Бир куни падари бузрукворимиз — Амир Тарағой баҳодир кўп қўйларни менга бериб, Самарқанд бозорига савдога йўлладилар. Қўйларнинг ҳаммасини минг олтинга сотиб, пулларни белга боғлаб сайр қилиб юрур эдим. Бир ерда хушовоз қаландар одамларга сўзлаб турғон экан: қўлида қоғоз — шеър битилган, у дер эди:

— Шул ёзувнинг қадрига етиб, ким минг олтунга олса, дунёнинг охирига етади…

Ҳимматим жўшиб, минг олтунни қаландарга тутқаздим. У менга тикилиб турди-да, сўнг насл-насабимни сўради. Айтдим. Сўнг тайин қилди:

— Отанг олдига боргил, буни отанг олдида ўқи, борғунча очма…

Қоғозни келтириб, падари бузрукворга бердим. Очиб ўқидилар. Форсча рубоий экан — маъноси қуйидагича: зулм билан дунёда ном қолдириб бўлмайди. Жамшид, Сулаймон, Искандарлар ўлиб кетди, навбат сенга ҳам етиши тайин. Дунёга келдингми яхшилик билан ном қолдир…

Рубоийнинг муаллифи — ўшал қаландар-аллома шоир Қамол Хўжандий эркан. Ул зотни падари бузрукворимиз кўп ҳурмат қилар эрканлар.

— Баракалло, ўғлим, кўп доно ишга олтунларни сарф этибсан. Энди, минг олтунға олгон ушбу ҳикматга қатъий риоя қилмоқ лозимдур…

Падари бузрукворнинг айтқонларини бош устида тутдим.

* * *

Самарқанд тахтини эгаллаб, азим Мовароуннаҳр бизнинг ҳукмимизга киргач, юртда адолат ўрнатмоққа аҳд этдик. Аркону давлат атрофинда кўп нобакор мардумлар ин қўймоқчи эрди. Инчунин, уларнинг замзамасидан хуноб бўлиб, бир тадбир буюрдим: «Мусаввир келган арзигўйнинг суратин чизиб, менга кирицин. Арзигўйнинг қиёфатига боқиб, қабулимни айтармен…»


Мусаввирлар саройга келганларнинг сувратин чизиб, менга киритишар, арзигўйнинг пешона, бурун, даҳан, кўз ва бошқа сифатларига қараб, унинг мақсад ва феълини олдиндан билиб турардим. Бадфеъл ва хиёнаткорларни қабулимга йўлатмаслик ҳаракатида бўлдим. Бунда пирим — шайх Шамсиддин Паррандадан «Илми қиёфа» — қиёфага қараб баҳо бериш ва олдиндан тақдирни башорат этиш илмини мукаммал эгаллаганлигим ғоят қўл келди.


Иттифоқ, бир арзигўйнинг сувратин келтиришди. Сувратга тикилиб, анинг ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйганин англадим. Қабул буюрмадим. Аммо ул киши мулозимларга зўрлик билан ҳузуримга ғавғо солиб кирди.


— Соҳибқирон,— дерди у киши,— сиз ҳақсиз. Қейинги умримда мен-да кўп қатори ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйдим. Аммо илгари чин кўнгил киши эрдим. Найлайки, замон зайли мени шу куйга солди… Ортиқ чидашим мушкул… Арзим ҳам замона зайлидандур. Файз берувчи суҳбатингдан маҳрум этма!..


Шундан сўнг қабулга изн бердим. Мулозимлар бу кишини хос хонага бошлашди.


Мадина Қаҳҳорова тайёрлади.