Тарихни ким яратади? Албатта, сиз ва биз. Аммо уни фақат тилларда эмас, балки келажак авлод учун ёзма ҳолда қолдириш зарур. Бунинг учун эса ҳаракат ва етарли маълумотлар керак...
Амир Темур ва темурийлар салтанати дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган. Шу сабабдан ҳам темурийларнинг зафарли юришлари, илм-фан аҳлига кўрсатилган эътибор ва тарих зарварақларидан жой олган бошқа оламшумул воқеалар ҳамон муҳокама этилади.
Мустақиллик бизга тарихимизни холис ва ҳаққоний идрок этиш, номлари унутилишга маҳкум этилган аждодларимиз ҳақида тўлақонли билиш имкониятини қайтарди. Мана шу имконият туфайли тарихимизнинг номаълум саҳифалари ва қатағон этилган боболаримизга бағишлаб асарлар ёзишга кенг йўл очилди.
Берган имкониятлардан фақат истеъдодли ва фидойи олим-у адибларгина эмас, бутун «илмий-ижодий фаолияти» давомида улуғ мутафаккирларимизни, шу жумладан, Амир Темур ва темурийларни қоралаб, уларга қарши курашиб келган олимлик даъвосидаги кимсалар ҳам унумли фойдаланди ва фойдаланишмоқда.
Ҳар биримизнинг азиз Ватанимизга меҳримиз чексиз. Шу буюк меҳр бизни жонажон юртимизни асраб-авайлашга, ҳамжиҳат ва аҳил яшашга, яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга ундаб туради. Президент таъкидлаганидек, «энг муҳими, бугун халқимиз дунёқараши ўзгарган, эзгу мақсадларга эришишга катта ишончи шаклланган. Демак, Тараққиёт стратегиямизда кўзланган мақсадлар ва ундан кейинги қутлуғ марраларни забт этишимизга ҳеч кимда шубҳа йўқ».
Албатта, ҳеч бир халқ ўзлигини англаган ҳолда, миллий маданияти ва қадриятларини асраб-авайламасдан туриб, бошқа халқларнинг қадриятларига ҳурмат билан қарай олмайди. Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлигидадир. Жамият тараққиётининг муайян босқичларида ижтимоий ҳодисаларга муносабат хилма-хил тарзда намоён бўлади. Хусусан, мустақиллигимизнинг биринчи кунидан бошлаб ҳаётимизнинг барча жабҳаларида «қадриятлар», «миллий тикланиш», «миллий онг», «миллий ғурур» «миллий ватанпарварлик» каби атамалар тез-тез ишлатиладиган бўлиб қолди. Бу бежиз эмас, албатта.
Зотан, ғуруримиз, Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббат «Инсон қадри учун» тамойилига асосланади. Президентимиз ибораси билан айтганда, «миллий қадриятларимизда алоҳида ўрин тутадиган авлодлар ўртасидаги анъаналар давомийлигини сақлаш, уруш ва меҳнат фахрийларининг, муҳтарам отахон ва онахонларимизнинг ҳаётини янада мазмунли қилиш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимизга айланмоқда. Шунингдек, биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда азм-у шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз».
Биз ўз тарихимизда ҳеч қачон ҳеч кимга ҳасад, ёвуз ният билан қарамаганмиз ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилишга ҳақлимиз. Лекин бу борада ҳам бизга қарши қаратилган маънавий ва мафкуравий таҳдидлар давом этмоқда. Мафкура соҳасида юрт равнақига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маънавий тажовуз – бу ўзбек миллати тарихини сохталаштириш, турли хил ғайриилмий талқинлар, сиёсий шиорлар билан бизни тарихимиздан, шарафли ўтмишимиздан жудо қилишга уриниш тарзида намоён бўлмоқда. Бундай шароитда барчамиз халқимиз ва юртимизни, мустақилликни асрамоғимиз лозим, бунинг учун эса унинг ҳақиқий тарихини ўрганиш, авайлаб ҳимоялаш лозим.
Қадрлаш дегани – бу асрлар давомида она юртимизни, халқимиз озодлиги ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир. Шу сабаб ҳам маънавиятнинг ажралмас таркибий қисми бўлган тарих фани истиқлол йилларида ўзининг ҳақиқий вазифасини адо этишга – халқнинг ўзлигини англатишга хизмат қилишга киришди.
Тарихий хотирасиз келажак йўқлиги, тарих миллат учун руҳий озиқ эканлиги, айни ҳақиқат. Шу боис ҳаққоний тарихни тиклаш, унинг ривожи учун барча зарурий шарт-шароит, имкониятлар яратилди. Кун тартибига ҳаққоний тарихни бирламчи манбалар асосида яратиш, уни холисона талқин этиш, баҳс-мунозаралар асосида тарихий ҳақиқатни тиклаш вазифаси қўйилди. Тарих ва ҳозирги замон воқеликларига мурожаат қилиш бизнинг ижтимоий тафаккуримиздан ҳаётни идрок этишнинг мавҳум ва ақидапарастлик қолипларини енгиб ўтишни, мустақил фикр юритиш ва содир бўлаётган жараёнларни холисона баҳолай олиш қобилиятини талаб этади. Қотиб қолган эски ақидалардан воз кечиш – тарих ва ўтмишдан воз кечиш дегани эмас. Кечаги ҳаётдан, тарихдан ҳеч қачон воз кечиб бўлмайди. Тарих қандай бўлмасин, биз учун ҳаётдан сабоқ ва хулосалар чиқариш учун хизмат қилади.
Тарихини, ўзлигини англаб етган, қалбига қулоқ солган ҳар бир инсон ўзига, мен бу фоний дунёда нима иш қилдим, яна қандай ишлар қилишга вақтим ва қурбим етади, деган саволни бериши керак. Ана шу савол инсон қалбини тозалайди, уни савобли, эзгу ишларга чорлайди. Хуллас, маънавиятда инсоннинг имон-эътиқоди, ахлоқи, тарих, ҳаёт маъносини қандай тушуниши, ички дунёси намоён бўлади. Ватан, тарих, халқ олдидаги бурчни англаш ҳам юксак маънавият белгисидир.
Маънавий баркамол инсон – ўзининг савобли ишлари билан кечирган ҳаётидан рози кетади. Тарихий қадриятларга, уларни элга қайтариш, танитишга бўлган саъй-ҳаракатлардан кўзда тутилган мақсад шуки, ҳар бир инсон ўз умрини табаррук зотлар кечирган ҳаёт билан таққосларкан, кўнглидан мен ана шу салафларимизга муносиб ворисманми, деган савол ўцин. Улар шу қадар буюк мерос қолдирибди, мендан нима қолади, деган туйғу билан ўз фаолиятини баҳоласин. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, айнан юқоридаги сабабларга кўра, тарихни билиш ва қадрлаш миллий ўзликни англаш ҳамда маънавият юксалиши билан узвий боғлиқ масала ҳисобланади.
Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.
