Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишига мувофиқ, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилади. Жумладан, «Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат» ғоясини амалга ошириш мақсадида маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади. Давлат функсияларининг катта қисми марказдан босқичма-босқич ҳудудларга ўтказилади. Маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш, уларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш, марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади.

Олий Мажлис фаолияти янада такомиллашиб, парламент томонидан мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Энг муҳими, фуқаролик жамияти институтлари­нинг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун шароитлар яратилади. Жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда уларнинг иштироки кучайтирилади. Сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шунинг учун мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш лозим бўлади.

Иккинчи йўналиш адолат ва қонун устуворлиги халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти эканлигини назарда тутади. Бу эса, ўз навбатида, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигига эри­шиш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтиришни тақозо этади. Хусусан, маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида қайд этилган.

Учинчи йўналиш миллий иқтисодиётни замон талаблари даражасида ривожлантиришни кўзда тутади. Бунинг учун мамлакатдаги мавжуд ресурс ва имкониятлар сафарбар этилади. Пировард натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми ортади. Хусусий сектор рағбатлантирилади, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади. «Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида драйвер соҳаларда кластер тизими ривожлантирилади. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш, буджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий буджетлар­нинг имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан мала­кали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожланти­риш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026-йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш илгари сурилган ҳаётбахш ғоялардан яна биридир. Ҳудудларда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган «Янги Ўзбекистон» массивлари барпо қилинади. «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари изчил давом эттирилади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобил, темирйўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Коррупсияга қарши муро­сасиз кураш давом эттирилиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўришни ҳам ўз ичи­га олади. Аҳоли­нинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарор­ларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиб, фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шаклланти­риш ана шу чоралар сирасига киради.­

Тўртинчи йўналишда сифатли таълим-тарбия масаласи адо­латли ижтимоий сиёсат юритиш ва инсон капиталини ривожланти­ришнинг энг муҳим омили сифатида белгиланган. Ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, 2025-йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг АҚШ долларига етказиш ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол исботидир. Шунингдек, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифати янада яхшиланади. Ҳудудларда Мттлари барпо этилади. Миллий таълим дастури ишлаб чиқилиб, мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказилади.

Бешинчи йўналиш бўйича маънавий ва маърифий соҳаларда кечаётган ислоҳотлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. «Янги Ўзбекистон − маърифатли жамият» консепсияси амалга оширилади. Миллий қадриятлар янада ривожлантирилади. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузи оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш чоралари кўрилади. Муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ғоялари тарғиб этилиб, «Жаҳо­латга қарши − маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш диққат марказида бўлади. Турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланади. Давлат сиёсатида барча миллат ва элат вакилларининг миллий ўзли­гини, она тили ва маданиятини, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилади.

Мазкур йўналишдан аҳоли саломатлигини таъминлаш соҳа­сини янада такомиллаштириш, мақсадли жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топти­риш, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун спорт мактабларини кўпайтириш ва янги спорт обектларини барпо этиш, Олимпия ўйинларига киритилган ҳар бир спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс дастурларни амалга оши­риш каби кўплаб вазифалар ўрин олган. Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш ҳам давлатнинг диққат марказида бўлади. Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, уларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгарти­ришлар киритилади.

Ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва турар жой билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аёллар бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилинади. Шунингдек, қизларни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқа­риш янаям долзарб аҳамият касб этади.

Олтинчи йўналиш иқлим ўзгаришлари, экологик муам­молар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби умумбашарий муаммоларга ечим топиш юзасидан долзарб вазифаларни ўз ичига олган. Орол бўйини экологик инновация­лар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Бмтнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқишни жадаллаштириш шулар жумласидандир. Шу­нингдек, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги конференсияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорлар билан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мўлжалланяпти.

Мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг 

ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш еттинчи йўналишнинг устувор мақсади қилиб белгиланган. Бу эса Ватан ҳимоячиларининг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш, ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, улар­нинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча зарур чора-тадбирларни кўришни назарда тутади.

Прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатлар янада ривожлантирилади. Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кучайтирилади. Яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклашга кўмаклаши­лади. Бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига ёрдам кўрсатилади. Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳалари амалга оширилади. Дунёнинг барча минтақаларидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ва кўп­қиррали алоқалар кенгайтирилади. БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар билан кўп томонлама муносабатлар янги, амалий маъно-мазмун билан бойитилади.