Сўз эркинлиги – ҳар кимнинг ўз фикрларини эркин билдириш ҳуқуқи. Сўз эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан биридир. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уларни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ахборот олиш, фойдаланиш, таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти жамиятда инсон юксалишининг асосий шартидир.
Ислоҳотлар жараёнининг очиқ, ошкора кечиши фуқароларнинг эркин қарашлари орқали унда ўз манфаатларини у ёки бу даражада ифода эта билиши кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситаларининг эркин ва холис тарзда воқеаларни ёритишига боғлиқ бўлиб, бу демократиянинг муҳим хусусиятларидан бири, дейиш мумкин.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-моддасида ҳам ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, шунингдек, исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгалиги ўз аксини топди. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш, уларни эркинлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, изчил ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида иштирок этишининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.
Ҳар қандай жамиятда ахборот ҳамиша мамлакат тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий восита бўлиб хизмат қилиб келган. Бу ҳолат, айниқса, шиддатли суръатлар билан ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув замонида ҳар қачонгидан кўра кенг тармоқ ёзди, бинобарин, ҳаётимизнинг бирорта соҳасини
оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Сўз ва ахборот эркинлиги, унинг ошкоралиги, шаффофлиги, ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик принсипларни ҳаётга жорий этиш имконини беради. Давлатимиз ва жамиятимизнинг бу борадаги ёндашуви ҳам айнан шундай: сўз, фикр ва ахборот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президентимиз таъкидлаганидек, «Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби».
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг қонунлар ёрдамида мустаҳкамланиши оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги ва мустақиллигини амалда таъминлаш, уларнинг том маънода «тўртинчи ҳокимият» сифатида шаклланиши учун етарли ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда демократик янгиланишлар жараёнини чуқурлаштириш ва фуқароларнинг эркинликларини таъминлашнинг ғоят муҳим шарти — оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун демократик андозаларни жорий этиш бўйича аниқ ва изчил чораларни амалга оширишдир. Бу борадаги асосий вазифа матбуот, телевидение, радио фаолиятини янада либераллаштириш, уларнинг мустақиллиги, эркинлигини амалда таъминлашдан, оммавий ахборот воситаларини фикрлар ва ғояларни эркин ифода этадиган майдонга айлантиришдан иборат. Бу чоралар натижасида аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки учун кенг миқёсда жалб этилишига эришиш мумкин.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг сўз, фикр эркинлиги таъминланиб, оммавий ахборот воситаларининг роли янада ошиб бормоқда. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, сиёсий жараёнларни бевосита муҳокама қилиш эркинлашди, бу борада давлат идоралари ва халқ ўртасида мулоқот учун ўзига хос кўприк пайдо бўлмоқда. Зеро, сўз эркинлиги принсипига риоя қилиш, холислик, ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни барча учун амалда баробар таъминлашга қаратилган.
Маълумки, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари билан, шунингдек, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб беришга мажбурдир. Ахборот олиш имконияти қонунчилик ҳужжатларини ва тегишли материалларни эълон қилиш ва тарқатиш йўли билан таъминланади.
Юртимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг қонунлар ёрдамида мустаҳкамланиши, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги ва мустақиллигини амалда таъминлаш, уларни том маънода тўртинчи ҳокимият сифатида шаклланиши учун етарли ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда сўз эркинлигига оид қоидалар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принсиплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларда аниқлаштирилган. Ўтган даврда соҳага оид қонунчилик босқичма-босқич такомиллаштирилди ва ахборот соҳасига тегишли бир неча муҳим фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Мазкур меъёрий ҳужжатларнинг асосий мақсади – мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш кафолатларига, ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган.
Ўз навбатида, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги қуйидагича кафолатланган:
«Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракацизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».
Янги Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Мамлакатимизда 1400 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси эркин фаолият юритаётгани ҳамда изчил ривожланиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир. Уларнинг 60 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаси экани айниқса эътиборлидир. Янги давлат телеканаллари, нодавлат телеканаллар фаолияти йўлга қўйилди. Улар фикрлар ва қарашларнинг муҳим жиҳатларини ўзида мужассам этган бўлиб, ҳар бирида мамлакатда кечаётган жараёнларга ўз муносабати ва нуқтайи назари мавжуд.
Бир сўз билан айтганда, сўз, фикр ва ахборот эркинлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, ҳаётбахш ислоҳотлар, аввало, халқимизнинг қарашларидаги янгиланиш жараёнлари ҳамда
онг-у тафаккурининг юксалиши билан уйғун ҳолда олиб борилаётганлиги учун муҳим аҳамият касб этади. Зотан, демократияни, эркин яшашни истаган ҳар қандай жамият учун сўз эркинлиги сув ва ҳаводек зарур.
Азизжон Файзиев,
подполковник.
