивор қишлоғида масжид қурдиради. Масжид хонақоҳ, икки томонлама айвон ҳамда қўшимча хоналардан иборат бўлган. Девори синчли пахсадан, томи тўсинли. Хонақоҳдаги меҳроб равоғи анча чуқур бўлиб, унга бўртма чизиқлар қилинган. Айвондаги ва хонақоҳдаги устунлар ўйма рангли нақшлар билан безатилган. Устун ва дераза панжаралари қайта таъмирланган.
Мажмуа ҳовлисида Сўфи Оллоёр даврида экилган тут дарахти ҳамон кўкариб турибди. Зиёратгоҳдаги Қорабулоқ сув ҳавзаси 300 йилдан буён аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
ўз мухбиримиз.
