Бугунги глобаллашув жараёни ҳар бир инсондан, у давлат хизматчиси ёки оддий одам бўладими, замон талабига жавоб бериши, билим ва малакасини узлуксиз оши­риб боришини тақозо этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, ички ишлар органлари ходимлари учун эса бу икки карра муҳим саналади. Негаки, улар доим халқ орасида бўлади, турфа феъл, турли кайфиятдаги одамлар билан мулоқот қилади. 

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органларида ходимларни халққа яқинлаштириш, эл дарди ва ташвиши билан яшашга, хизмат қилишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш­га қаратилган. 

Тизимда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида жамоатчилик таъсиридан самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор амалий чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Бундай ишларни келгусида янада такомиллаштириш, хизмат интизомини бузишга мойил бўлган ички ишлар органлари ходимларига нисбатан чоралар қўлланилишида жамоатчилик таъсирини кескин ошириш керак. Бу борада зарурий ишлар олиб борилмоқда. 

Соҳа ходими маънавияти юксаклиги бобида кўпчиликка намуна, ибрат бўлишини замон талаб қилмоқда. Давр ҳар биримиздан ўзимизни тинимсиз тафтиш қилиш, ўз устимизда мунтазам ишлаш, фаолиятимизни тўхтовсиз такомиллаштиришни тақозо қилмоқда. Шу боис ходимлардан муомала маданиятига риоя этиш талаб қилинади. Шу ўринда ходимнинг маънавий қиёфаси ҳам муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки ходимнинг маънавияти юксак бўлса, халқ орасида обрў-эътибор қозонади, мансаб поғоналаридан юқори кўтарилади.

Бироқ «Гуруч курмаксиз бўлмайди» деганларидек, соҳа ходимлари орасида нопок, шахсий манфаатини давлат манфаатидан устун қўядиган, фуқаролар билан қўпол муносабатда бўладиган, Касбий маданият ва хизмат интизоми кодексига риоя қилмайдиганлар ҳам йўқ эмас. 

Ички ишлар органлари ходими бўлиш, эгнига хизмат либосини кийиш ҳар кимга ҳам нисиб қилавермайди. Шу маънода ходим ҳеч қачон давлат хизматчиси эканлигини унутмаслиги лозим. Ходимлар фаолиятининг негизи эса адолат ва ҳалолликдир. Айнан адолат ва ҳалоллик тантанаси соҳа вакилларини шарафлайди ва обрўсини оширади. 

Муомала маданияти энг аввало ходимларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. Хуш­муомала ходим деганда, ўз касбини ардоқлайдиган, вазифасини бекаму кўст бажарадиган, маънавий етук, одобли, билимли, тажрибали, ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган, мамлакат ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ва мақсадини теран англаган ҳолда унинг фаол иштирокчиси сифатида ўзини намоён этадиган ходим тушунилади. Ички ишлар органлари хизматига қабул қилинган ёш ходимлардан ушбу кўникмаларни пухта ўзлаштиришлари талаб этилади.

Ҳозирги даврда ички ишлар органларининг ходими кундалик ҳаётда инсоний муносабатларнинг энг мураккаб жараёнларига кириб боради. Халқ манфаатлари ва тақдирлари билан боғлиқ бўлган ўткир можароли вазиятларда ҳакамлик вазифасини адо этади. Шунинг учун унинг касб маданияти адолатпарварлик, ҳалоллик, меҳрибонлик каби олижаноб фазилатларни ўз ичига олади. Ходимларнинг асосий вазифаси жамиятга ёт, ҳуқуқга зид ахлоқсизлик, номаъқулчилик каби иллатларнинг йўлини тўсиш, инсонларнинг ҳуқуқларини, қадр-қимматини, ор-номусини, давлат ва жамиятнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Афсуски, кейинги пайтларда ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларни ҳақорат қилиш, уларнинг хатти-ҳаракатларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш орқали шантаж қилиш ҳолатлари учраб турибди. Интернетда осойишталик посбонларини обрўсизлантириш, нохолис ахборотларни бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари кузатиляпти.

Кўпгина ҳолларда қонун доирасида иш кўраётган ички ишлар органи ходимининг устидан кулиш, унга ўз вазифасини адо этишига тўсқинлик қилиш, куч ишлатиш шулар жумласидандир. Нохолис ахборот тарқатаётганлар нега хизмат вазифасини бажариш пайтида тинчлик учун, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолган ёки жон фидо қилган инсонлар ҳақида гапиришни эп кўришмайди? Ачинарли томони, бундай ҳолатлардан ходимнинг ўзи, яқинлари, оила аъзолари моддий ва маънавий зарар кўриши мумкин. Улар ҳам бир оиланинг боқувчиси, кимнингдир фарзанди, кимнингдир отаси ёки ака-укаси. Бу каби ҳолатлар ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шакллантириш ва тизимда ҳалол ишлаётган минглаб ходимлар меҳнатини пучга чиқариш йўлидаги уринишлардир. 

Дарҳақиқат, ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаш, унинг шукронасини қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шундай экан, зиммамиздаги вазифаларни виждонан бажариш, хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя қилиш, фаолиятимизни танқидий таҳлил асосида қайта кўриб чиқишимиз давр талабидир. Зеро, эл-юртга фидойилик билан хизмат қилиш яхшиликларнинг гултожи ҳисобланади. 

Азизжон ФАЙЗИЕВ, 

подполковник.