Маънавият ва маърифат дарси


(Таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг салбий оқибатлари ҳақида)

Бугун шиддаткор тараққиёт замонидаги эврилишларда ўзига хос имкониятлар пайдо бўляпти. Шу билан бирга деярли барча соҳаларга сингиб улгурган ахборот технологияларининг кишилик жамияти учун зарарли жиҳатлари турли муаммоларни келтириб чиқараётганини ҳам тан олишимиз керак. Айниқса, ёшлар ўртасида таваккалчиликка асосланган турли ўйинларга қизиқиш ошиб боряпти. Бу кўплаб кўнгилсиз ҳолатларга, ҳатто фожиаларга сабаб бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Энг хавотирли жиҳати шундаки, бу ўйинлар ёшлар онгини илм олиш, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаш, меҳнат қилишдек тўғри мақсаддан чалғитиб, балки бир зумда бойиб кетаман, осмондан тушган ақчалар ҳисобига «шоҳона» яшайман деган ҳавойи орзулар сари бошламоқда. Бунга эса аксарият таваккалчиликка асосланган ўйинларда пул тикиб, ютуқ олиш имконияти ваъда қилингани сабаб бўлмоқда. Букмекер қиморбозлар ўртасида воситачи, ўртакаш бўлиб кўрингани танганинг бир томони. Аслида танганинг иккинчи томонида у ўйинчининг охирги тийинларигача «қоқиб олиб», алалоқибат молиявий қийинчиликларга дучор қилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сари етакловчидир.

 

Минг афсуски, таваккалчиликка асосланган ўйинларга берилишнинг оқибатида иқтисодий муам­моларга нафақат ўйинчининг ўзи дуч келиши, балки унинг оиласи, яқинлари ва турфа важ­ларига ишониб қарз берганларнинг чув тушиб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар талайгина.

Бу борада сўз юритганда, одамларнинг кутилмаган «ютуқ»қа ўчлиги, айнан шундай ўйинларнинг тарғибот-ташвиқоти, унга иштиёқмандлар сонининг тобора ортиши ва ўйинларга қарамликни келтириб чиқаришини назардан четда қолдирмаслик керак. Бу «реклама ва ютуқлар» инсон ҳаётини изидан чиқариб, уни ҳам руҳий, ҳам иқтисодий муаммолар гирдобига дучор қилиши тайин.

Умр ҳақида гап кетганида вақтнинг қадри мисқолларда ҳам каттариб кўринади. Даставвал қўшимча даромад манбаи бўлиб кўринган ўйинларга «шўнғиб кетиш», кейинчалик ютқазилган пулнинг ўрнини қоплаш мақсадида бой берилган соатлар, кунлар, ҳафталар, ойлар ва ҳатто йилларни ортга қайтаришнинг эса иложи йўқ.

Таваккалчиликка асос­ланган ўйинларга сарфланган ҳар дақиқанинг қиймацизланиши бунда яққол сезилади.

Қолаверса, бу ҳолатлар оқибати инсон руҳиятига жиддий таъсир ўтказиб, би­ринчи навбатда умидсизлик ва ночорлик ҳиссиётларини келтириб чиқаради. Шунингдек, мутахассислар компютер ўйинлари одамларнинг ҳар кунлик режимига айланиши депрессия, мигрен, ичак касалликлари ва стресс билан боғлиқ бошқа муаммоларни юзага келтириши мумкинлигини таъкидлашади.

Ўзаро суҳбатларда пул ҳақида гап кетганида, тилимизда «Пул ўлсин-а, пул. Жигардан бунёд бўлган-да» деган қочирим иборалар бот-бот айланади. Бунда одамларнинг феъл-атворидаги пулга ўчлик билан бир қаторда пулнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри ҳам ифода этилади. Йирик миқдордаги маблағни ютқазиш, йўқотиш инсоннинг ҳузур-ҳаловатини бузади. Мисол учун, таваккалчиликка асосланган ўйинларга берилиб кетганларнинг кўпчилигининг хаёлини пул тикиб, фақат ютиш фикри эгаллаб олади. Айнан шундайларда пул олди-бердиси ёлғончилик, фирибгарлик каби салбий жиҳатлар билан қоришиб, тобора одатий ҳолга айланиб бориши ҳам бор гап.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги бир неча йил ичида глобал миқёсда тотализатор ўйнаш даражаси ошган. Ютган ёки ютқизганларнинг ҳоли ўзига маълум. Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: хўш, тотализатор ўйнаш ва унда ютилган пуллар ҳалолми ёки?..

Таваккал ўйинларга пул тикканларга ютуқ маблағини ўша фаолият тури билан шуғулланувчи компания берадими? Йўқ, албатта. Бу маблағлар кимларнингдир мағлубияти ҳисобидан қопланишини яхши биламиз. Ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйин эса қимордир.

Муқаддас динимизда инсонлар ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга чиқиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 191-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Жиноят кодексининг 278-моддасида эса қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Ички ишлар органлари ходимларининг таваккалчиликка асосланган ўйинларга берилиб кетишининг олдини олиш мақсадида бунинг нохуш оқибатлари ҳақида улар ўртасида атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Зотан, гапнинг сирасини айтганда, ҳар қандай кўринишдаги қимор ўйинлари шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, хизмат самарадорлигига путур етказиши шубҳасиз.

Доно халқимиз тилидаги «Бировнинг ҳақи буюрмайди», «Ҳалолликда барака бор», «Текин пишлоқ қопқонда бўлади», «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» сингари нақллар ҳаёт чиғириқларида эланиб-эланиб, барчани бирдек тўғриликка, ҳалолликка, эзгу амалларга чорлайди. Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўйнаб бойиб кетганларни ҳеч ким билмайди, афсуски, хонавайрон бўлганлар ҳақида кўп эшитамиз. Аксинча, бундай ўйинларда кўп миқдордаги пулини ютқазиб қўйиб, охир-оқибат ўз жонига қасд қилаётганлар ёки жиноят кўчасига кириб қолаётганлар бор. Бундайларнинг тақдири турмуш фаровонлигининг тилсими ҳалол меҳнатда эканлигидан сабоқ беради.


Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.